Ўтган кунларда бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёратчилар Умра зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетган эдилар. Ўзбекистондан Умра амалларини адо этиш ниятида муборак заминга етиб борган фуқароларимиз Маккаи Мукаррамадаги 4 юлдузли Al Kiswah Hotel Towers ва Мадинаи Мунавварадаги 5 юлдузли Pullman Zamzam Madina Hotel меҳмонхоналарига жойлаштирилди.
Мадина шаҳридаги ишчи гуруҳи аъзоси Музаффар Камоловнинг билдиришича, бу йил зиёратчиларимизга Мадинаи мунавварада 5 юлдузли, замонавий ва осмонўпар меҳмонхона ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида бўлмоқда. Ушбу меҳмонхона Масжиди Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашган, зиёратчиларимиз беш маҳал намозларини ушбу табаррук масжидда адо этиш саодатига етишмоқдалар. Айни кунда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Ушбу қўнимгоҳ жуда ҳам ҳашаматли бўлиб, Мадина шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради.
Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.
Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, бир нечта лифтлар ишламоқда. Ҳар бир хонада озода кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтиришлари мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам ҳозирланган.
Ишчи гуруҳи томонидан меҳмонхонада тиббиёт бўлими ва Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, тиббиёт бўлими ҳам керакли ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланган. Шунингдек, зиёратчиларимизга ўзимизнинг ошпазлар томонидан тайёрланган лазиз ва миллий тамоларни тортиқ қилинмоқда.
Бир сўз билан айтган-да, бу йил олдинги йиллардан фарқли ўлароқ зиёратчиларимизга барча шарт-шароитлар ва қулайликлар энг юқори даражада муҳайё қилинган, фақат зиёратчиларимиз у ерга бориб жойлашгач, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, ибодат ҳаловатини тотиб, муҳтарам Президентимиз, халқимиз ва фарзанду аржумандларимиз ҳақига дуои хайрлар қилишлари қолди, бу эса, нақадар улкан бахт!
















Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Истиғфор инсоннинг Аллоҳ таолодан гуноҳларини кечиришини сўраши ва унинг раҳматига юзланишидир. Ислом таълимотида истиғфор нафақат гуноҳларнинг кечирилишига, балки инсон ҳаётида барака, хотиржамлик ва яхшиликлар кўпайишига сабаб бўлувчи амал сифатида таъкидланган.
Бир киши Тобеъинларнинг буюк олимларидан Ҳасан Басрий ҳузурларига келиб: Эй имом! осмондан ёмғир ёғмаяпти, деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг (истиғфор айтинг), – дедилар.
Кейин бошқа бир киши келиб: Хотиним фарзанд кўрмаяпти, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Яна бир киши келиб: ҳаёт қийинчиликларидан, қашшоқликдан шикоят қиламан, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Шунда мажлисдаги кишилардан бири: Ажаб экан, эй имом! Ким қандай ҳожат билан келмасин, ҳаммасига истиғфор айтишни буюряпсиз, – деди.
Ҳасан Басрий бундай жавоб бердилар: Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини ўқимадингизми?
“Бас, Парвардигорингиздан мағфират сўранглар. Албатта, У ўта Мағфиратлидир. Шунда У сизларга осмондан кетма-кет ёмғир ёғдиради. Мол-дунё ва фарзандлар билан мадад беради, сизлар учун боғлар ва анҳорлар ато этади” (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси
Ҳумоюддин Хусниддин ўғлининг таржимаси.