Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Август, 2025   |   11 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:50
Қуёш
05:22
Пешин
12:34
Аср
17:29
Шом
19:39
Хуфтон
21:04
Bismillah
05 Август, 2025, 11 Сафар, 1447

Қайтар дунё

29.10.2018   12381   1 min.
Қайтар дунё

Отасининг ўлимидан бир фурсат ўтиб, иш билан банд  ўғил касалманд кекса онани қариялар уйига топширишга қарор қилди. Ўғил ора-чора онасининг  ҳолидан хабар олиб турди.

Кунлар ўтди. Бир куни қариялар уйидан қўнғироқ қилишди: вазият жиддий - она оғир аҳволда ётибди ўғлига айтадиган сўнгги сўзи бор экан. Ўғил зудлик билан унинг ёнига шошди. Ажал билан курашаётган она темир каравотда ҳолсиз тўлғанар, ўғил сўнгги сўзни эшитмоқ учун унинг лабларига қулоқ тутди. «Ўғлим, сендан сўнгги илтимосим - қариялар уйи хоналарига кондитсионерлар ўрнаттириб берсанг. Қарилик боис совуқ ва иссиқ кунларда жуда қийналдим. Кейин, бу ерга музлатгич ҳам олиб келиб қўй - баъзида тунлар уйқум қочганида бирор нима топа олмай, оч ётиб, қийналдим.

Онанинг ўтинчидан ҳайратда қолган ўғил унга тикилиб қолди. Шунча вақтдан буён бу қийинчиликларга чидаб келиб, оғиз очмасдан, нега умр адоғида ёлвораётганини сўради. «Мен-ку, буларга чидадим, болам! Лекин сендан хавотирдаман. Кун келиб, болаларинг сени бу ерга ташлаб кетишса, сенинг ҳолинг нима кечади, болажоним?!» деб жавоб қайтарди онаизор. 

 

Одилжон Нарзуллаев 

Зангиота туман “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби.

 

 

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Аллоҳни севинг!

04.08.2025   1853   2 min.
Аллоҳни севинг!

Одамлардан бири Зуннундан “Кимни дўст тутай?” – деб сўради. У: “Касал бўлсанг шифо берадиган, гуноҳга қўл урсанг уни кечириб юборадиган, сўрасанг берадиган ва унинг ёрдамига муҳтож бўлсанг сенга ёрдам берадиган Зотни дўст тут!” – деди.

Аллоҳ таолодан ўзга дўст борми?! Саждага борган пайтингиз ишларингизни махфий тарзда Роббингизга айтинг. Зеро, У Зот махфий нарсалардан ҳам хабардордир. Атроф­дагилардан уни махфий тутинг, чунки муҳаббат ошкор айтилмайди. Муҳаббатингизни кечалари таҳажжудларда, саҳар вақтлари намозларингизда изҳор этинг.

Айрим одамлар динни “Буни қил!”, “Буни қилма!” каби буйруқлар ва тақиқлардан ёки ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг жамланмаси деб билишади ва барисининг устида Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туришини унутиб қў­йишади. Ишнинг боши – муҳаббатдир. Муҳаббат йўқолса, тоату ибодатларнинг бари кишини диндор мусулмонга айлантира олмайди.

Агар сиз Аллоҳга муҳаббат даъвосида бўлсангиз, бу муҳаббатингизни ҳаётингиз давомида кўрсатинг. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ва амалларингизда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз акс этиб турсин.

Ривоят қилинишича, бир киши сафарда соҳибжамол аёлга йўлиқиб қолибди. Ва унга қарата: “Сен мени бутунлай ўзингга ром этдинг. Менинг бутун хаёлим сен билан банд”, дебди. Аёл ҳам: “Агар айтганингиз рост бўлса, борим сизга фидо бўлсин. Аммо менинг бир офатижон синглим бор. Мендан анчайин чиройли. У ортингизда турибди. Агар истасангиз иккимиздан биримизни танлашингиз мумкин”, дебди. Киши дарҳол ортига ўгирилибди. Шунда аёл унинг юзига бир тарсаки туширибди ва: “Қорангни кўрмай! Фирибгар, алдоқчи! Мени севаман деб, бошқасига кўз олайтирасанми?! Менинг олдимга ялиниб келиб, ошиқлигингни айтдинг. Сени синовдан ўтказгандим. Учига чиққан ёлғончи экансан!” – дебди. Шунда у кўзларига ёш олиб, ўзига-ўзи шундай дебди: “Бир яратиқнинг муҳаббатини даъво қилиб, ундан юз ўгирганим учун юзимга тарсаки тушди... Неча марталаб Яратган Зотга ошиқлик даъвосини қилиб, ундан юз бурдим. Ундан бошқаси билан овораю сарсон бўлдим. Қалбимга урилган шапалоқни пайқамай қолибман... Наҳотки, мен қалби қопланиб қоладиган даражага етган бўлсам-а?!” деган экан. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир»[1].

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Мутоффифун сураси, 14-оят.