Бугун, 25 октябрь куни соат 15:00да Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Ҳаж ва Умра сафари тўғрисида” оммавий-ахборот воситалари учун брифинг ўтказилаётгани ҳақида маълумот берган эдик.
Брифингда айтилганидек куз мавсумидаги Умра зиёратининг дастлабки рейси жорий йилнинг 28 октябрь куни амалга оширилади.
Маълумот учун, Жамоатчилик кенгаши томонидан Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар-бир фуқаро учун тўланадиган маблағ қиймати 5 804 000 сўм (бориш-келиш авиачиптасидан ташқари) миқдорда арзон бўлишига эришилди. (Тошкент – Жидда – Тошкент авиачиптаси нархи 5 096 000 сўм).
Давлатимиз Раҳбари томонидан жорий йил 16 февраль куни имзоланган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори ушбу ойни халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларга содиқ ҳолда ўтказишда асосий омил бўлмоқда.
Қутлуғ ойнинг аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида соҳа ходимлари томонидан юртимизнинг барча ҳудудидаги энг оғир маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар учун ифторликлар ташкил этилиб, кўнгли ўксик кишилар оғирини енгил қилиш ва кўнгилларини шод этиш ишлари бошлаб юборилди.
Жорий йилнинг 21 февраль куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Учтепа тумани "Ўрикзор" даҳасидаги “Абу Ҳанифа” масжиди имом-хатиби Муҳаммадамин домла Алихонов билан биргаликда Зарафшон маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳусан ака Алимов хонадонда бўлдилар. Ҳовли кичик бўлишига қарамй 4 та оила аҳилликда, Яратганга шукроналикда умр кечирмоқдалар.
Ташриф чоғида ушбу хонадон аҳилларига рўзғор ашёлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳадя қилинди. Шундан сўнг хонадон эгалари билан биргаликда ифторлик дастурхонида маърифий-ҳаётий суҳбат қилинди. Якунда Юртимиз ва юртдошларимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Бундай хайрия тадбирлари мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати