Табиатдаги гўзал ва шу билан бирга дилга қўрқув соладиган ҳодисалардан бири – яшин (чақмоқ) чақнашидир.
Яшин – атмосферада юз берадиган учқунли электр разряди бўлиб, булутлараро ёки булутлар билан ер орасида ҳосил бўлади. Манфий зарядлар булутлардан ер томонга қараб оқади. Ерга етиб келганда мусбат зарядлар билан тўқнашиши натижасида чақмоқ чақиши кузатилади. Яшин чақнаганда атроф бир зум ёришиб кетади.
Чақмоқ чақишининг узунлиги бир неча километр, диаметри бир неча ўн сантиметр, давомийлиги сониянинг мингдан 25 улушига тенг, ток кучи 100 КА (килоампер)гача бўлиши мумкин. Бундай чизиқли яшин билан бирга баъзида шарсимон яшин ҳам чақнайди. Чақмоқ асосан баҳор ва ёз фаслларида кузатилади. У доим момақалдироқ билан бирга юз беради.
Чақмоқ чаққанда электр энергияси иссиқлик ва ёруғлик энергиясига айланади. Яшин кўпинча қора ёмғир булутларида, вулқон отиладиган пайтда, торнадо (қуюн) ва чанг бўрони пайтида ҳам пайдо бўлади.
Чақмоқ бошининг ер юзаси томонга ҳаракати сониясига 5107 метр тезликда бўлади ва дарҳол ортга қайтади. Яшиннинг асосий разряди ҳаракат қилган каналдаги ҳарорат 25000° дан ҳам ошиб кетиши мумкин. Чақмоқ чақиши ёнғинлар содир бўлишига ва одамларнинг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин.
Чақмоқ электр ва радио симлари, электр станциялар, машина ва аппаратлар учун айниқса хавфли. Унинг самолётга тушиши конструкция элементларини ишдан чиқаради, радио аппаратлари ва навигация асбобларини яроқсиз ҳолга келтиради. Шунингдек, экипаж аъзоларининг кўзини кўр қилиб, турли шикастларни етказади. Дарахтга тушган яшин унинг тагида ва яқинида турган одамларни шикастлаши мумкин.
Юқорида бир чақмоқ чақишининг давомийлиги сониянинг мингдан 25 улушига тенг экани, кейин дарҳол яшиннинг ортга қайтиши айтиб ўтилди.
Буни қарангки, бундан 1400 йил олдин, инсоният чақмоқ чақишининг хусусиятлари, жараёнлари ҳақида тасаввурга эга бўлмаган пайтда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бу ҳадисларида яшиннинг чақнаш механизмини ва тезлигини аниқ айтиб қўйган эдилар:
“Чақмоқнинг кўз очиб юмгунча қандай ўтиб, қайтганини кўрмаганмисизлар?!”. Имом Муслим ривояти.
Ушбу ҳадисда яшиннинг тезкорлиги ўта нозик услубда “кўз очиб-юмгунча” деб баён қилиняпти. Шунингдек, ҳадисда яшиннинг ерга келиб, яна ортга қайтиши ҳам эслатиляпти.
Яшин чақнашининг тезлиги ҳақида олимларнинг “сониянинг мингдан 25 улушига тенг” дегани “кўз очиб-юмгунча” деганидир.
Абдуддоим Каҳел мақоласи ва
uz.wikipedia.org маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.