Собиқ тузум хукмрон бўлиб турган 1989-йили Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши Истиқлолга эришиш йўлидаги энг мухим қадам бўлганди. Ватанимиз мустақилликка эришгач она тилимиз ўзининг хақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди,Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми хуқуқий жихатдан мустахкамлаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди.Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадхияси, Конституцияси қаторида турадиган,қонун йўли билан химоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Истиқлол шарофати билан тилимизга, унинг сайқал топишига эътибор янада ортди. Тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳуббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз "Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз" дея ёзмаган.
Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятлари қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк" китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари, Чўлпон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг ўтли шеърияти она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир.Тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳр-оқибат сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат шу тил қодирдир. Бизнинг она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрига келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил хақида шундай ёзадилар: "Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил".
Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.
Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.
Тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асрабавайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.
Донишманд ота-боболаримиз азалдан нутқ маданиятига катта эътибор беришган. Улар қолдирган асарларни ўқир эканмиз, ҳар бир сўз ўз ўрнида қўлланганига гувоҳ бўламиз. Сўз ҳиссини доимо билиб яшашимиз керак. Шундай экан, она тилимизни асраб-авайлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.
Одилжон Нарзуллаев
Зангиота тумани “Имом Аъзам”Жоме масжиди имом хатиб
Мамлакатимизда ёшларни ўз соҳада етук мутахассис этиб етиштириш, уларни масъулиятли ва ўз хизматига фидоий қилиб тарбиялаш борасида “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасасида муҳим тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Масжидлар бўлими бошлиғи Музаффар Камолов ва Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов таълим муассасасида бўлишди.
Дастлаб талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди. Сўнг битирувчи курс талабалари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида 42 нафар битирувчи талабанинг келгуси фаолияти ҳақида сўз борди. Мулоқот давомида битирувчи талабалар ўз олдиларига аниқ мақсадларни қўйганлари намоён бўлди. Хусусан, ёшларнинг араб, инглиз ва немис тилларини пухта эгаллагани уларнинг нафақат юртимиз, балки Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсияси асосида халқаро миқёсда ҳам диний хизмат олиб бориш имкониятини кенгайтириши алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда таълимни юқори босқичларда давом эттириш истагида бўлган ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Маълумот учун, муассасанинг ўтган йилги битирувчиларидан 4 нафари Иорданиядаги Ислом илмлари университетида таҳсилни давом эттирмоқда. Бу каби ижобий натижалар муассаса раҳбарияти ва мударрисларнинг фидокорона меҳнати ҳамда тажрибали устозларнинг мунтазам тарғибот ишлари самараси ҳисобланади.
Самимий руҳда ўтган йиғилиш якунида ёшларни тўғри йўналтириш ва уларга устозлар тажрибасини етказиш орқали динимиз ва юртимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган салоҳиятли кадрлар бўлишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати