بسم الله الرحمن الرحيم
ЭҲСОННИНГ ФАЗИЛАТИ
Муҳтарам жамоат! Раббимиздан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз даркор. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам, шунингдек барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасида шундай деган:
لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ
(سورة آل عمران، الاية-92)
яъни: Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Бақара сурасида шундай деган:
الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَعَلَانِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ.
яъни: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).
Демак, киши хайр-эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек улкан мукофотларга эришади. Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ.
яъни: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).
Оятнинг зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоизлиги, аммо пинҳона садақанинг афзаллиги маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб садақаларни, яъни закот, хирож, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақаларни эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамларда закот бермайди, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзида бошқалар кўриб ўрнак олсин деган ният билан ошкора берилгани яхшидир.
Битта берилган хайр-эҳсонни эвазига Аллоҳ таоло бир неча баробар кўпайтириб бериши ҳақида шундай дейди:
مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
(سورة البقرة الاية-261)
яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).
Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб бериши мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади.
Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ الصَّدَقَةَ لَتُطْفِئُ عَنْ أَهْلِهَا حَرَّ الْقَبور، وَإِنَّمَا يَسْتَظِلُّ الْمُؤْمِنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِي ظِلِّ صَدَقَتِهِ
(رَوَاهُ الإِمَامُ الْطَبَرَانِي)
яъни: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривояти).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: اَلصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيْئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمُاءُ النَّارَ
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривояти).
Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "اَلصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ مسلم)
яъни: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имони борлигига)” (Имом Термизий ривояти). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.
Хайр-эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймаслиги ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيْهِنَّ، وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيْثاً فَاحْفَظُوهُ: "مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلَمَةً فَصَبَرَ عَلَيْهَا، إِلَّا زَادَهُ اللهُ بِهَا عِزًّا، وَلا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ)
яъни: “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Хайр-эҳсон қилган кимсани ҳаққига фаришталар дуо қилишлари ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ العِبَادُ فِيهِ إلَّا مَلَكانِ يَنْزِلاَنِ، فَيقُولُ أحَدُهُمَا: اَللَّهُمَّ أعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا، وَيَقُولُ الْآخَرُ: اللَّهُمَّ أعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا
(مُتَّفَقٌ عَلَيهِ)
яъни: “Ҳар тонг бандалар уйғонганда икки фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳим, инфоқ (нафақа-эҳсон) қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси: “Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофот бер”, – дейди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан бир гадой пул сўраган эди, у зот бир дирҳам эҳсон қилдилар. Шунда у зотнинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалузаж (ширинлик) каби таомларни истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берсангиз ҳам кифоя қилар эди”, –деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Худо ҳаққи, мен уларни кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, сиз айтгандек улар фалузаж ва гўшт ейдиган бўлсалар унда уларга бир дирҳам озлик қилади”, –дедиларда ва ўз хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгин-да, унга ўн дирҳам бериб юбор”, – дея амр қилдилар.
Ривоят қилинишича, иши юришмаётган бир камбағал йигит донишманд шайхнинг олдига бориб, ҳаётидан арз қилиб насиҳат сўрабди. Шайх ҳазрат йигитга: “Борингдан эҳсон қилиб тургин”, – дебди. Йигит уйига келиб шайх билан бўлган суҳбатини онасига айтибди. Шунда йигитнинг онаси: “Ўғлим биз бир камбағал одамлар, ўзимиз эҳсонга муҳтож бўлсак, нимани эҳсон қилишимиз мумкин”, – дебди. Ўғил: донишманд шайх бекорга бир нарсани гапирмайди, – деб фақирона бўлсада эҳсон қила бошлабди. Орадан бир муддат вақт ўтиб шайхни бир чиройли бино соҳиби зиёфатга чақирибди. Зиёфатга борган шайхни бир вақтлар ундан насиҳат сўраган камбағал, йигит кутиб олиб: “Сизнинг насиҳатингиз туфайли Аллоҳ ризқимизни мўл-кўл қилиб берди, яна менга насиҳат қилинг”, –дебди. Шунда донишманд шайх: “Молингга ҳаром аралашмасин, молингни ҳаромга сарфламагин, молингни доимо тозалаб тургин ва жамият олдидаги масъулиятингни ёддан чиқармагин”, –деб насиҳат қилибди ва сахий йигитни ҳаққига дуо қилибди.
Муҳтарам жамоат! Баъзи бир қўли узун, бой кишиларни шундай деганларини эшитамиз: “Одамларга ҳайронман, жуда кўпчилик олдимга ҳар хил муаммолар билан келиб ёрдам сўрайди. Бировдан ёрдам сўрамасдан ўзини-ўзи эпласа бўлмайдими?!” Бундай шикоятни ўрнига бой кишилар шундай дейишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди: “Шунча молу давлатни одамлар ичидан танлаб менга берган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Мени кўпчилик қийналган мусулмонларга ёрдам берувчи кимсалар қаторида қилди. Мени бировлардан ёрдам сўрайдиганлардан қилмади. Қўлимдан келганича, имкон қадар бировларга ёрдам бераман”. Чунки, Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой қилади, хоҳлаганини эса камбағар қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир. Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва мана шундай мартабани берган Аллоҳга доимо ҳамд айтиб, бу эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا، نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ، يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا، سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ، مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Ким бир мўминдан дунё машақатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади, модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривояти).
Маълумки, инсон вафот этганидан сўнг унинг савоб ва гуноҳ амаллари ёзилиб турадиган ҳисоб-китоб дафтари ёпилади. Қуйидаги ҳадиси шарифда вафот этгандан кейин ҳам савоби узлуксиз бориб турадиган амаллар ҳақида сўз кетмоқда:
قَالَ رَسُوَلُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِذَا مَاتَ الْإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثَةٍ، إِلَّا مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ" (رَوَاهُ الإِمَامُ مسلم).
яъни: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Инсон вафот этса ҳамма амали тўхтайди. Фақат ҳаётлик вақтида қилган учта амалининг савоби етиб туради. Улар: садақаи жория, фойдали илм, (ота-она ҳаққига) дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).
Садақаи жория – кўпчиликка фойдаси тегиб турадиган хайрия ишлар бўлиб, бундай ишларнинг савоби эгасига тўхтовсиз ёзилиб туради. Масалан, киши Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳаёти давомида халқ манфаат топадиган турли илм даргоҳлари, масжид, мадраса, шифохона, кўприк, йўллар барпо этиши ҳамда шунга ўхшаш эзгу ишларни амалга ошириши садақаи жория ҳисобланади.
Барчамизга маълумки, сўнги йилларда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан халқимизни узоғини яқин қиладиган, кўрганда кўз қувнайдиган, кенг йўллар ва замонавий кўприклар қурилди ва қурилмоқда. Шунингдек, муқаддас қадамжолар ва буюк алломаларимизнинг мақбаралари обод қилинди. Бир қанча мактаб, боғча, шифохоналар ва ҳоказо муассасаларни қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Буларни барчаси ҳадисда мақталган садақаи жория амалларидан ҳисобланади. Демак, мана шундай умумманфаат ишларда иштирок этганлар, охиратлари учун садақаи жорияни захира қилган бўладилар!
Муҳтарам жамоат! Қуйида эҳсон қилувчида топилиши керак бўлган одоблардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, эҳсоннинг маъноси яхшилик қилиш демакдир. Зеро, эзгу ишларга сарф қилинмаган, балки гуноҳ ва маъсият, одамлар орасини бузиш, ўртага зиддият ва адоват солишга сабаб бўладиган ишларга мол-мулк сарфлаш эҳсон дейилмайди ва у Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмайди. Албатта, эҳсонни ўз жойига тушишида бизга маҳалла фуқаролар йиғини яқиндан ёрдам беради. Чунки улар маҳалла фуқароларининг оилавий шароити, беморлари, ногиронлари, муҳтож ва талабаларини яхши биладилар.
Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилгувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин! Омин!
Барчамизга маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида бундай деганлар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ёшлар тарбиясига, уларнинг сифатли билим олишларига давлатимиз миқёсида катта аҳамият берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда шундай таъкидлаган эдилар: “Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади”.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни ақлан ва маънан етук авлод бўлиб етишишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.
Ислом таълимотларига жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.
Ислом дини мусулмонларни доимо илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа ҳеч нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди.
«Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади».
Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасак илмнинг этагини маҳкам ушлайлик.
Шундай экан, биз мусулмонлар ўз фарзандларимизни бугунги кун талаблари асосида тарбиялашимиз, уларни замонавий илм ва касб-ҳунарга йўналтиришга бор кучимизни сарфлашимиз лозим. Шунда фарзандларимиз хориж мамлакатларига ишлаш учун “қора ишчи” бўлиб эмас, балки мутахассис сифатида борадилар.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонларидан ёшларни замонавий касб-ҳунарлар ва чет тилига ўргатиш бўйича илгари сурилган “1000 дастурчи”, “Икки тил, бир касб” лойиҳаларидан ҳам айнан шу эзгу мақсад кўзланган...
Албатта, мусулмон инсон ўзга инсонларга аввало ўзининг юксак ахлоқи билан намуна бўлиши керак. Зеро, инсонлар хулқи гўзал кишини яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга чақиришни бошлаганларида қариндошларини “Эй Бани Фиҳр, эй Бани Адий” деб чақирдилар. Барча тўпланди, уйидан чиқишга имкони бўлмаган кишилар нима бўлаётганини билиб келиш учун одам жўнатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалоту васаллам: “Агар мен сизларга мана бу тоғ этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибди, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?”, дедилар. Улар: “Сизнинг бирор марта ёлғон гапирганингизни билмаймиз, Сизга ишонамиз”, дейишди. Шундан кейин у зот ўзларини Пайғамбар қилиб юборилганларини айтдилар.
Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканларини турли ҳужжат ва мўъжизалар орқали исботлаш билан эълон қилмадилар. Балки, энг аввало уларга ўзларининг ахлоқлари ҳақида савол бериб, ўзларининг ростгўй эканликларини тасдиқлатиб олдилар. Бундан кўриниб турибдики, мусулмон киши ўзга кишиларга энг аввало амали, хулқи ва одоби билан намуна бўлиши керак экан.
Киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши ҳам айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ бўлди”.
Демак, ҳусни хулқ ва одоб кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳли билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилимлик, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: “Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?” деди. Отаси: “Дин”, деб жавоб берди. “Агар хислат иккита бўлса-чи?” деб сўради. Отаси: “Дин ва мол”, деди. “Агар учта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол ва ҳаё”, деди. Ўғил: “Агар тўртта бўлса-чи?” деди.
Отаси: “Дин, мол, ҳаё ва чиройли хулқ”, деди. “Агар бешта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол, ҳаё, чиройли хулқ ва сахийлик”, деб жавоб берди. Ўғил яна: “Олтита бўлса-чи?” деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: “Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва шайтондан узоқ бўлади” деб жавоб қилди. Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи билан жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам”.
Инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади.
Киши илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ва одобга ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм, гўзал хулқ ва одоб инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.
Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор зинҳор унутмайлик. Фарзандим илмли, одобли, касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига, муборак динига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда турли кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилиб, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.