Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар қилган эдик.
Бугун 18 октябрь, пайшанба куни Маккаи мукаррама шаҳрида Уюшма Олий кенгашининг 43-сессияси ўз ишини бошлади.
Анъанага мувофиқ, сессия Қуръони карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг Саудия Арабистони бош муфтийси Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли Шайх анжуман иштирокчиларини қутлаб, Уюшманинг навбатдаги 43-сессияси ишига муваффақият тилади.
Ушбу анжуманда дунёдаги нуфузли уламолар, кенгаш аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этмоқдалар. Бугун анжуман ишида Сурия, Ироқ, Филиппин давлатларида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга оид масалалар кўриб чиқилади. Шунингдек, Уюшма Олий кенгашининг бир йиллик ҳисоботи ҳам тақдим этилади.
Анжуманда муҳокама қилинаётган масалалар ҳақида сайтимизда батафсил ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 6 май куни Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида навбатдаги маърифий учрашув ташкил этилди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов томонидан муассаса ўқитувчилари, ходимлари ҳамда талабаларига "Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъмилаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси"нинг мазмун-моҳиятини ифода этувчи махсус курс машғулоти ўтиб берилди.
Тадбир давомида Концепцияда мустаҳкамланган виждон эркинлиги тамойиллари, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик асослари ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари кенг ёритилди. Диний-маърифий соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Манба: Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати