Жорий йилнинг 17 октябрь куни Покистон Ислом Республикаси муфтийси Муҳаммад Ризван раҳбарлигидаги “Нақшбандия” тариқати вакилларидан иборат делегация Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига ташриф буюрди.
Делегация таркибида жами 47 нафар Покистон Ислом Республикаси уламолари, жумладан, Шайх Муҳаммад Абдулҳалим ан-Нўъманий,
Шайх қози Аршад ал-Ҳусайний, Лоҳурдаги “Муҳаммадия” университети мудири Шайх Муҳаммад Ҳасан, Файсалободдаги “Имдодия” университети мудири Шайх Муҳаммад Тоййиб, “Мифтаҳул-улум” университети мудири Шайх Муфтий Тоҳир Масъуд, Муҳаммад Аслам Нақшбандий ва бошқалар бўлиб, уларга Покистон Ислом Республикаси муфтийси Муҳаммад Ризван раҳбарлик қилди.
Меҳмонларга сафар давомида Мир Араб олий мадрасаси устоз
ҳамда талабалари ҳамроҳлик қилди.
Зиёратдан сўнг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказининг конференция залида Покистон Ислом Республикаси делегацияси ва Мир Араб олий мадрасаси устоз ҳамда талабалари иштирокида учрашув ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон давлатлари ўртасида дўстона муносабатлар яхшилангани, хусусан, Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилиб, мазкур делегация учун ҳам қулайликлар таъминлангани, Ўзбекистон уламоларининг ислом дини таълимоти ривожига қўшган буюк ҳиссалари, ўтган улуғ авлиёлар, устозлар ҳақида ижобий фикрлар билдирилди.
Учрашув давомида ўтганлар руҳини шод этиш мақсадида Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз ҳақига дуойи хайрлар қилинди.
Тадбир якунида делегация вакиллари Мир Араб олий мадрасаси устозларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати