Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2026   |   6 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:28
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
20 Июл, 2026, 6 Сафар, 1448

Тил билган – эл билади

15.10.2018   10738   3 min.
Тил билган – эл билади

Бугунги глобаллашув шароитида дунё янгиликларини ўрганиш ва уларни синтез қилиш, оқини қорасидан ажратиб бориш, албатта, муҳим фаолиятдир. Зеро, дунёда бўлаётган жараёнларга эътиборсиз қолиб, кўз юмиб бўлмайди.

Аллоҳ таолонинг иродаси ила дунёда Одам фарзандлари турли миллат ва элат вакилларига ажиратилган. Уларни бир-бирларидан ажиратувчи энг асосий восита бу тилдир. Тиллар бошқаларидан шунчалик даражада фарқланиб кетганки, уларни узоқ ва чуқур ўрганишларсиз тушиниб, англаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўз тилидан бошқа тилларни билувчилар жамиятда унчалик кўп учрайвермайди, балки баъзилар бир нечта тилларни билса, бошқалари ундан бошқаларини ўзлаштирган бўлади, ва бошқа тоифа эса фақатгина маҳаллий тилини гина билади холос.

Лекин, уларнинг дунё янгиликларидан бир хил хабардор бўлишга ҳақлари бор ва бу борада улар тенгдирлар. Шундай экан фақат биргина йўл, яъни турли хил тилларда келаётган маълумотларни маҳаллий тилга таржима қилиш ва жамиятнинг барча қатлам вакиллари учун тақдим қилиш зарур бўлади. Бундан маълум бўладики, таржимонларнинг, яъни касб юзасидан эмас, балки таржима қилишга салоҳиятли бўлган шахсларнинг жамият ҳаётидаги ўрни аҳамиятлидир.   

 Аслида таржимадан кўзланган максад - хорижий тил лисоний воситалари ёрдамида яратилган матн ёки нутқни она тили материали асосида қайта яратишдан иборатдир. Бунинг учун таржимон, биринчи навбатда, асл нусхани тўла-тўкис идрок этиши, сўнгра уни ўз тилида беками-кўст қайта ифодалаши даркор. Муаллиф бермоқчи бўлган маълумот ёки яратган воқеъликни тўлалигича идрок этиш учун таржимон кенг мушоҳада қувватига эга булгани ҳолда, асар таркибидаги лисоний воситаларнинг мазмуний ва услубий-эстетик жихатларини туғри англаши, шу билан бирга муаллиф назарда тутган бош ғояни, унинг ният ва мақсадларини. очиқ-ойдин кўзга ташланиб турган воқеа-ҳодисалар тасвиридан ташкари яна матн ортида турган воқеъликни, бир сўз билан айтганда нафақат лисоний, балки ғайрилисоний омилларни ҳам тўла-тўкис тасаввур этиши зарур. Токи натижа шундай бўлсинки, аслият ўз ўқувчи ёки тингловчисига  қандай тушунча ёки завқ бахш этса, унинг таржимаси ҳам асарни аслиятда мутолаа қила олмайдиган ўқувчи ёки эшитувчига ҳудди шундай таасурот инъом этсин.

Таржимада нухсонларни кўрган шахс аслни саёзликда айблайди, ёки умуман ундаги ғояга қарши фикир пайдо қилади. Натижада асл асардан кўзланган мақсад амалга ошмайди, балки тескари таъсир кўрсата бошлайди. Шунинг учун ҳам таржиманинг маълумотлар алмашинуви жараёнларида аҳамияти жуда каттадир.

Мазкур фикрларни хулосаси ўлароқ айтиш мумкинки, барча илмлар қатори таржимонлик илми ёки тил ўрганиш ҳар доимгидан кўра бугунги глобаллашув шароитида энг муҳим вазифалардандир.



Иброҳим АҲМАДЖОНОВ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ташқи ишлар вазири: «Ўзбекистон тарихи унинг келажак тараққиётининг энг катта таянчидир»

16.07.2026   28307   4 min.
Иордания ташқи ишлар вазири: «Ўзбекистон тарихи унинг келажак тараққиётининг энг катта таянчидир»

Яқин Шарқ ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафадийнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи икки мамлакат ўртасида сўнгги йилларда жадал ривожланаётган сиёсий мулоқот, маданий дипломатия ва иқтисодий ҳамкорликнинг амалий давомидир. Ташриф давомида тарихий мерос, цивилизациялар мулоқоти ва замонавий тараққиёт концепцияларини уйғунлаштирган Марказ экспозициялари билан танишган делегация Ўзбекистоннинг бой цивилизацион мероси бугунги ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик стратегиясининг муҳим қисмига айланаётганини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари, Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар вазири Айман ас-Сафадий бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Делегация аъзолари Марказ музейи экспозициялари билан таништирилиб, унинг концепцияси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Меҳмонларда энг катта қизиқиш уйғотган экспозициялардан бири Буюк Ипак йўлига бағишланган бўлим бўлди. Қадимги савдо йўллари хариталари, Шарқ ва Ғарбни боғлаган карвон йўллари, цивилизациялар ўртасидаги иқтисодий, илмий ва маданий алмашинув жараёнларини акс эттирувчи экспозициялар юзасидан делегация аъзолари мутахассисларга кўплаб саволлар билан мурожаат қилди.

Амир Темур ва Темурийлар даврига бағишланган бўлим ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, машҳур хаттот Умар Ақто томонидан кўчирилган улкан Қуръон қўлёзмаси, Бибихоним тарихи ҳамда Темурийлар даврининг юксак маданий муҳитини акс эттирувчи экспонатлар алоҳида эътибор марказида бўлди.

Делегация, шунингдек, Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги замонавий ташқи сиёсати ва глобал ҳамкорликларига бағишланган интерактив харитага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Турли давлатлар билан шаклланган стратегик шериклик ва дипломатик муносабатларни акс эттирувчи рақамли экспозициялар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида ташкил этилган спорт бўлими эса ташрифнинг энг самимий лаҳзаларидан бирига айланди. Ўзбекистон спортчиларининг Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида қўлга киритган ютуқлари ҳақидаги маълумотлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Суҳбат давомида спортнинг халқлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим восита экани алоҳида қайд этилди.

Айман ас-Сафадий, Иордания ташқи ишлар вазири:

– Ўтган йили Жаноби Олийлари Қирол Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга амалга оширган тарихий давлат ташрифидан сўнг бу ерга келиш мен учун алоҳида мамнуниятдир. Ўша ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққан муҳим воқеа бўлди. Бизни қардошлик ришталари, муштарак тарих ва ўзаро ишонч бирлаштириб туради. Бугун эса ушбу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида изчил иш олиб боряпмиз.

Бугунги Ўзбекистон кенг қамровли ислоҳотлар ва жадал тараққиёт босқичини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу тараққиётнинг маънавий асосларини мустаҳкамлайдиган, миллий меросни илмий асосда сақлаш ва уни халқаро ҳамжамиятга тақдим этишга хизмат қиладиган муҳим муассасадир.

Бой тарихни келажак тараққиёти билан боғлай олган бундай маскан ҳар қандай халқ учун бебаҳо бойликдир. Ишонаманки, ана шу мустаҳкам тарихий пойдевор Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётига ҳам хизмат қилади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун аниқ мақсад ва равшан истиқболга эгамиз. Олдимизда ҳали фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжуд. Жорий йил якунида Ўзбекистон Президентининг Аммон шаҳрига ташрифини катта мамнуният билан кутмоқдамиз. Ишончим комилки, бу учрашув стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлаб, икки давлат ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлайди, — деди Иордания ташқи ишлар вазири.

Ташриф якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов делегация аъзоларига Марказнинг эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек, Айман ас-Сафадий Марказнинг «Фахрий меҳмонлар» китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Ушбу қайд Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги тарихий дўстлик, умумий маънавий қадриятлар ҳамда стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган умумий интилишларнинг рамзий ифодаси бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари