Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448

19.10.2018 й. Тавба – ибодат

13.10.2018   8886   14 min.
19.10.2018 й. Тавба – ибодат

بسم الله الرحمن الرحيم

Тавба – ибодат

         Ҳурматли жамоат! Динимиз ҳақиқий маънода инсонпарвар ва раҳм-шафқат динидир. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандалари билиб-билмай хатога йўл қўйганларида уларни  тавба қилишга чақирди:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

(سورة النور الاية-31)

яъни:Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз(Нур сураси, 31-оят).

Мўмин-мусулмон киши барча гуноҳлардан тавба қилиши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни чин тавба қилишга тарғиб қилди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ

(سورة التحريم الاية-8)

яъни:Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!(Таҳрим сураси, 8-оят).

Чин тавба – дарҳол гуноҳдан тўхташ, ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилишдир.

         Қуръони карим оятларининг 87 та ўрнида тавбага тарғиб этилган. Агар астойдил тавба қилинса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор.        Қуръони каримда гуноҳлардан тавба қилмаган кишиларни “золимлар” деб аталган:

وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

  (سورة الحجرات الاية-11)  

яъни: “Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан жаҳолат туфайли гуноҳ қилиб, кейин унга афсус-надомат чеккан кишиларнинг гуноҳларини кечиришини ваъда қилган:

إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا

(سورة النساء الاية-17)

яъни: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ تُوبُوا إِلَى اللهِ فَإِنِّي أَتُوبُ فِي الْيَوْمِ مِائَةَ مَرَّةٍ

(رَوَاهُ الْاِمَامِ الْبُخَارِيُّ)

яъни: Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан (Имом Бухорий ривояти).

         Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг тавба қилиши ва истиғфор айтиши гуноҳ сабабидан эмас. Чунки у зот саллалоҳу алайҳи васаллам каттаю кичик гуноҳлардан покдир. Лекин Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам камтарлик қилиб, Аллоҳ таолонинг азаматига лойиқ бандачилик қилолмадим деб ҳисоблаганлари учун тавба қилганлар. Яна бу ҳадисда умматларини тавба ва истиғфорга қизиқтириш ҳам бор. Зеро гуноҳлардан пок зот бир кунда юз марта тавба қилган бўлсалар, гуноҳкорларнинг ҳоли қандай бўлиши керак?

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам:

لَوْ أَنَّ لِابْنِ آدَمَ وَادِياً مِنْ ذَهَبٍ أَحَبَّ أَنْ يَكُونَ لَهُ وَادِيَانِ وَلَنْ يَمْلَأَ فَاهُ إِلَّا التُّرَابُ وَيَتُوبُ اللهُ عَلَى مَنْ تَابَ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)

яъни: “Одам боласининг бир водий тўла олтини бўлса, иккита (олтин тўла) водий бўлишини хоҳлайди. Одамнинг оғзини фақат тупроқ тўлдиради. Аллоҳ таоло тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади”, – дейдилар (Имом Бухорий ривояти).

         Муҳтарам жамоат! Юқорида келтирилган ояту ҳадислардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Аллоҳ таолонинг марҳамати, кечиримли эканлиги бандаларга катта бир ибратдир. Бундай бағрикенгликни Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида ҳам кўрсатиб бердилар, ҳеч қачон ўзлари учун ғазаб қилмадилар, бировдан ўч олмадилар, балки кечирдилар, кечиришга буюрдилар.

Ҳозирги кунда Президентимиз раҳбарлигида давлатимиз ҳукумати юқорида зикр қилинганидек авф этиш ва кечиримли бўлиш йўлидан бормоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида Фармон қабул қилинди.

2018 йил 19 сентябрь куни Президентимиз “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекдилар ва халқимизда минг йиллардан бери давом этиб келаётган бағрикенглик ва кечиримлилик хислатини намоён қилдилар.   

         Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу: “Кўп тавба қилувчилар билан ҳамсуҳбат бўлинглар. Чунки улар қалби пок, ҳалим кишилар бўлади”, – деганлар. Али ибн Толиб разияллоҳу анҳу тавба қилувчиларни мақтаб: “Нажот топиб кетган кишининг аҳволини қаранг!”, – дегандилар. “Нажот нима”, – деб сўрашди. У зот: “Тавба ва истиғфор”, – дедилар.

         Абу Бакр Воситий раҳматуллоҳи алайҳи: “Ҳамма нарсада хотиржамлик яхши, лекин уч нарсада яхши эмас: намоз вақти келганда, маййитни дафн қилишда ва гуноҳдан тавба қилишда”, – дедилар.

         Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам бизга тавбанинг биринчи қадами бўлган истиғфорнинг турли кўринишларини ўргатганлар ва уларнинг орасида биттасини “истиғфорнинг улуғи” деб атаганлар:

سيِّدُ الاسْتِغْفار أَنْ يقُول الْعبْدُ: اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي، لا إِلَه إِلاَّ أَنْتَ خَلَقْتَني وأَنَا عَبْدُكَ، وأَنَا على عهْدِكَ ووعْدِكَ ما اسْتَطَعْتُ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ ما صنَعْتُ، أَبوءُ لَكَ بِنِعْمتِكَ علَيَّ، وأَبُوءُ بذَنْبي فَاغْفِرْ

لي، فَإِنَّهُ لا يغْفِرُ الذُّنُوبِ إِلاَّ أَنْتَ. منْ قَالَهَا مِنَ النَّهَارِ مُوقِناً بِهَا، فَمـاتَ مِنْ يوْمِهِ قَبْل أَنْ يُمْسِيَ، فَهُو مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ، ومَنْ قَالَهَا مِنَ اللَّيْلِ وهُو مُوقِنٌ بها فَمَاتَ قَبل أَنْ يُصْبِح، فهُو مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ

 (رواه الامام البخاري)

яъни: “Истиғфорнинг улуғи банда: “Эй, Аллоҳ! Сен Раббимсан, сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратгансан, мен сенинг бандангман. Тоқатим етганича сенга берган аҳдим ва ваъдамда турибман. Қилган амалларимнинг ёмонлигидан сендан паноҳ сўрайман. Менга берган неъматларинг ва гуноҳларимни эътироф этаман. Мени кечиргин, чунки сендан бошқа кечирувчи йўқ”, – дейишидир. Ким шу гапни кундуз куни ишонч билан айтса ва кечгача вафот этса, жаннат аҳлидан бўлади. Ким шу гапни кечаси ишонч билан айтса ва тонг отгунча вафот этса, жаннат аҳлидан бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Тавба тўғрисида Сўфий Оллоҳёр бобомиз шундай дейдилар:

Сани халқ айлаган Султони ғолиб,

Ҳамиша бандасидин тавба толиб.

Эгамнинг мағфират дарёсидур жўш,

Ажабдур бандасидин ғафлат оғуш.

Эгамдин лутфу раҳмат бобин очмоқ,

Ажабдур бандасидин мунча қочмоқ?!

Ётурсан тобакай эмди уйанғил,

Дилу жонинг била Ҳазратға ёнғил.

На ким қилмишларингдин тавба қилғил,

Бошинг кўб юқори қилма, эгилғил.

Ҳурматли жамоат! Мавъизамиз давомида мўмин-мусулмонлар имон келтириш лозим бўлган нарсалар ҳақидаги суҳбатни давом эттирамиз.

Ватандошимиз Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий “Ақидатун Насафия” китобида шундай дейдилар: “Аллоҳ таолонинг илми ва иродаси билан кофирлар ва баъзи гуноҳкор мўминлар учун қабр азоби, қабрда тоат аҳлининг неъматланиши ҳамда Мункар ва Накирнинг савол-жавоби самъий далиллар билан собитдир. Қайта тирилиш, (амаллар) тарозуси, (номаи аъмол) китоби, (дунёда қилинган ишларидан) савол сўралиши ҳақдир”.

  • Қабрда бандаларга азоб ёки неъмат бўлишига имон келтирамиз. Қабрда икки фаришда Мункар ва Накир (бундай номланишига сабаб улар бандаларга нотаниш ва қўрқинчли кўринишда бўлгани учундир) саволига имон келтирамиз. Маййитни дафн қилувчилар қабрдан узоқлашиши билан Мункар ва Накир ундан Раббиси, дини ва пайғамбари ҳақида сўрайдилар. Мўмин киши жавоб беради, кофир киши эса ҳайратда қолиб жавоб бера олмайди. Жавобларга қараб фаришталарнинг азоблаши ва қабр қисиши рўй беради. Қабр куфр аҳли учун дўзах чоҳларидан бир чоҳ, тоат аҳли учун жаннат боғларидан бир боғ бўлади. Қабрдан дўзахга ёки жаннатга дарча очиб қўйилади. У дарчалардан дўзахнинг олови ва нафаси ёки жаннатнинг хушбўйлари ва неъматлари кириб туради. Қабр ҳаёти “Барзах” деб аталади ва у қиёматгача давом этади. Бу маълумотлар бир қанча ҳадисларда зикр қилинган. Қуръони каримнинг Иброҳим сурасида шундай марҳамат қилинади:

يُثَبِّتُ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا بِالْقَوْلِ الثَّابِتِ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآَخِرَةِ

(سورة ابراهيم الاية-27)

яъни: “Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устувор Сўз (имон калимаси) билан собитқадам қилур...” (Иброҳим сураси, 27-оят). “Мўминларни имон калимаси билан собитқадам қилиши” ҳадиси шарифларда таъкидланишича, қабрда фаришталарнинг Пайғамбаримиз алайҳис-салом ҳақидаги саволларига: “У Аллоҳнинг бандаси ва расули”, – деб гувоҳлик беришидир.

  Уламолар қабр азобига қуйидаги ояти карималар далолат қилади дейдилар:

النَّارُ يُعْرَضُونَ عَلَيْهَا غُدُوًّا وَعَشِيًّا وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ أَدْخِلُوا آَلَ فِرْعَوْنَ أَشَدَّ الْعَذَابِ

(سورة الغافر الاية-46)

яъни:(У азоб қабрдаги бир) оловдирки, улар эртаю кеч унга тутиб турилурлар. Қиёмат қойим бўладиган кунда эса, (дўзах фаришталарига): “Фиръавн зодагонларини энг қаттиқ азобга киритингиз!” (дейилур)” (Ғофир сураси, 46-оят).

مِمَّا خَطِيئَاتِهِمْ أُغْرِقُوا فَأُدْخِلُوا نَارًا

(سورة النوح الاية-25)

яъни: “Улар ўз хато (гуноҳ)лари сабабли ғарқ қилиниб, (сув балосидан сўнг) оловга киритилдилар” (Нуҳ сураси, 25-оят).

  • Инсоният қайта тирилгандан кейин Аллоҳ таоло томонидан, илми ва амали (буйруқ ва қайтариқларига қандай амал қилгани), молни қаердан топгани ва қаерга сарфлагани, умрини қандай ўтказгани ва неъматларга шукронаси ҳақида савол жавоб қилинишига имон келтирамиз. Баъзи ривоятларда бандадан сўраладиган энг аввалги сўроқ намоздан бўлиши, шундан яхши ўтса, қолгани осон бўлиши зикр қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

فَوَرَبِّكَ لَنَسْأَلَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ

(سورة الحجر الاية- 92)

яъни: “Раббингизга қасамки, албатта, уларнинг барчасини сўроқ қилгайман” (Ҳижр сураси,  92-ояти).

  • Қиёмат кунида амаллар: савоблар ва гуноҳлар тарозуда тортилади. Одамларга дунёда қилган ишлари фаришталар томонидан битиб қўйилган номаи аъмоллари берилади. Мўмин-мусулмонларга ўнг ва олд томондан, аҳли куфрга чап ва орқа томондан берилади. Қуйидаги оятларда юқоридаги маънолар зикр қилинган:

فَأَمَّا مَنْ ثَقُلَتْ مَوَازِينُهُ هُوَ فِي عِيشَةٍ رَاضِيَةٍ وَأَمَّا مَنْ خَفَّتْ مَوَازِينُهُ فَأُمُّهُ هَاوِيَةٌ

(سورة القارعة الايات-6-9)

яъни: “Бас, энди (ўша куни) кимнинг тарозида тортилган нарсалари (савобли амаллари) оғир келса, ана ўша қониқарли маишатда (жаннатда) бўлур. Аммо, кимнинг тарозида тортилган нарсалари (савобли амаллари) енгил келса, унинг жойи (дўзахдаги) “жарлик”дир” (Қориа сураси, 6-9-оятлар).

فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ فَيَقُولُ هَاؤُمُ اقْرَءُوا كِتَابِيَهْ

(سورة الحاقه الاية-19)

яъни:Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: Мана, менинг китобимни ўқингиз!(Ал-Ҳоққа сураси, 19-оят).

وَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِشِمَالِهِ فَيَقُولُ يَا لَيْتَنِي لَمْ أُوتَ كِتَابِيَهْ وَلَمْ أَدْرِ مَا حِسَابِيَهْ

(سورة الحاقه الاية-26-25)

яъни: “Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам!” (Ал-Ҳоққа сураси, 25-26-оятлар).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳақиқий тавба қилишни насиб айлаб, бизга Ўз раҳмати билан муомала қилсин! Номаи аъмолларимизни ўнг томонимиздан бериб, икки дунёда юзимизни ёруғ қилсин.! Омин! 

 

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

28.08.2026   30236   6 min.
Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.

28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.

Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.

Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.

– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.

Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.

Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.

Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.

– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.

Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.

Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.

Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.

– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.

Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари