Ушбу мақолада инсон танасидаги аъзоларнинг ажойиб хусусиятлари ҳақида сўз юритилади. Уларни ўқиб, чиндан ҳам инсон ҳали ўзини тўлиқ ўргана олмаганини англаб етасиз. Ҳар бир расмга мос фикрлар расм остида берилган.

Кўзлар. Бизнинг кўзларимиз ҳеч қачон бургутники сингари ўткирроқ бўлолмайди. Бироқ, инсоннинг кўзлари шу қадар сезгирки, агар Ер бутунлай текис бўлса, биздан 48 километр узоқликдаги ёниб турган чироқни кўришимиз мумкин.
Киндик. Киндигимизда бутун бир экотизим мавжуд. Биз уларни кўра олмаймиз, аммо инсон танасида бактериялар каби триллионлаб кичик организмлар бор. Аниқроқ айтганда, одамнинг киндигида кўплаб бактериялар бор, улар шу қадар кўпки, тропик ўрмон ҳажмидаги экотизимни ташкил қилиши мумкин.

Тери. Теримизнинг ўсиши ҳеч қачон тўхтамайди. Ҳар сонияда 25 миллион янги ҳужайралар ишлаб чиқаришимизни ҳисобга оладиган бўлсак, бизнинг теримиз доим янгиланиб туради. Одамлар умри давомида 18 килограмгача терини йўқотишади.

Тук. Табиатда мутлақо кал одам йўқ. Ҳар бир инсоннинг, шу жумладан аёллар танасининг ҳам ҳар бир квадрат сантиметри тук билан қопланган. Аммо у туклар жуда қисқа, енгил ва нозик бўлгани учун уларнинг аксариятини оддий кўз билан кўриб бўлмайди.

Ўпка. Бизнинг ўпкамизда 1609 км узунликдаги капилляр (майда қон томирлари) мавжуд. Агар ўпкамиздаги 300 000 000 капилляр бошидан охиригача чўзилса, АҚШнинг Сиэтл шаҳридан Сан-Диего шаҳригача ёки тахминан 1609 км чизиқ бўйлаб чўзилиши мумкин.

Ҳужайралар. Бизнинг ҳужайралар ҳеч қачон шакклланишдан тўхтамайди. Ҳужайралар тананинг қурилиш блокларидир. Ҳар сонияда инсон танаси 25 миллион янги ҳужайра ишлаб чиқаради. Таққослаш учун, танамиз ҳар 13 сонияда Қўшма Штатлар аҳолиси сонидан кўпроқ ҳужайра ишлаб чиқаради.

Асаб импулслари. Бизнинг асаб импулсларимиз соатига 402 километр тезликда ҳаракат қилади. Аслида, инсон бирор нарсага тегса ёки танасига игна билан санчилса оғриқ ҳиссини дарҳол сезади. Юқори даражада ривожланган асаб тизимимиз туфайли биз узоқ туришимиз керак бўлган нарсаларга миллисониядан камроқ вақтда жавоб беришимиз мумкин. Асаб импулслари шунчалик тезки, ташқи таъсирлардан келадиган сигналлар мияга соатига ўртача 402 километр тезликда келади.

Инсондаги сезги. Бизда бештадан ортиқ сезги бор. Одамлар бешта сезгига эга. Шунингдек, мувозанат, ҳарорат, оғриқ ва вақт каби 10 та муҳим ҳис-туйғулар мавжуд. Бундан ташқари яна бақириш, ташналик ва тўлиқлик (тўкислик) ҳислари ҳам бор.

Порлаймиз. Биз қоронғуда нур таратамиз. Денгиз жониворлари сингари, одамлар ҳам табиий равишда биолюминесцентдир. Биолюминесценсия – юнонча сўз бўлиб, “тирик организмларнинг кучсиз нур ҳосил қилиш хусусияти” деган маънони ифода қилади. Бироқ, биз чиқарадиган нур жуда заифдир. Шу сабабли бизнинг кўзимиз уни ажратиб ололмайди.

Кўз ёши. Кўз ёшларимиз ҳис-туйғуларимизни сезади. Одамлар нима сабабдан йиғлаётганларига қараб тузилиши турлича бўлган кўз ёшларини ишлаб чиқарадилар. Қайғу, айбдорлик ёки бахт каби ҳис-туйғулар кўз ёшларнинг молекуляр тузилишида кескин ўзгаришларга олиб келади. Кўз ёшлари, худди қор парчалари каби, молекуляр тузилиши жиҳатидан бири иккинчисига ўхшамайди.

Инсон мияси. Бизнинг миямиз асосан сувдан иборат. Миямизда оз миқдорда гўшт ва тўқима мавжуд. Қолган 80 фоизи сувдан иборатдир. Дарҳақиқат, инсон танасининг кўп қисми сувдан иборат.

Акса уриш. Бизнинг акса уришимиз шамолдан ҳам кучли. Инсоннинг акса уриши амалий функцияга эга. Бу жараён бурун бўшлиғи ва томоқни ҳар қандай тўсиқдан тозалайди. Аксириш кучи шунчалик каттаки, у соатига 160 километр тезликдан ошади.

ДНК (Тирик организмларда ирсий белгиларни сақлаш ва наслдан наслга ўтказиш вазифасини бажаради). Инсон ДНКси жуда аниқ бўлиб, кичик ўзгариш ҳам сизни бутунлай янги қиёфага айлантириши мумкин.

Мия. Миямиз оғриқни сезмайди. Мия тананинг бошқа қисмларидаги оғриқ ҳиссини сезиши ва уни қайта ишлаши мумкин. Аммо миянинг ўзи оғриқни ҳис қила олмайди. Сизнинг қўлларингиз, оёқларингиз ва танангизнинг бошқа қисмларида мавжуд бўлган оғриқ сезгиси мияда йўқ.

Инсон бўйи. Бизнинг танамизда ҳар куни ўзгариш ва ўсиш тўхтамайди. Инсон тана аъзолари, бўйи туни билан ўсади. Одамлар кечқурунга нисбатан эрталаб 1 сантиметр баландроқ бўладилар. Кун давомида умуртқа дискида қисқариш бошланади ва кечга бориб танамиз қисқаради.

Атомлар. Коинотдаги юлдузлар сонига қараганда инсон танасида кўпроқ атом мавжуд. Барча моддалар молекулалардан ташкил топган ва молекулалар атомлардан иборат. Катта ёшдаги кишилар 7 октиллион атомдан иборат. 7 октиллион – 7 сонидан кейин 27 та нол (7 000 000 000 000 000 000 000 000 000) бўлади деганидир. Бу эса коинотдаги юлдузлар сонидан икки баробар кўпдир.

Суяклар. Суякларимиз гранит каби қаттиқдир. Биз суякларни заиф деб ўйлаймиз. Бироқ, суяклар гранит каби қаттиқ, кучлидир. Мисол учун гугурт қутиси катталигидаги суяк қисми 8 тонна оғирликни кўтариб туриши мумкин.

Юрак. Бизнинг юракларимиз танамиздаги бошқа мускулли аъзолардан кучлироқдир. Инсоннинг юраги кунига 24 соат ва хафтасига 7 кун давомида танамиздаги томирлар орқали қонни тинимсиз равишда ўтказиб туриши учун кучли бўлиши керак. Юрак мускуллари шу қадар кучлики, у қонни 9 метр узоқликка отадиган даражада босим ҳосил қилиши мумкин.
Ҳа, азизлар, инсон ана шундай мавжудотдир. Унинг тана аъзолари, уларнинг ишлаш жараёнлари, имкониятлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Уларнинг ҳар биридаги мукаммаллик, аниқ тартиб-интизом уни Буюк Холиқ томонидан яратилганини кўрсатади. Биз ўзимизнинг тузилишимиз ҳақида кўпроқ тафаккур қилиб кўришимиз керак. Ихлос билан ўрганган одам унда Аллоҳнинг борлигига, бирлигига далолат қилувчи кўплаб белгиларни, аломатларни топади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَفِي الْأَرْضِ آيَاتٌ لِّلْمُوقِنِينَ وَفِي أَنفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ
“Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!” (Зарият сураси, 20-21-оятлар).
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бу муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг буюк устози, фазилатли Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзларидир.
У зот бу насиҳатни Шайх Аввомага талабалик йилларининг бошларида айтган эдилар. Бунга сабаб, Шайх Аввома бир кеча Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ўқиган шубҳали бир воқеага аниқлик киритиш учун устозларига мурожаат қилганлари бўлган.
Шайх Муҳаммад Аввома бундай дейдилар: “Шайх Абдуллоҳ бизга бешинчи курсда ҳанафий фиқҳи бўйича машҳур “Ал-Ихтиёр” китобидан дарс берар эдилар. Бир куни мен у кишининг ҳузурларига Исломга улкан хизмат қилган буюк имом – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги ғалати бир ривоятни ўқиб келдим.
Ривоятда айтилишича, Имом Бухорийдан бир эчкининг сутини эмган икки гўдак – бир ўғил ва бир қиз – кейинчалик ўзаро никоҳланишлари мумкинми, деб сўрашибди.
Ҳикояга кўра, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уларнинг никоҳланишлари мумкин эмас, деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг, гўёки шаҳар олимлари бу фатвони жоҳиллик деб баҳолаб, Имом Бухорийни сургун қилган эмиш.
Мен бу воқеани Шайх Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳга айтиб берганимда, у зот хотиржамлик ва донолик билан:
— Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг, — дедилар”.
Шайх Муҳаммад Аввома давом этиб бундай дейдилар:
“Аллоҳга қасамки, бу сўз мен учун улкан сабоқ бўлди. Бу ҳаёт давомида амал қилишим керак бўлган бир мезон, хулқий қоидага айланди. Устозим бутун бошли одоб ва тафаккур дастурини битта жумлада жамлаб бердилар. Мен бу насиҳатни бундан эллик йил аввал эшитганман. Энди эса бошқалар ҳам ундан фойда кўришлари учун келтирмоқдаман”.
Биз учун сабоқ
Бу воқеадан олинадиган биринчи сабоқ шуки, қачонки биз шубҳали ёки билмаган маълумотга дуч келсак, дарҳол илмли ва ишончли кишилар билан маслаҳатлашишимиз керак.
Афсуски, бугунги кунда кўпчилик эшитган ёки ўқиган маълумотини текширишга уринмайди. Бу эса кўпинча жиддий ва аянчли оқибатларга олиб келади. Агар маълумот ўша соҳанинг ишончли мутахассисидан бўлмаса, биз ҳар қандай даъвони кўр-кўрона қабул қилмаслигимиз керак.
Ижтимоий тармоқлар тузоғи
Ижтимоий тармоқлар инсониятга мислсиз даражада кенг ахборот оламини тақдим этди. Бироқ унинг энг катта хавфларидан бири оммавий ёлғон ва дезинформациянинг тез тарқалишидир.
Кўпчилигимиз ўқиган нарсамизнинг барчасига ишонишга мойилмиз. Ҳолбуки, ушбу мақоланинг асосий мақсади айнан бундан қайтаришдир.
Баъзан одамлар хабарнинг мазмунига эмас, уни юборган кишига қараб ишонадилар. Ваҳоланки, у ҳам бу маълумотни бошқа бировдан олган бўлиши мумкин.
“Нусха кўчириш ва жойлаштириш” одати
Бугунги кунда одамларнинг асл манбага мурожаат қилмасдан маълумотларни кўчириб тарқатишлари одатий ҳолга айланган. Бу ҳам нотўғри ёндашувдир.
Бундай одатнинг энг катта зарарларидан бири шуки, хабар бир неча қўлдан ўтгач, унинг асл манбаси ва маъноси бутунлай йўқолиб кетади. Натижада, маълумотнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини текшириш имконсиз бўлиб қолади.
Аслида, бу маълумот ишончлими? Балки у бошидан охиригача тўқима ва асоссиздир?
Шу сабабли яна бир бор огоҳлантирамиз:
Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!
Бу насиҳатга амал қилиш бугунги кунда осон эмас. Чунки кўпчилик одамлар уларга етиб келган ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қилишга одатланиб қолган.
Аллоҳ таоло бизга ҳақиқатни англашни, маълумотларни тўғри баҳолашни ва фойдали илмга амал қилишни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД