Бугун, 24 январь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади.
Мазкур қабул жараёнида билдирилган шаръий масалалар, масжидлар ҳолати, имомлар фаолияти, ҳаж навбати, оилавий муносабатлар, ишга кириш, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Бугунги қабул давомида Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.






Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Озарбайжонда бўлиб ўтган Саййид Яҳё Бокувийнинг бой маънавий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциянинг ёпилиш маросими рамзий маънога эга бўлган тарихий Ағдам шаҳрида ўтказилди. Унда туркий давлатлар, араб-мусулмон мамлакатлари диний пешволари, уламолар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва ҳурлик энг бебаҳо неъмат эканини алоҳида таъкидлаб, уммат бирлиги, ҳамжиҳатлик ва диний-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш заруратига тўхталдилар. Шунингдек, давлат Раҳбарлари ўртасидаги самимий биродарлик ва олий даражадаги ўзаро ташрифлар халқларимиз тарихида янги саҳифа очганини эътироф этдилар.
Йиғилишда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳам сўзга чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Озарбайжон етакчисининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва имзоланган "Абадий дўстлик шартномаси" қардошлик муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Анжуман якунида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жанобларининг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганлар ва бутун ислом уммати ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида эл-юртларимиз тинчлиги, мамлакатларимиз фаровонлиги ҳамда анжуманда кўтарилган муҳим масалалар мусулмонлар ва бутун уммат манфаати учун хизмат қилишини Ҳақ таолодан сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати