Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июн, 2026   |   19 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:51
Пешин
12:27
Аср
17:35
Шом
19:57
Хуфтон
21:33
Bismillah
06 Июн, 2026, 19 Зулҳижжа, 1447

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси "Хадичаи Кубро" мадрасасига ташриф буюрди

08.10.2018   6579   2 min.
Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси

Ташриф чоғида меҳмонлар таълим муассасаси фаолияти, жумладан, ўқув жараёнлари, маънавий-маърифий ишлар билан яқиндан таништирилди. Шундан сўнг, Танзила Камаловна  билим юрти педагог-ўқитувчилари ва талаба қизлари билан самимий суҳбат олиб борди. Суҳбат жараёнида жамиятда, хусусан, аёл-қизлар ўртасида долзарб ва муҳим бўлган муаммолар, улар орасида юзага келаётган қийин вазиятлар ҳақида маълумотлар бериб, бугунги кунда ечимини кутаётган кўплаб ижтимоий масалалар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида диний ва дунёвий билимлар бериладиган ушбу таълим муассасасининг ўқитувчи ва мураббийлари ҳамда  талаба қизларининг  ўрни жуда муҳим экани, улар билан биргаликда жамиятдаги аёл-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини яратишга, оилаларда мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этишга, ёш қизларни катта ҳаётга ва оила қуришга тайёрлаш  каби масалаларни таъкидлаб ўтдилар. Психолог Р.Тўрахўжаева эса талаба қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг дунёқараши, ҳаётга бўлган қизиқиши, келажакдаги режа ва мақсадлари, уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида савол-жавоб ўтказди.

Суҳбат сўнгида, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Камаловна Норбоева ва унинг ўринбосари Мукаррам Ахмедовна Нурматовалар, жамиятдаги ўз ечимини кутаётган турли муаммолар, хусусан, аёллар орасида тарқалган ўз жонига қасд қилиш, турли бидъат-хурофотларга барҳам бериш, ёш оилалар бузилишини, “оммавий маданият” ҳолатларини олдини олиш, ота-онага бўйсунмаслик, ватанга хиёнат, экстремизм ва терроризм ҳамда ёт ғояларга қарши курашиш борасида билим юрти билан мунтазам равишда ҳамкорликда иш олиб бориш, жойлардаги таълим муассасаларида, айниқса, жамиятнинг муҳим бўғини саналган маҳаллаларда билим юрти мударрисалари ва талаба қизлари иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, учрашувлар ўтказиш, бундай ишларнинг ҳам маънан ҳам диний жиҳатдан тўғри эмаслигини тушунтириш, ёшларда ватанга бўлган муҳаббат туйғусини шакллантириш зарурлигини қайд этиб ўтдилар.

Танзила Норбоеванинг билим юртига ташрифи талаба қизларда катта таассурот уйғотди. Бош вазир ўринбосари томонидан билим юрти талаба қизларига юртимиз равнақи ва илм-фанига ўз ҳиссаларини қўшиш, келажакда улардан диний соҳада улкан натижалар кутилаётгани ҳақида тўхталиб, уларга катта ишонч билдирилди.

Шунингдек, Т.Норбоевага ҳар қандай вазиятда ва мавжуд муаммоларни бартараф этишда мурожаат қилишлари мумкинлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳар доим ёрдамга тайёр эканини,ҳар қандай ижобий фикр ва таклифлар, инновацион ғояларни қўллаб қувватлаш тарафдориэканини айтиб ўтди.

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

“Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!”

05.06.2026   7398   4 min.
“Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!”

Бу муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг буюк устози, фазилатли Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзларидир.

У зот бу насиҳатни Шайх Аввомага талабалик йилларининг бошларида айтган эдилар. Бунга сабаб, Шайх Аввома бир кеча Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ўқиган шубҳали бир воқеага аниқлик киритиш учун устозларига мурожаат қилганлари бўлган.


Шайх Муҳаммад Аввома бундай дейдилар: “Шайх Абдуллоҳ бизга бешинчи курсда ҳанафий фиқҳи бўйича машҳур “Ал-Ихтиёр” китобидан дарс берар эдилар. Бир куни мен у кишининг ҳузурларига Исломга улкан хизмат қилган буюк имом – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги ғалати бир ривоятни ўқиб келдим.

Ривоятда айтилишича, Имом Бухорийдан бир эчкининг сутини эмган икки гўдак – бир ўғил ва бир қиз – кейинчалик ўзаро никоҳланишлари мумкинми, деб сўрашибди.

Ҳикояга кўра, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уларнинг никоҳланишлари мумкин эмас, деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг, гўёки шаҳар олимлари бу фатвони жоҳиллик деб баҳолаб, Имом Бухорийни сургун қилган эмиш.

Мен бу воқеани Шайх Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳга айтиб берганимда, у зот хотиржамлик ва донолик билан:

Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг, — дедилар”.

 

Шайх Муҳаммад Аввома давом этиб бундай дейдилар:

“Аллоҳга қасамки, бу сўз мен учун улкан сабоқ бўлди. Бу ҳаёт давомида амал қилишим керак бўлган бир мезон, хулқий қоидага айланди. Устозим бутун бошли одоб ва тафаккур дастурини битта жумлада жамлаб бердилар. Мен бу насиҳатни бундан эллик йил аввал эшитганман. Энди эса бошқалар ҳам ундан фойда кўришлари учун келтирмоқдаман”.


Биз учун сабоқ

Бу воқеадан олинадиган биринчи сабоқ шуки, қачонки биз шубҳали ёки билмаган маълумотга дуч келсак, дарҳол илмли ва ишончли кишилар билан маслаҳатлашишимиз керак.

Афсуски, бугунги кунда кўпчилик эшитган ёки ўқиган маълумотини текширишга уринмайди. Бу эса кўпинча жиддий ва аянчли оқибатларга олиб келади. Агар маълумот ўша соҳанинг ишончли мутахассисидан бўлмаса, биз ҳар қандай даъвони кўр-кўрона қабул қилмаслигимиз керак.


Ижтимоий тармоқлар тузоғи

Ижтимоий тармоқлар инсониятга мислсиз даражада кенг ахборот оламини тақдим этди. Бироқ унинг энг катта хавфларидан бири оммавий ёлғон ва дезинформациянинг тез тарқалишидир.

Кўпчилигимиз ўқиган нарсамизнинг барчасига ишонишга мойилмиз. Ҳолбуки, ушбу мақоланинг асосий мақсади айнан бундан қайтаришдир.

Баъзан одамлар хабарнинг мазмунига эмас, уни юборган кишига қараб ишонадилар. Ваҳоланки, у ҳам бу маълумотни бошқа бировдан олган бўлиши мумкин.


“Нусха кўчириш ва жойлаштириш” одати

Бугунги кунда одамларнинг асл манбага мурожаат қилмасдан маълумотларни кўчириб тарқатишлари одатий ҳолга айланган. Бу ҳам нотўғри ёндашувдир.

Бундай одатнинг энг катта зарарларидан бири шуки, хабар бир неча қўлдан ўтгач, унинг асл манбаси ва маъноси бутунлай йўқолиб кетади. Натижада, маълумотнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини текшириш имконсиз бўлиб қолади.

 

Аслида, бу маълумот ишончлими? Балки у бошидан охиригача тўқима ва асоссиздир?

Шу сабабли яна бир бор огоҳлантирамиз:

Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!

Бу насиҳатга амал қилиш бугунги кунда осон эмас. Чунки кўпчилик одамлар уларга етиб келган ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қилишга одатланиб қолган.


Аллоҳ таоло бизга ҳақиқатни англашни, маълумотларни тўғри баҳолашни ва фойдали илмга амал қилишни насиб этсин.


Даврон НУРМУҲАММАД