Ширк – кечирилмас гуноҳ
Муҳтарам азизлар! Бугунги мавзумиз ҳар бир мусулмон киши учун ўта муҳим бўлиб, мўмин киши эътиқодининг асоси бўлмиш имоннинг кушандаси ҳисобланган ширк ва унинг турлари ҳақидадир.
Араб тилида ширк сўзи “икки нарсани тенглаштириш”, “тенгдош қилиш”, “шерик қилиш” деган маъноларни билдиради. Унинг шаръий маъноси: Аллоҳ таъолога зоти, феъллари, ибодати ва гўзал исму сифатларида махлуқларни тенгдош қилиш, шерик қилиш тушунилади. Қуръони каримда ширк ва унинг ўзагидан ясалган сўзлар 34 марта зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчасида ушбу гуноҳ қораланган ва ундан қайтарилган.
шариатимизга кўра, ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади. Ундан қайтариш жамики анбиё алайҳимуссаломлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағзидир. Чунки, ҳар бир набий ва расул албатта ўз қавмига:
يَا قَوْمِ اعْبُدُوا اللَّهَ مَا لَكُم مِّنْ إِلَٰهٍ غَيْرُهُ
(سورة الأعراف/59)
яъни: “Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир”, – дегандир (Аъроф сураси, 59-оят).
Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришдан Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида қайтарган. Жумладан, Наҳл сурасининг 51-54 оятларида шундай деган:
وَقَالَ اللَّهُ لاَ تَتَّخِذُواْ إِلـهَيْنِ اثْنَيْنِ إِنَّمَا هُوَ إِلهٌ وَاحِدٌ فَإيَّايَ فَارْهَبُونِ وَلَهُ مَا فِي الْسَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَلَهُ الدِّينُ وَاصِباً أَفَغَيْرَ اللّهِ تَتَّقُونَ وَمَا بِكُم مِّن نِّعْمَةٍ فَمِنَ اللّهِ ثُمَّ إِذَا مَسَّكُمُ الضُّرُّ فَإِلَيْهِ تَجْأَرُونَ ثُمَّ إِذَا كَشَفَ الضُّرَّ عَنكُمْ إِذَا فَرِيقٌ مِّنكُم بِرَبِّهِمْ يُشْرِكُونَ
(سورة النحل/51-54)
яъни: “Аллоҳ: “Икки (сохта) илоҳни маъбуд қилиб олмангиз! Албатта, У ягона илоҳдир! Бас, Мендангина қўрқингиз!” – деди. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?! Сизларда қайси бир неъмат бор бўлса, албатта, у Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга мусибат етса ҳам фақат Унгагина ёлворасизлар. Сўнгра (У) сизлардан (ўша) мусибатни даф этгач, сизларнинг орангиздан бир тўда (кимсалар чиқиб) Парвардигорларига ширк келтирурлар” (Наҳл сураси, 51-54-оят).
Муҳтарам жамоат! Уламолар ширк асосан икки турга: катта ширк ва кичик ширкка бўлинади деганлар. Катта ширк – Аллоҳга бирор-бир нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва у зот билан бирга бошқа нарсаларга ибодат қилишдир. У гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Аллоҳнинг Ўзи сақласин. Бу борада Ҳақ таоло Ўзининг каломида шундай деган:
إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا
(سورة النساء/48).
яъни: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди” (Нисо сураси, 48-оят).
Иккинчиси, кичик ширк бўлиб, у кишини Ислом миллатидан чиқармасада унда бардавом бўлиш катта ширкка олиб бориши мумкин. Бунда киши ўша ишдан дарҳол қайтиши ва тавба қилиши лозим бўлади.
قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا هَذَا الشِّرْكَ، فَإِنَّهُ أَخْفَى مِنْ دَبِيبِ النَّمْلِ، فَقَالَ لَهُ مَنْ شَاءَ اللهُ أَنْ يَقُولَ: وَكَيْفَ نَتَّقِيْهِ وَهُوَ أَخْفَى مِنْ دَبِيْبِ النَّمْلِ يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: قُولُوا: اللَّهُمَّ إِنَّا نَعُوذُ بِكَ أَنْ نُشْرِكَ بِكَ شَيْئاً نَعْلَمُهُ، وَنَسْتَغْفِرُكَ لِمَا لَا نَعْلَمُهُ"
(رَوَاهُ الإمَامُ أَحْمَدُ وَالإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ)
яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар, ушбу ширкдан сақланинглар, чунки, у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”, –дедилар. у зотга Аллоҳнинг иродаси ила бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?”, – деди. Шунда у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, биз билиб туриб, сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз”, – денглар, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилишган).
Демак, ширк чумолининг ўрмалашидан ҳам махфий тарзда мўмин киши амалларига кириб қолиши мумкин экан. Уламоларимиз ушбу ҳадисни изоҳлаб, ширк келтириш барча солиҳ амалларда, жумладан, дуо, сажда, назр, садақа каби жисмоний ва молиявий ибодатларда ҳам бўлиши мумкин, деганлар.
Мусулмон киши ўзининг имон ва эътиқодига биноан барча ҳожатларини сўрашда фақат ягона Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
فمن كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا
(سورة الكهف/110)
яъни: “...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).
Шариатимиз кўрсатмаларига кўра қабрларни зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "ﻛُﻨْﺖُ ﻧَﻬَﻴْﺘُﻜُﻢْ ﻋَﻦْ ﺯِﻳَﺎﺭَﺓِ ﺍﻟﻘُﺒُﻮﺭِ ﺃﻻَ ﻓَﺰُﻭﺭُﻭﻫَﺎ فَإِﻧَّﻬَﺎ ﺗُﺬَﻛّﺮُﻛُﻢْ الآﺧِﺮَﺓَ"
(رَوَاهُ الامَامُ التّرْمِذِيُّ)
яъни: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади” (Имом Термизий ривояти).
Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим бўлар экан. Шунингдек, азиз-авлиёларнинг мақбараларини, яқинларимизни қабрларини зиёрат қилиб туриш Ислом динида савобли ишлардан саналади. Аммо бунинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Бугунги кунда айрим ватандошларимиз юртимиздаги баъзи зиёратгоҳлардаги мақбаралар ва у ердаги дарахтларни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва унга сиғиниш каби ширк амалларни қилаётганлари сир эмас. Тилаклар ижобат бўлади, дея қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар ёнига шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш бидъат ва хурофот амаллардир. ҳеч нарсага ярамайдиган оддий бир латтани дарахтга боғлаб, ҳожатим раво бўлади, дейиш мантиққа ҳам тўғри келмайди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, қабрлар зиёрати охиратни эслаш учундир. Аммо қабрлар зиёратининг асл моҳиятини унутиб, азиз авлиёлар қабрларига бориб, ҳожатларини сўрайдиган, бахт ёки фарзанд ёҳуд ишига ривож тилаб, истакларини соҳиби қабрлардан сўрайдиганлар ҳам бор. Ваҳолангки, ҳар қандай истак, тилакларни фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ
(سورة الأحقاف/5)
яъни: “Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар” (Аҳқоф сураси, 5-оят).
Ҳанафий мазҳабидаги мўтабар манбалардан бири “Раддул муҳтор” китобида шундай дейилган: “Авом халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстлари қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир”.
Муҳтарам жамоат! Сарвари коинот Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида Ислом дини ақидалари, аҳкому усулларини саҳобаи киромларга мукаммал равишда етказганлар. Саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлардан тортиб то бизнинг асримизгача ўтган Ислом уммати уламолари, мусулмонларга Аллоҳ қодир қилгунча шариат аҳкомларини тушунтириш, Исломга кириб қолган бидъат ва хурофотлар ҳамда ирим-сиримларга қарши жиддий курашишда зўр маҳорат кўрсатиб келганлар. Лекин шунга қарамай, мусулмон халқи ўртасида ҳануз динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз эътиқодлар ҳукм суриб келаётганлиги ачинарли бир ҳолдир.
Баъзи одамлар айрим ой, кун, жой ва одамлардан шумланишлари ва улар ҳақида ёмон гумонда бўлишлари нодонлик ва ислом шариати таълимотларидан бехабарликларига далолатдир. Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам сафар ойидан шумланиш одати бор эди. Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада бир қанча ҳадислар айтдилар.
قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "لاَ عَدْوَى وَلاَ غُولَ وَلَا صَفَرَ"
(رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ أبُو دُاوُدَ)
яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалликнинг юқиши йўқ, ғул йўқ ва сафар йўқ”, – дедилар” (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Яъни, дунёдаги ҳар бир нарса шу жумладан, хасталик юқиши ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Ҳадисда зикр қилинган “Ғул” жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб кетиб, турли балоларга учратади, деган эътиқодни қилишар эди. Ислом бу нотўғри эътиқодни ҳам рад этди. Шунингдек, жоҳилият аҳлининг Сафар ойи тўғрисида ҳам бидъат-хурофотдан иборат тушунчалари бор эди. Ислом бундай асоссиз эътиқодларни ҳам рад этиб, ой-кунларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолоники эканини эълон қилди.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида биз уммати Муҳаммадга ширкнинг ҳалокатга элтувчи энг оғир гуноҳ эканлиги борасида ҳазрати Луқмони ҳакимнинг ўғилларига қилган насиҳатларини ибрат қилиб келтиради.
وَإِذْ قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ يَا بُنَيَّ لَا تُشْرِكْ بِاللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ
(سورة اللقمان/13)
яъни: “Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Демак, оталар фарзандларига дунёни қандай тўплашни эмас, олдин шу насиҳатларни қилиб, уларга тўғри эътиқод ва тушунчаларни ўргатсалар фойдали бўлади. Эътибор берсак Луқмони ҳаким биринчи навбатда ўғилларига ширкдан эҳтиёт бўлишни насиҳат қилдилар. Демак биз ва фарзандларимиз биринчи навбатда ширк амаллардан узоқ туришимиз керак. Чунки ширк энг хатарли, бутун солиҳ амалларни йўққа чиқарадиган, жаҳаннамда инсонни абадий қолдирадиган гуноҳдир.
Ҳурматли жамоат! Мавъизанинг давомида мўмин-мусулмонларни кофирга чиқаришнинг оғир гуноҳ эканлиги ҳақида суҳбатлашамиз.
“Такфир” масаласини чуқурроқ ўрганиб чиқсак, бу иш динимиз асосларини пухта билмасликдан келиб чиққанини билиб оламиз. Такфирчилар қилаётган ишини ҳақ эканлигига мўмин-мусулмонларнинг баъзи шариат аҳкомларини бажармаётгани ва улар айтаётган гапларни айтмаётганини далил қиладилар. Ҳақли савол туғилади, динимизда баъзи шариат аҳкомларини бажармаётганлар кофир бўладими? Йўқ, балки, ундай кишилар осий ва гуноҳкор бўладилар. Чунки имоннинг рукни иккита: қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиш. Демак, мана шу икки рукнни бажарган одам мўмин бўлади ва уни кофир дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
Ашъария ақидавий мазҳабида шариат арконларига амал қилишни имон рукнларидан саналсада, бирор амални тарк қилган одамни, модомики фарзни инкор қилмас экан, кофир дейилмайди.
Мотуридия ақийдавий мазҳабимиздаги мўтабар китоблардан саналмиш “Ақидатут-Таҳовия”да шундай дейилади: “Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳи туфайли кофир демаймиз. Модомики, ўша гуноҳни ҳалол ҳисобламаса”. Бу ерда “аҳли қибла”дан мурод, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирортасини инкор қилмаганлар кўзда тутилади ва уларни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз.
Баъзи оят ва ҳадисларда маълум бир гуноҳларни қилганларни кофир деб аталган. Масалан, Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирлардир” (Моида сураси, 44-оят). Бу оятнинг тақозосига кўра, оятларга мувофиқ ҳукм чиқармаган киши гўё кофир саналади, деб ўйлаш мумкин. Лекин Ибн Аббосдан шу оят хусусида нақл қилинадики, Аллоҳнинг ҳудуди (ҳукмлари)дан бирортасини инкор этмай иқрор ва тасдиқ этган ҳолда уларга мувофиқ ҳукм қилмаса кофир бўлмайди, балки фосиқ (гуноҳкор) бўлади.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки куфр иккига бўлинади. Эътиқодий куфр ва амалий куфрга (ёки Исломдан чиқарадиган куфр ва мажозий куфрга). Баъзи бир гуноҳларни оят ва ҳадисларда куфр деб аталиши муболаға тариқасида бўлиб, одамни диндан чиқармайдиган мажозий куфрдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишидан тийилиш (унинг моли, обрўси ва жонига талофат етказмаслик) имоннинг аслидир. Бундай кишини ҳеч бир гуноҳи учун кофир санамаймиз, уни бирор гуноҳ амал сабабли Исломдан чиқармаймиз...”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Яъни, имон калимасини айтиб, зоҳирида мусулмончиликка амал қилиб турган одамни гуноҳи туфайли Ислом динидан чиқармаймиз.
Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон киши ўз биродарига “Эй, кофир” деса, икковларидан бири ўшандай бўлади”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти). Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ўйлаб қўйиш керак бўлади. Зеро, бизнинг ҳозирги замонамизда мусулмонларни тафриқага бўлиб ташлаш ғарази билан гуноҳ амал қилганларни кофирга чиқариш ҳолатлари бутун ислом оламида рўй бермоқда.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзи рози бўладиган солиҳ амалларга муваффақ этсин ва Ўзи қайтарган катта-кичик гуноҳлардан паноҳида асрасин. Ўзимиз ва оила аъзоларимизни соғлом эътиқодда ҳаёт кечириб боришимизни насиб айласин! Омин!
#Вакилликлар фаолиятидан
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 14 та ҳудудий вакиллиги фаолият юритади. Мазкур ҳудудларда жами 2161 та масжид бўлиб, 3000 дан зиёд имом-хатиб ва имом ноиби хизмат қилади. Вакилликлар фаолиятидан, деб номланган ушбу рукнимизда ҳудудий вакиллар билан туркум суҳбатларни режа қилганмиз. Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида бўлдик.
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби, “Имом Бухорий” ордени соҳиби, Уламолар Кенгаши аъзоси Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Суҳбатимизни Сиз вилоят бош имом-хатиби сифатида иш бошлаган даврлардан бошласак. Дастлаб вакиллик фаолиятини таҳлил қилиб, қандай оғриқли нуқталар, тезкорлик билан ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни кўрган эдингиз ва бугунги кунда улар қанчалик ҳал этилган?..
– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Бундан роса 14 йил олдин – 2012 йилнинг июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили ҳамда вилоят бош имом-хатиби сифатида фаолият бошлаганман. Ўшанда вакилликнинг фаолиятини атрофлича таҳлил қилиб, тизимли ёндашувни талаб этадиган қатор вазифаларни белгилаб олганмиз.
Хусусан, масжидлар фаолиятини ягона тартиб ва талаблар асосида ташкил этиш, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, ижро интизоми ва ҳисобдорликни кучайтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада самарали йўлга қўйиш кабиларга алоҳида эътибор қаратдик.
Бугунга келиб вакилликда 22 нафар малакали, ўз ишининг мутахассиси бўлган ходим ишламоқда. Шунингдек, масжидлар билан ишлаш, ҳаж-умра, ахборот медиа, аёл-қизлар, ҳуқуқшунослик, молия-хўжалик каби бўлимлар фаолият юритади. Вакиллигимиз замонавий моддий-техник базага эга бўлиб, рақамли технологиялар ва илғор иш услубларидан самарали фойдаланиб келмоқда.
Масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳужжатлар юритилишини такомиллаштириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш, шунингдек, вакиллик тизимида мазкур йўналишлар бўйича ишларни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш мақсадида тегишли бўлимларни ташкил этиш зарурати ҳам бор эди.
Ўтган йиллар давомида мазкур йўналишлар бўйича аниқ режалар асосида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада вилоят вакиллиги ҳамда масжидлар фаолияти янада такомиллаштирилди. Вакиллик тузилмасида тегишли штат бирликлари жорий этилиб, соҳанинг устувор йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ишга қабул қилинди. Бу эса фаолиятни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш, назорат механизмларини кучайтириш ҳамда жойлардаги ишларни сифатли йўлга қўйиш имконини берди.
Имом-хатиблар учун мунтазам малака ошириш ва ўқув-семинарлар йўлга қўйилди, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ва маънавий-маърифий тадбирлар кўлами сезиларли даражада кенгайди. Йилига «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясини кенг тарғиб этиш, экстремизм, терроризм, миссионерлик ва ёт ғояларга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, гиёҳвандлик, ўз жонига қасд қилиш, эрта турмуш ва ажримларнинг олдини олиш, ёшлар, меҳнат мигрантлари ва ҳарбий хизматчилар билан манзилли ишлаш, соғлом турмуш тарзи, оила мустаҳкамлиги, маънавий қадриятлар, ижтимоий тармоқлардаги виртуал таҳдидлардан ҳимоя, атроф-муҳитни асраш ҳамда маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган 35 мингдан ортиқ кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилади.
Ўша даврда имом-хатиб ва диний соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарурати бор эди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳамда муфтий ҳазратларининг ташаббуслари ва бевосита бошчиликлари билан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом-ноиблари ойлик иш ҳақи билан таъминланди. Бу эса уларнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан ва масъулият билан адо этиши учун муҳим омил бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган имкониятлар натижасида вилоятимизда ҳаж зиёрати учун ажратиладиган квоталар йилдан-йилга ошиб, фуқароларнинг муқаддас зиёрат амалини адо этиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2012 йилда вилоятдан бор-йўғи 150 нафар фуқаро ҳаж зиёратини амалга оширган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич йилига 800 нафардан ошди. Бу эса соҳада амалга оширилган ташкилий ишлар ва зиёратчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати анчайин ошганини кўрсатади.
– Вилоятдаги 180 дан ортиқ жоме масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни асл қиёфасини сақлаган ҳолда таъмирлаш ишларида вакиллик маҳаллий аҳоли ва ҳомийлар билан алоқаларни қандай мувофиқлаштирмоқда?
– Вилоятдаги жоме масжидлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ободлиги ва фаолияти учун муносиб шароит яратиш масаласи доимо эътибор марказимизда бўлиб келмоқда. Бу борада ишлар тизимли, шаффоф ва жамоатчилик билан ҳамкорлик асосида ташкил этилган. Айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни таъмирлашда уларнинг асл қиёфаси, миллий меъморий услуби ва тарихий қимматини сақлашга алоҳида аҳамият қаратилади. Бундай объектларда ҳар қандай иш тегишли мутахассислар тавсиялари ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.
Масжидларни ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларида маҳаллий аҳоли, саховатпеша ҳомийлар ва жамоатчиликнинг иштироки муҳим ўрин тутади. Вакиллик томонидан ушбу жараёнлар мувофиқлаштирилиб, ҳомийлик ташаббусларининг мақсадли ва самарали йўналтирилиши таъминланмоқда.
Фаолиятимни бошлаган пайтимда вилоятимизда 182 та жоме масжид фаолият юритар эди. Ҳозир уларнинг сони 187 тага етди. Ўтган 14 йил давомида 58 та масжид замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди, 100 дан ортиқ масжидда эса кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Мисол учун, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 та – Чироқчи туманидаги "Абу Бакр Сиддиқ" ҳамда Китоб туманидаги "Шайх Собир" масжидлари қайта қурилиб, муборак Рамазон ойида масжиднинг янги биноси намозхонларга топширилди.
Шунингдек, намозхонлар учун муносиб ва қулай шароитлар яратиш мақсадида 70 дан ортиқ таҳоратхоналар тўлиқ қайта қурилиб, замонавий талаблар асосида фойдаланишга топширилди.
– Кейинги йилларда вакиллик томонидан имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг нафақат диний, балки дунёвий, сиёсий-ижтимоий билимларини замон талабларига мослаштириш бўйича қандай тизимли дастурлар ва ўқув семинарлари ташкил этилди?
– Имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг замон талабларига мос билим ва кўникмаларини шакллантириш Қашқадарё вакиллиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ташкил этилаётган малака ошириш курслари, ўқув-семинарлар ва қайта тайёрлаш машғулотларида имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Ҳозирги кунга қадар вилоятдаги 187 нафар имом-хатиб ҳамда 91 нафар имом ноиблар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида малака ва кўникмаларини оширишди.
Айниқса, имом-хатибларнинг олий диний маълумотга эга бўлишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2012 йилда вилоятдаги имом-хатибларнинг атиги 16 нафари олий маълумотга эга бўлган бўлса, сўнгги 14 йил давомида бу кўрсаткич кескин ошиб, бугунги кунда имом-хатибларнинг олий маълумотлилари 90 нафардан ошди. Ҳозир ҳам олий маълумотга эга бўлмаган 20 нафар имом-хатиб Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модул тизими асосида таҳсил олиб, ўз билим ва салоҳиятини оширмоқда. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, яқин истиқболда 100 фоиз олий диний маълумотли мутахассислар сифатида шакллантириш мақсад қилинган. Зеро, бугунги кунда имом-хатиблар нафақат диний илм соҳиби, балки кенг дунёқарашга эга, жамият билан самарали мулоқот қила оладиган, замонавий жараёнларни тўғри англайдиган маънавий-маърифий етакчи бўлиши замон талабидир.
– Вилоятдаги Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...
– Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти аҳоли орасида диний билимларни фақат белгиланган тартиб ва малакали мутахассислар орқали олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида норасмий диний таълим масканлари фаолиятининг олдини олиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маърифий муҳитни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят вакиллиги ҳамда Китоб туманидаги "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошида фаолият юритаётган Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари орқали ҳар йили жами 1560 нафар тингловчи Қуръон тиловати ва тажвид қоидалари бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу эса аҳоли диний саводхонлигини ошириш, ёш авлодни илмий-маърифий руҳда тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Аёл-қизлар орасида диний-маърифий ишларни юритадиган отинойилар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг диний тушунчаларини ўстириш, хотин-қизлар орасида ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш борасида вакиллик қандай натижаларни кўрсата олди?
– Аёл-қизлар ўртасида диний-маърифий фаолият олиб бораётган отинойиларнинг ишини ягона тизим асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Илгари бу йўналишда муайян тажриба мавжуд бўлган бўлса-да, фаолиятни мувофиқлаштириш, илмий салоҳиятни мунтазам ошириш ва назорат қилиш механизмларини янада такомиллаштириш зарурати бор эди.
Шу мақсадда ҳар бир отинойининг билим даражаси, фаолият йўналиши ва масъулият доираси қайта кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда воҳада фаолият юритаётган жами 284 нафар отинойининг малакасини ошириш мақсадида тизимли ўқув-семинарлар, суҳбатлар ва давра йиғинлари йўлга қўйилди. Таҗрибали уламолар ва мутахассислар иштирокида ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, миллий қадриятлар, оила мустаҳкамлиги ҳамда замонавий ахборот маконида учраётган мафкуравий таҳдидларга қарши маърифий машғулотлар ташкил этилди. Улар фаолияти мониторинг қилиниб, аҳоли билан ишлаш самарадорлиги доимий таҳлил қилиб борилмоқда.
Бугунги кунда бу ишлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Отинойилар маҳаллаларда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маънавий-маърифий муҳитни шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Айниқса, эрта никоҳ ва ажримларнинг ҳамда ёт ғоялар ва турли бузғунчи қарашлар улар муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Дарвоқе, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ёки жиноятчилик каби оғир ижтимоий муаммолар энг кўп кузатиладиган маҳаллалар билан ишлашда имомларнинг масъулияти ва ҳисобдорлиги қандай бўлмоқда?
– Вакиллик томонидан имом-хатибларнинг маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли ишлаш масъулияти янада кучайтирилган. Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар ой туманларда сайёр йиғилишлар ўтказилиб, жойлардаги мавжуд ҳолатлар, долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиб борилмоқда. Мазкур йиғилишларда имом-хатибларнинг масъулияти, маҳаллалар билан ҳамкорлиги ва амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги таҳлил қилинади. Хусусан, ўтган йил якуни бўйича вилоят миқёсида имом-хатиблар томонидан маҳаллаларда мингдан ортиқ оила билан манзилли ишлар олиб борилди. Улар билан ўтказилган суҳбатлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва тушунтириш ишлари натижасида бир қатор оилавий низоларнинг олди олиниб, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга эришилди.
Муҳими, имом-хатиблар иши фақат ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки инсонлар тақдирига ижобий таъсир кўрсата олган амалий натижалари билан баҳоланмоқда. Шунинг учун имомларимиз маҳаллада халқ билан яқин мулоқот қиладиган, оила, жамият барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшадиган маънавий-маърифий раҳнамо сифатида ўз масъулиятини чуқур англаб, фаолият олиб бормоқда.
– Ижтимоий тармоқларда даъват ишларини олиб бориш, nasafziyo.uz сайти ва ижтимоий саҳифаларни юритишда вакиллик қошида махсус медиа гуруҳ ёки замонавий кадрлар жамоаси шакллантирилганми?
– Бугунги ахборот асрида интернет маконидаги диний-маърифий фаолият муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, вакиллик томонидан замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда аҳоли, айниқса, ёшлар билан мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада вакилликда замонавий талабларга жавоб берадиган медиа хонаси ташкил этилиб, зарур замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, диний-маърифий контентларни тайёрлаш, таҳрир қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш йўналишида фаолият олиб борувчи малакали кадрлар жалб қилинган.
Мазкур тизим орқали ўн бир йилдан буён фаолият юритиб келаётган nasafziyo.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар мунтазам юритилмоқда. Шунингдек, 2017 йилда ташкил этилган Telegram канали бугунги кунда кенг аудиторияга эга бўлиб, аҳолига тезкор ва ишончли диний-маърифий ахборотларни етказишда муҳим ахборот майдонига айланган.
Шунингдек, бугунги кунда вилоятимиздаги ҳар бир масжиднинг Telegram, YouTube, Facebook ва Instagram саҳифалари ҳамда гуруҳлари фаолият юритиб, уларнинг умумий аъзолари сони 310 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Жумладан, биргина nasafziyo телеграм каналининг 120 мингдан ортиқ аъзоси бор. Шунингдек, Улар орқали аҳолига долзарб маънавий-маърифий материаллар, диний-маърифий тавсиялар, масжид фаолиятига оид янгиликлар ҳамда эълонлар мунтазам етказиб борилмоқда.
Албатта, рақамли макон доимий равишда янгиланиб бораётгани сабабли бу йўналишдаги ишлар ҳам узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Асосий мақсад — замонавий медиа имкониятларидан фойдаланган ҳолда халқимизга, айниқса, ёш авлодга сифатли, ишончли ва таъсирчан диний-маърифий ахборотларни етказиб беришда давомли изланишдамиз.
– Вакилликнинг «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан биргаликда кам таъминланган оилалар, етимлар ва ногиронлиги бор шахсларга ёрдам бериш борасидаги фаолияти сўнгги йилларда қанчалик шаффофлашди ва хайрия тадбирлари кўлами воҳа миқёсида қанчалик кенгайди?
– «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан ҳамкорликда аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва хайрли ташаббусларни амалга ошириш фаолиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ёрдамга муҳтож оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳолати ўрганилиб, уларга зарур кўмаклар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Жумладан, Рамазон ойи ва Қурбон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган маблағлар белгиланган тартиб асосида эҳтиёжманд оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга етказиб берилди. Бу хайрли ишлар халқимизга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ташаббус манзиллилик, очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилиб, воҳамизда хайрия ишларининг кўлами ва самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Яқинда кўмакка муҳтож бир оилага уй қуриб беригани ҳам сўзимизнинг бир далилидир.
– Бу заминдан етишиб чиққан улуғ зотларнинг бой илмий мероси, қадамжолари тарихини халқаро ва республика миқёсида тарғиб қилиш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз...
– Бу воҳадан етишиб чиққан Абу Муин ан-Насафий, Абу Бакр ал-Косоний, Абу Ҳафс Насафий, Абу Ҳафс Кеший, Абу Шакур ас-Солимий, Паздавий каби кўплаб алломаларнинг илмий мероси нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами маънавий хазинасининг ажралмас қисмидир.
Вакиллик фаолияти давомида ушбу бой илмий-маърифий меросни ўрганиш, тарғиб қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, алломаларимиз ҳаёти ва илмий фаолияти, улар билан боғлиқ тарихий масканлар ва қадамжоларни ўрганиш, уларнинг маънавий аҳамиятини ёритиш борасида илмий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва тарғибот ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Аллоҳ таоло дин равнақи, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилаётган барча юртдошларимизни икки дунёда мукофотласин!
ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.