Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

12.10.2018 й. Ширк – кечирилмас гуноҳ

5.10.2018   7273   15 min.
12.10.2018 й. Ширк – кечирилмас гуноҳ

Ширк – кечирилмас гуноҳ

Муҳтарам азизлар! Бугунги мавзумиз ҳар бир мусулмон киши учун ўта муҳим бўлиб, мўмин киши эътиқодининг асоси бўлмиш имоннинг кушандаси ҳисобланган ширк ва унинг турлари ҳақидадир.   

Араб тилида ширк сўзи “икки нарсани тенглаштириш”, “тенгдош қилиш”, “шерик қилиш” деган маъноларни билдиради. Унинг шаръий маъноси: Аллоҳ таъолога зоти, феъллари, ибодати ва гўзал исму сифатларида махлуқларни тенгдош қилиш, шерик қилиш тушунилади. Қуръони каримда ширк ва унинг ўзагидан ясалган сўзлар 34 марта зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчасида ушбу гуноҳ қораланган ва ундан қайтарилган.

шариатимизга кўра, ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади. Ундан қайтариш жамики анбиё алайҳимуссаломлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағзидир. Чунки, ҳар бир набий ва расул албатта ўз қавмига:

يَا قَوْمِ اعْبُدُوا اللَّهَ مَا لَكُم مِّنْ إِلَٰهٍ غَيْرُهُ

(سورة الأعراف/59)        

яъни: “Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир”, – дегандир (Аъроф сураси, 59-оят).

Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришдан Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида қайтарган. Жумладан, Наҳл сурасининг 51-54 оятларида шундай деган: 

وَقَالَ اللَّهُ لاَ تَتَّخِذُواْ إِلـهَيْنِ اثْنَيْنِ إِنَّمَا هُوَ إِلهٌ وَاحِدٌ فَإيَّايَ فَارْهَبُونِ  وَلَهُ مَا فِي الْسَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَلَهُ الدِّينُ وَاصِباً أَفَغَيْرَ اللّهِ تَتَّقُونَ وَمَا بِكُم مِّن نِّعْمَةٍ فَمِنَ اللّهِ ثُمَّ إِذَا مَسَّكُمُ الضُّرُّ فَإِلَيْهِ تَجْأَرُونَ  ثُمَّ إِذَا كَشَفَ الضُّرَّ عَنكُمْ إِذَا فَرِيقٌ مِّنكُم بِرَبِّهِمْ يُشْرِكُونَ

(سورة النحل/51-54)

яъни: “Аллоҳ: “Икки (сохта) илоҳни маъбуд қилиб олмангиз! Албатта, У ягона илоҳдир! Бас, Мендангина қўрқингиз!” – деди. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?! Сизларда қайси бир неъмат бор бўлса, албатта, у Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга мусибат етса ҳам фақат Унгагина ёлворасизлар. Сўнгра (У) сизлардан (ўша) мусибатни даф этгач, сизларнинг орангиздан бир тўда (кимсалар чиқиб) Парвардигорларига ширк келтирурлар” (Наҳл сураси, 51-54-оят).

Муҳтарам жамоат! Уламолар ширк асосан икки турга: катта ширк ва кичик ширкка бўлинади деганлар. Катта ширк – Аллоҳга бирор-бир нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва у зот билан бирга бошқа нарсаларга ибодат қилишдир. У гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Аллоҳнинг Ўзи сақласин. Бу борада Ҳақ таоло Ўзининг каломида шундай деган:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا

(سورة النساء/48).

яъни: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди” (Нисо сураси, 48-оят).

Иккинчиси, кичик ширк бўлиб, у кишини Ислом миллатидан чиқармасада унда бардавом бўлиш катта ширкка олиб бориши мумкин. Бунда киши ўша ишдан дарҳол қайтиши ва тавба қилиши лозим бўлади.

قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا هَذَا الشِّرْكَ، فَإِنَّهُ أَخْفَى مِنْ دَبِيبِ النَّمْلِ، فَقَالَ لَهُ مَنْ شَاءَ اللهُ أَنْ يَقُولَ: وَكَيْفَ نَتَّقِيْهِ وَهُوَ أَخْفَى مِنْ دَبِيْبِ النَّمْلِ يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: قُولُوا: اللَّهُمَّ إِنَّا نَعُوذُ بِكَ أَنْ نُشْرِكَ بِكَ شَيْئاً نَعْلَمُهُ، وَنَسْتَغْفِرُكَ لِمَا لَا نَعْلَمُهُ"

(رَوَاهُ الإمَامُ أَحْمَدُ وَالإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ)

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар, ушбу ширкдан сақланинглар, чунки, у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”, –дедилар. у зотга Аллоҳнинг иродаси ила бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?”, – деди. Шунда у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, биз билиб туриб, сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз”, – денглар, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилишган).

Демак, ширк чумолининг ўрмалашидан ҳам махфий тарзда мўмин киши амалларига кириб қолиши мумкин экан. Уламоларимиз ушбу ҳадисни изоҳлаб, ширк келтириш барча солиҳ амалларда, жумладан, дуо, сажда, назр, садақа каби жисмоний ва молиявий ибодатларда ҳам бўлиши мумкин, деганлар. 

Мусулмон киши ўзининг имон ва эътиқодига биноан барча ҳожатларини сўрашда фақат ягона Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина  ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

فمن كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا

(سورة الكهف/110)

яъни: “...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра қабрларни зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "ﻛُﻨْﺖُ ﻧَﻬَﻴْﺘُﻜُﻢْ ﻋَﻦْ ﺯِﻳَﺎﺭَﺓِ ﺍﻟﻘُﺒُﻮﺭِ ﺃﻻَ ﻓَﺰُﻭﺭُﻭﻫَﺎ فَإِﻧَّﻬَﺎ ﺗُﺬَﻛّﺮُﻛُﻢْ الآﺧِﺮَﺓَ"

(رَوَاهُ الامَامُ التّرْمِذِيُّ)

яъни: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади(Имом Термизий ривояти).

Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим бўлар экан. Шунингдек, азиз-авлиёларнинг мақбараларини, яқинларимизни қабрларини зиёрат қилиб туриш Ислом динида савобли ишлардан саналади. Аммо бунинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Бугунги кунда айрим ватандошларимиз юртимиздаги баъзи зиёратгоҳлардаги мақбаралар ва у ердаги дарахтларни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва унга сиғиниш каби ширк амалларни қилаётганлари сир эмас. Тилаклар ижобат бўлади, дея қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар ёнига шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш бидъат ва хурофот амаллардир. ҳеч нарсага ярамайдиган оддий бир латтани дарахтга боғлаб, ҳожатим раво бўлади, дейиш мантиққа ҳам тўғри келмайди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, қабрлар зиёрати охиратни эслаш учундир. Аммо қабрлар зиёратининг асл моҳиятини унутиб, азиз авлиёлар қабрларига бориб,  ҳожатларини сўрайдиган, бахт ёки фарзанд ёҳуд ишига ривож тилаб, истакларини соҳиби қабрлардан сўрайдиганлар ҳам бор. Ваҳолангки, ҳар қандай истак, тилакларни фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ

(سورة الأحقاف/5)

яъни: “Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар” (Аҳқоф сураси, 5-оят).

Ҳанафий мазҳабидаги мўтабар манбалардан бири “Раддул муҳтор” китобида шундай дейилган: “Авом халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстлари қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир”.

Муҳтарам жамоат! Сарвари коинот Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида Ислом дини ақидалари, аҳкому усулларини саҳобаи киромларга мукаммал равишда етказганлар. Саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлардан тортиб то бизнинг асримизгача ўтган Ислом уммати уламолари, мусулмонларга Аллоҳ қодир қилгунча шариат аҳкомларини тушунтириш, Исломга кириб қолган бидъат ва хурофотлар ҳамда ирим-сиримларга қарши жиддий курашишда зўр маҳорат кўрсатиб келганлар. Лекин шунга қарамай, мусулмон халқи ўртасида ҳануз динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз эътиқодлар ҳукм суриб келаётганлиги ачинарли бир ҳолдир.

Баъзи одамлар айрим ой, кун, жой ва одамлардан шумланишлари ва улар ҳақида ёмон гумонда бўлишлари нодонлик ва ислом шариати таълимотларидан бехабарликларига далолатдир. Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам сафар ойидан шумланиш одати бор эди. Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада бир қанча ҳадислар айтдилар.

قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "لاَ عَدْوَى وَلاَ غُولَ وَلَا صَفَرَ"

(رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ أبُو دُاوُدَ)

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалликнинг юқиши йўқ, ғул йўқ ва сафар йўқ”, дедилар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Яъни, дунёдаги ҳар бир нарса шу жумладан, хасталик юқиши ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Ҳадисда зикр қилинган “Ғул” жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб кетиб, турли балоларга учратади, деган эътиқодни қилишар эди. Ислом бу нотўғри эътиқодни ҳам рад этди. Шунингдек, жоҳилият аҳлининг Сафар ойи тўғрисида ҳам бидъат-хурофотдан иборат тушунчалари бор эди. Ислом бундай асоссиз эътиқодларни ҳам рад этиб, ой-кунларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолоники эканини эълон қилди.

Аллоҳ таоло ўзининг каломида биз уммати Муҳаммадга ширкнинг ҳалокатга элтувчи энг оғир гуноҳ эканлиги борасида ҳазрати Луқмони ҳакимнинг ўғилларига қилган насиҳатларини ибрат қилиб келтиради.

 وَإِذْ قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ يَا بُنَيَّ لَا تُشْرِكْ بِاللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ 

(سورة اللقمان/13)     

яъни: “Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).

Демак, оталар фарзандларига дунёни қандай тўплашни эмас, олдин шу насиҳатларни қилиб, уларга тўғри эътиқод ва тушунчаларни ўргатсалар фойдали бўлади. Эътибор берсак Луқмони ҳаким биринчи навбатда ўғилларига ширкдан эҳтиёт бўлишни насиҳат қилдилар. Демак биз ва фарзандларимиз биринчи навбатда ширк амаллардан узоқ туришимиз керак. Чунки ширк энг хатарли, бутун солиҳ амалларни йўққа чиқарадиган, жаҳаннамда  инсонни абадий қолдирадиган гуноҳдир.

Ҳурматли жамоат! Мавъизанинг давомида мўмин-мусулмонларни кофирга чиқаришнинг оғир гуноҳ эканлиги ҳақида суҳбатлашамиз.

“Такфир” масаласини чуқурроқ ўрганиб чиқсак, бу иш динимиз асосларини пухта билмасликдан келиб чиққанини билиб оламиз. Такфирчилар қилаётган ишини ҳақ эканлигига мўмин-мусулмонларнинг баъзи шариат аҳкомларини бажармаётгани ва улар айтаётган гапларни айтмаётганини далил қиладилар. Ҳақли савол туғилади, динимизда баъзи шариат аҳкомларини бажармаётганлар кофир бўладими? Йўқ, балки, ундай кишилар осий ва гуноҳкор бўладилар. Чунки имоннинг рукни иккита: қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиш. Демак, мана шу икки рукнни бажарган одам мўмин бўлади ва уни кофир дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Ашъария ақидавий мазҳабида шариат арконларига амал қилишни имон рукнларидан саналсада, бирор амални тарк қилган одамни, модомики фарзни инкор қилмас экан, кофир дейилмайди.

Мотуридия ақийдавий мазҳабимиздаги мўтабар китоблардан саналмиш “Ақидатут-Таҳовия”да шундай дейилади: “Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳи туфайли кофир демаймиз. Модомики, ўша гуноҳни ҳалол ҳисобламаса”. Бу ерда “аҳли қибла”дан мурод, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирортасини инкор қилмаганлар кўзда тутилади ва уларни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз.

Баъзи оят ва ҳадисларда маълум бир гуноҳларни қилганларни кофир деб аталган. Масалан, Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирлардир” (Моида сураси, 44-оят). Бу оятнинг тақозосига кўра, оятларга мувофиқ ҳукм чиқармаган киши гўё кофир саналади, деб ўйлаш мумкин. Лекин Ибн Аббосдан шу оят хусусида нақл қилинадики, Аллоҳнинг  ҳудуди (ҳукмлари)дан бирортасини инкор этмай иқрор ва тасдиқ этган ҳолда уларга мувофиқ ҳукм қилмаса кофир бўлмайди, балки фосиқ (гуноҳкор) бўлади.  

Аҳли сунна вал жамоа уламолари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки куфр иккига бўлинади. Эътиқодий куфр ва амалий куфрга (ёки Исломдан чиқарадиган куфр ва мажозий куфрга). Баъзи бир гуноҳларни оят ва ҳадисларда куфр деб аталиши муболаға тариқасида бўлиб, одамни диндан чиқармайдиган мажозий куфрдир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишидан тийилиш (унинг моли, обрўси ва жонига талофат етказмаслик) имоннинг аслидир. Бундай кишини ҳеч бир гуноҳи учун кофир санамаймиз, уни бирор гуноҳ амал сабабли Исломдан чиқармаймиз...”, – дедилар  (Имом Абу Довуд ривояти). Яъни, имон калимасини айтиб, зоҳирида мусулмончиликка амал қилиб турган одамни гуноҳи туфайли Ислом динидан чиқармаймиз.

Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон киши ўз биродарига “Эй, кофир” деса, икковларидан бири ўшандай бўлади, – деганлар (Имом Бухорий ривояти). Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ўйлаб қўйиш керак бўлади. Зеро, бизнинг ҳозирги замонамизда мусулмонларни тафриқага бўлиб ташлаш ғарази билан гуноҳ амал қилганларни кофирга чиқариш ҳолатлари бутун ислом оламида рўй бермоқда.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзи рози бўладиган солиҳ амалларга муваффақ этсин ва Ўзи қайтарган катта-кичик гуноҳлардан паноҳида асрасин. Ўзимиз ва оила аъзоларимизни соғлом эътиқодда ҳаёт кечириб боришимизни насиб айласин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Вазир бўлганим амир бўлганимдан яхши

25.11.2024   149   4 min.
Вазир бўлганим амир бўлганимдан яхши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин мусулмонлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. У киши буни рад этдилар, лекин саҳобалар маҳкам туриб олишди. Улар ўзлари кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлари учун Алий розияллоҳу анҳунинг раҳбарлиги зарурлигини яхши билишар эди. Мадинаи мунавварадаги аҳвол жуда ҳам оғирлашган, йўлдан озганлар ушбу шаҳарга эга чиқиб олишган эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўзлари қизиқмасалар ҳам, халифаликни қабул қилиб олдилар.

Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: «Бу киши (яъни Усмон розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Одамларга имом (раҳбар) лозим. Бугунги кунда бу ишга сиздан кўра ҳақли одам йўқ. Сиздан аввал Исломга кирган ҳам, сиздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дедилар.

Ҳазрати Алий: «Ундай қилманглар. Мен учун вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди.

Одамлар: «Аллоҳга қасамки, сизга байъат қилмасдан қўймаймиз», дейишди.

Ҳазрати Алий: «Ундай бўлса, масжидда. Менга байъат махфий бўлмаслиги, фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар кириб байъат қилишди. Сўнг бошқалар байъат қилишди».

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга халифа сифатида ҳижрий 35 йил 25 зулҳижжа, жума куни байъат қилинди. Бу вақтда Ислом оламида фитна денгиз тўлқинидек мавж уриб турар эди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу жуда ҳам қатъият ва жазм билан иш тутадиган, салобатли ва ҳақ йўлда шиддатли зот эдилар. У киши ўзларига байъат қилинганидан кейин дарҳол иккита фармон чиқардилар. Бу фармонларнинг иккови ҳам жуда қатъият билан чиқарилган фармонлар эди:

– Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қўйган айрим волийларни ишдан олиш. Уларнинг кўпчилиги Бану Умайядан эдилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги волийларни тайин қилдилар:

Усмон ибн Ҳунайфни Басрага;

Умора ибн Шиҳобни Куфага;

Убайдуллоҳ ибн Масъудни Яманга;

Қайс ибн Саъд ибн Убодани Мисрга;

Саҳл ибн Ҳунайфни Шомга...

Тайин қилинган мазкур волийларнинг ишлари турлича бўлиб чиқди. Бундан ихтилоф кучайиб бораётгани кўринарди.

– Иккинчи фармон ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз яқинларига Байтулмолдан берган совғалар ва суюрғолларни қайтариб олиш ҳақида эди.

У зотнинг бу тасарруфларидан сўнг Бану Умайя қабиласи аъзолари у кишига қарши бош кўтариб, байъат қилмасликка ўтишди. Бу ишнинг бошида Шомнинг волийси Муовия ибн Абу Суфён турар эди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан буён Шомнинг волийси бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар, ўз аҳолиси ичида жуда катта обрўга эга эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлари ва ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда, у киши янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди.

1. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айблари бор деб тушунар эди.

2. У киши Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.

3. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмай туриб тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.

Бошқа Ислом юртларининг барча аҳолиси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар ва у ерларда иш ўз маромида кетди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар