Солиҳа бир аёлнинг эри мунофиқ ва жоҳил эди. Аёл ҳеч бир ишини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, демасдан бошламасди. Мунофиқ эрнинг эса бу калимани эшитгани заҳоти жаҳли чиқар ва хотин бечорага озор беришни янада кучайтирар эди. Солиҳа аёл эса эрининг жафоларига сабр этар ва унинг тўғри йўлга келишини сўраб Аллоҳ таолога дуолар қилар эди.
Кунларнинг бирида золим эр жуда ҳам жаҳл отига минди. Аёлига ёмонлик қилиш, уни қаттиқроқ азоблаш учун жиддийроқ бир баҳона қидирди ва ўзига-ўзи: “Унга бир ўйин кўрсатай, ана ўшанда унинг аҳволини кўрамиз, ҳолига маймунлар йиғлайди ҳали, қани ўшанда ким қутқарар экан уни?” дер экан, бошқаларга очиқ айта олмаган инкорчилиги, ичидаги жамики чиркинликлари тўлиб тошди.
Аёлини чақириб, унинг қўлига бир ҳамён тилла тутқазиб: “Буни яхшилаб сақла, бир донаси йўқолса, терингни шилиб оламан”, дея пўписа қилди. Аёл эрининг амрига бош эгиб ҳамённи қўлига олди ва Бисмиллаҳни айтиб ҳамённи яхши сақлади. Аммо мунофиқ эри зимдан уни кузатиб турди ва аёли яширган жойдан ҳамённи олиб ичидаги тиллаларни олди-да, ҳамённи бир қудуққа улоқтирди. Қилмишидан хотиржам бўлгач, аёлини чақириб: “Сенга берган ҳамённи тез олиб кел”, деди. Хотин ҳамённи яширган жойига югуриб бориб, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, дея қўлини узатган эди, Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳамённи қудуқдан, тиллаларни мунофиқ эр яширган жойдан олиб ҳамённинг ичига солдилар ва жойига жойлаб қўйдилар.
Аёл ҳамённи қўйган жойидан олди, фақат ҳамёндан сув томчилаб турар эди. Аёл унинг нега ҳўл бўлиб қолганини тушунмади ва эрига олиб келиб берди.
У одам ҳўл ҳамённинг ичидаги тиллаларни кўриб жуда ҳайрон бўлди. Хотинининг айтганлари нақадар тўғри эканини тушуниб етди ва аёлига:
“Сенга кўп зулм қилдим, жонингга азоб бердим, мени кечир” , дея ёлвора бошлади. Аллоҳ таолога тавба ва истиғфор этди, Аллоҳнинг солиҳ қулларидан бири бўлди. Ўша кундан эътиборан дуо ва илтижоларида шундай дер эди:
“Ё Раббим! менга дунё ва охиратим учун солиҳа бир аёл берганинг учун Сенга шукр этмоқдан ожизман, мени авф эт”.
Солиҳа аёл эса: “Ё Раббим! Сенга шукрлар бўлсинки, дуомни қабул этиб, жуфтимни солиҳ бандаларингдан этдинг”, дея дуо қилар эди.
Бу ҳикоятдан олинадиган ибрат ва ҳикматлар кўп. Буюклар демишларки, “Сабрнинг ўзи аччиқ, аммо меваси шириндир”.
Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намоздан кейин уч марта истиғфор айтамиз. Шу истиғфорни нима учун айтилиши менга тушунарсиз бўляпти. Чунки истиғфорни гуноҳ ишларга йўл қўйилгани учун айтилади, деб ўйлардим. Нимага бу ўринда савобли амал ҳисобланадиган намоз ўқишдан кейин айтиляпти?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин уч марта истиғфор айтиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳисобланади. Чунки ҳадиси шарифларда У зот алайҳиссалом намоздан кейин ана шундай қилганлари ривоят қилинган:
“Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлгач, уч марта истиғфор айтар ва (истиғфордан кейин) “Аллоҳумма антас-салам ва минкас-салом, табарокта йаа Зал Жалали вал Икром”, дер эдилар”. (Имом Муслим ривояти).
Шу ва шу мазмундаги бошқа ҳадисларни шарҳлаган муҳаддис уламолар ҳабибимиз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг истиғфор айтганликлари эҳтимол у зот ўта камтар ва тавозели бўлганлари учун Аллоҳ таолога қилаётган ибодатларида камчиликка йўл қўйдим, ибодатни буюрилгандек адо эта олмадим, деб айтган бўлишлари мумкин, деб изоҳлаганлар.
Шу боис биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бажариш ҳамда намозда туриб, турли-туман хаёлларга берилиш, ғафлат босиш каби камчиликларимиз учун истиғфор айтамиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.