Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Апрел, 2026   |   12 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:07
Пешин
12:32
Аср
16:56
Шом
18:52
Хуфтон
20:06
Bismillah
01 Апрел, 2026, 12 Шаввол, 1447

Басмаланинг фазилати

02.10.2018   7330   3 min.
Басмаланинг фазилати

Солиҳа бир аёлнинг эри мунофиқ ва жоҳил эди. Аёл ҳеч бир ишини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, демасдан бошламасди. Мунофиқ эрнинг эса бу калимани эшитгани заҳоти жаҳли чиқар ва хотин бечорага озор беришни янада кучайтирар эди.  Солиҳа аёл эса эрининг жафоларига сабр этар ва унинг тўғри йўлга келишини сўраб Аллоҳ таолога дуолар қилар эди. 

Кунларнинг бирида золим эр жуда ҳам жаҳл отига минди. Аёлига ёмонлик қилиш, уни қаттиқроқ азоблаш учун жиддийроқ бир баҳона қидирди ва ўзига-ўзи: “Унга бир ўйин кўрсатай, ана ўшанда унинг аҳволини кўрамиз, ҳолига маймунлар йиғлайди ҳали, қани ўшанда ким қутқарар экан уни?” дер экан, бошқаларга очиқ айта олмаган инкорчилиги, ичидаги жамики чиркинликлари тўлиб тошди.  

Аёлини чақириб, унинг қўлига бир ҳамён тилла  тутқазиб: “Буни яхшилаб сақла, бир донаси йўқолса, терингни шилиб оламан”, дея пўписа қилди.  Аёл эрининг амрига бош эгиб ҳамённи қўлига олди ва Бисмиллаҳни айтиб ҳамённи яхши сақлади. Аммо мунофиқ эри зимдан уни кузатиб турди ва аёли яширган жойдан ҳамённи олиб ичидаги тиллаларни олди-да, ҳамённи бир қудуққа улоқтирди. Қилмишидан хотиржам бўлгач, аёлини чақириб:  “Сенга берган ҳамённи тез олиб кел”, деди. Хотин ҳамённи яширган жойига югуриб бориб, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, дея қўлини узатган эди, Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳамённи қудуқдан, тиллаларни мунофиқ эр яширган жойдан олиб ҳамённинг ичига  солдилар ва жойига жойлаб қўйдилар.   

Аёл ҳамённи қўйган жойидан олди, фақат ҳамёндан сув томчилаб турар эди. Аёл унинг нега ҳўл бўлиб қолганини тушунмади ва эрига олиб келиб берди. 

У одам ҳўл ҳамённинг ичидаги тиллаларни кўриб жуда ҳайрон бўлди. Хотинининг айтганлари нақадар тўғри эканини тушуниб етди ва аёлига:  

“Сенга кўп зулм қилдим, жонингга азоб бердим, мени кечир” , дея ёлвора бошлади. Аллоҳ таолога тавба ва истиғфор этди, Аллоҳнинг солиҳ қулларидан бири бўлди. Ўша кундан эътиборан дуо ва илтижоларида шундай дер эди: 

“Ё Раббим! менга дунё ва охиратим учун солиҳа бир аёл берганинг учун Сенга шукр этмоқдан ожизман, мени авф эт”. 

Солиҳа аёл эса: “Ё Раббим! Сенга шукрлар бўлсинки, дуомни қабул этиб, жуфтимни солиҳ бандаларингдан этдинг”, дея дуо қилар эди. 

Бу ҳикоятдан олинадиган ибрат ва ҳикматлар кўп. Буюклар демишларки, “Сабрнинг ўзи аччиқ, аммо меваси шириндир”.

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ҲОЗИРЖАВОБЛИК қандай яхши кўмакчи!

01.04.2026   1894   4 min.
ҲОЗИРЖАВОБЛИК қандай яхши кўмакчи!

Нафс одоби дарс одобидан хайрлироқдир. 
 

Изоҳ. Иброҳим Нахаъий дейди: “Ўтган азизлар бир кишидан илм олиш учун борар экан, уч нарсага эътибор қаратардилар: олимнинг салобатига, намозига ва ҳолатига, кейин ундан илм олардилар. Уларнинг энг аввал назар соладиган жиҳати олим ёки муҳаддиснинг одоби бўларди.


Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг илм мажлисларида беш мингдан ортиқ киши жамланарди. Шулардан беш юзтаси ҳадисларни ёзиб олар, қолганлар ҳусни одоб ва самт – салобат ва виқор ҳосил қилиш илмини ўрганардилар”.


Ибн Муборак айтади: “биз кўп илмдан кўра камроқ одобга муҳтожмиз”. Яъни, одоб илмдан муҳимроқдир. Илми кўп бўлгани билан билганига амал қилмаса, бундай илмдан фойда йўқ. Амал илмнинг гули бўлса, меваси одобдир. Шунинг учун, гарчи камроқ бўлса ҳам, натижаси амал билан тугаган илм амалсиз кўп илмдан яхшироқ. Илми кўп­у одоби йўқ олимдан одамлар қочади. Негаки, унинг одобсизлиги толиби илмлар ва унинг ўртасига тўсиқ бўлади.


Ҳозиржавоблик қандай яхши кўмакчи.


Изоҳ. Жавобнинг ўз ўрнида, зудлик билан, энг мувофиқ тарзда юзага чиқиши ҳозиржавобликдир. Бу хусусият аксар туғма бўлади.


Аббосий халифалардан Ҳорун ар­-Рашиднинг ўғли Ал-­Мўътасим биллаҳ ҳали юзидан гўдаклик шираси аримаган бола Фатҳ ибн Ҳоқоннинг қўлидаги қимматбаҳо тошни кўриб, унга: “Эй Фатҳ, қўлингдаги тош меникидан чиройлироқ экан-­а?” – деди. “Ҳа, эй мўминлар амири, бу чиройли тошни ушлаган қўл ҳам нариги тошни ушлаб турган қўлдан яхшироқ-­да!” – дея жавоб берди Фатҳ. Ёш боланинг ҳозиржавоблиги мўминлар амирини ҳайратга солди ва дарҳол унга совға ва либос келтиришларини амр қилди.


Лекин тажриба билан ҳам ҳозиржавоблик малакасини ҳосил қилиш мумкин. Айниқса, битта соҳани ипидан­игнасигача тўла эгаллаган инсонларда бу ҳолат кўпроқ кузатилади. Аллоҳ ато этган ақл, фаҳм­фаросат, жидду жаҳдни ўзи қизиққан соҳа, касб­ҳунарга чексиз садоқат билан йўналтиришда чарчамаган кишига айни неъмат туҳфа этилади.
 

Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммад холасининг ўғли Кисоийга, яъни наҳв илмининг машҳур олимига:

– Шундай хотиранг бўлатуриб, нега фиқҳ илми билан шуғулланмайсан? – деди.

– Киши бир илмни пухта билса, ўша билими уни бошқа илмларда ҳам тўғри йўлга бошлайди, – деди Кисоий. Шунда Муҳаммад айтди:

– Ундай бўлса, сенга фиқҳ илмидан бир масала айтаман, жавобини наҳв илмидан чиқариб бер­-чи.

– Айтинг, – деди Кисоий.

– Саждаи саҳв қилган ё қилмаганини унутган кишига саждаи саҳв вожиб бўладими? – сўради Муҳаммад.

Кисоий озгина ўйлаганидан сўнг: – Унга саждаи саҳв вожиб эмас, – деди.

– Тўғри айтдинг, бу жавобни наҳв илмининг қайси қоидасидан чиқардинг? – қизиқиб сўради Имом Муҳаммад, шунда Кисоий:

– “Кичрайтирилган исм қайта кичрайтирилмайди” (масалан, “қуёнча” сўзини яна кичрайтириш учун “қуёнчача” дейилмагани каби) деган қоидадан, – деди.

Хоҳ туғма бўлсин, хоҳ касб этиб ҳосил қилинган бўлсин, ҳозиржавоблик аксар ҳолатда инсонга энг яхши кўмакчидир!

Одобсиз ақл шармандалик, ақлсиз одоб ҳалокатдир.


Изоҳ. Одоб ва ақл бир­бирини тақозо этувчи кучлардир. Шунинг учун айтилган: “Ақлсизда одоб, одобсизда ақл йўқ”.

Алий розияллоҳу анҳу дейди: “Ҳар бир нарса ақлга муҳтож, ақл эса одобга муҳтож, ақл ва одобдан бошқа ҳар қандай қадр-­қийматнинг чегараси бор”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Одоб талабида бўл, чунки одоб ақлга зиёдалик, мурувватга далил, ёлғизликда улфат, ғарибликда ҳамроҳ, фақирликда мол-давлатдир”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан манфаати энг кўп одоб ҳақида сўралди. Шунда у деди: “Динда фақиҳлик, дунёда зоҳидлик ва зиммангдаги ҳақларни Аллоҳ учун таниш”.


Рашид ЗОҲИД таржимаси, 

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 2-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ўзбекистон янгиликлари