Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саҳобаи киромлар урушда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз таналари билан ҳимоя қилар эдилар. Улар у зот алайҳиссаломнинг атрофларида урушиб, ўлдирилардилар”.
Бану Дийнор қабиласидан бўлган бир аёл. Унинг эри, акаси ва отаси Уҳудда шаҳид бўлди. Унга яқинлари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганда, у “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?” деб сўради. Одамлар “Эй Умму Фалон, у зот яхшилар” дейишди. Аёл одамлардан “У зот алайҳиссаломни менга кўрсатинглар. Кўзим билан кўрайин” деб илтимос қилди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора қилишди. Аёл севикли Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргач, “Сиз (ни кўрганим)дан кейин бошқа барча мусибатлар арзимасдир” деди.
Ибн Мурдавайҳи раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва “Эй Расулуллоҳ, албатта, сиз мен учун ўзимдан ҳам севиклироқсиз. Сиз мен учун аҳли оиламдан ҳам севиклироқсиз. Сиз мен учун боламдан ҳам севиклироқсиз. Мен уйда ўтиргандим. Сизни эсладим. Сизни кўрай деб сабрим чидамай, ҳузурингизга келдим. Энди сизга назар солай” деди”.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш мен учун оилам, қариндошларимга яқин бўлишдан кўра маҳбуброқдир”.
Ибн Мурдавайҳи раҳимаҳуллоҳ ривоят қиладилар: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббосга қарата: “Исломни қабул қилинг! Аллоҳга қасамки, сизнинг исломни қабул қилишингиз мен учун Хаттобнинг мусулмон бўлишидан кўра маҳбуброқдир” дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу бу гапни айтишларига сабаб шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ хурсанд бўлишларига сабаб бўларди.
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра бирор киши мен учун севиклироқ эмас ва кўзимга улуғворроқ бўлиб кўринмайди ҳам. У зот алайҳиссаломни улуғлаганимдан бирор марта кўзим билан у зотнинг юзларига тикилиб қарай олмаганман. Агар мендан у зотни васф қилиб беришни сўралса, бу ишни қилолмайман. Чунки мен у зотнинг юзларига тикилиб қарай олган эмасман”.
Исҳоқ Тужайбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафийқул Аълога кўчганларидан сўнг саҳобаи киромлар қачон у зотни эсласалар, бошлари эгилиб, баданлари титраб, барчалари йиғлаб юборар эдилар”.
Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шунингдек, тобеинлардан ҳам кўплари шундай эдилар. Баъзилари у зот алайҳиссаломни яхши кўрганларидан, соғинганларидан шундай бўлсалар, баъзилари у зот алайҳиссаломнинг ҳайбат ва виқорларидан шундай қилишарди”.
Мусъаб ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар имом Моликнинг ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, у кишининг ранглари ўзгарар, эгилиб қолар эдилар. Ҳатто бу ҳол бирга ўтирганларга оғир келарди. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳга шу ишлари ҳақида айтилди. Шунда у зот “Агар сизлар ҳам мен кўрган нарсани кўрганингизда, мендан содир бўлган иш учун мени койимаган бўлардингиз.
Муҳаммад ибн Мункадирни кўрганман. У қурроларнинг саййиди эди. Агар ундан бирор ҳадис сўрасак, у шунақа йиғлардики, бизнинг раҳмимиз келиб кетарди.
Жаъфар ибн Муҳаммадни кўрганман. У сертабассум, ҳазилкаш одам эди. Агар унинг ёнида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр этилсалар, ранги сарғайиб кетарди. Унинг фақатгина таҳоратли ҳолдагина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишини кўрганман. Бир муддат уни зиёрат қилганимда, уни фақат уч хислатдан бири устида кўрганман: ё намоз ўқиётган, ё сукут қилиб ўтирган ёки Қуръон ўқиётган ҳолатда бўларди. Фойдасиз гапларни умуман гапирмас эди. У Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган олимлар ва обидлардан бири эди.
Абдурроҳман ибн Қосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилган пайтда, юзига назар солинса, унинг юзидан худди қон чиқаётгандек бўларди (яъни қизариб кетарди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатларидан унинг оғзидаги тили қуриб қоларди.
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг зиёратига бордим. Унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғлайвериб, ҳатто кўзида ёш қолмас эди.
Зуҳрийни кўрдим. У одамларга улфат, қадрдон киши эди. Агар унинг ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, гўё у сени, сен эса уни танимайдигандек бўлиб қолар эди.
Сафвон ибн Сулаймнинг олдига бориб турардим. У ғайратли обидлардан эди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғларди. Йиғиси давом этаверганидан одамлар ўрниларидан туриб, унинг олдидан кетардилар”.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Ҳадиси шариф ўқиётганларида ранглари ўзгарди. Ўқиб бўлганларидан кейин шогирдлари “Боя ҳадис ўқиётганингизда юзингизда бироз ўзгариш бўлди. Бунинг сабаби нима, устоз?” деб сўрашди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ “Чаён чақиб олди” деб жавоб бердилар. Шогирдлари ҳайратларини яширолмай, “Нега унда ҳадис ўқишни тўхтатмадингиз?” деб сўрашганда, буюк имом мана бу оламшумал жавобни берган эканлар: “РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ СЎЗЛАРИНИ БЎЛГИМ КЕЛМАДИ!”
Аллоҳ таоло бизга ҳам шундай муҳаббат ато этсин! Қиёматда, Жаннатда у зот алайҳиссалом билан бирга бўлишимизни насиб этсин!
Интернет маълумотларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан