Ҳавво – башарият онаси, Одам алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоли, ер юзидаги биринчи аёл. Аллоҳ таоло Ҳаввони Одам алайҳиссаломни узоқ вақт ухлатиб қўйиб унга ҳамроҳ бўлиши учун яратди. Аллоҳ таоло у иккисини жаннатда яратди ва улар у ерда муайян вақт яшаганларидан сўнг ризқларини ўз меҳнатлари билан топиб яшашлари учун ерга туширди.
Аллоҳ таоло Ҳаввони Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан, у ухлаётган вақтда пайдо қилди. Бунинг сабаби, агар Одам алайҳиссалом уйғоқ бўлганида, Ҳаввони яратилиш вақтида у озор чеккан бўлар эди ва натижада Ҳаввони яхши кўриш ўрнига, уни ёмон кўриб қолиши мумкин эди. Аёл киши эса, аксинча, озор чекса яхши кўради. Шунинг учун, аёл киши тўлғоқ вақтида кўз ўнгига ўлим келиб турса-да, оғриқ кучайган сари ўзи дунёга келтираётган фарзандига нисбатан меҳру муҳаббати жўшиб боради. Оғриқ билан дунёга келтирган фарзандига жонини ҳам фидо қилишга доим тайёр туради. Ваҳоланки, у эркак киши кўтара олмайдиган оғриқ азобини тортган бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло аёл кишини энг юқори даражадаги оғриқларни ҳам кўтара олишга қодир қилиб яратди. Аёл оғриққа эркакка қараганда уч баробар ортиқроқ бардошли экан. Чунки у ҳаёти давомида уч турли оғриқни бошидан ўтказиши бор. Улар: ҳайз, тўлғоқ ва нифос вақтидир.
Ҳавво онамиз Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан яралган. Маълумки, қовурға инсоннинг юрагини ташқи таъсирдан муҳофаза қилиб турувчи муҳим аъзодир. Шунинг учун ҳам у қийшиқ қилиб яратилган. Агар ўша қийшиқ қовурға бўлмаганида эди, инсоннинг юрагига берилган озгина зарба ёки туртиниш унинг ҳаётига катта хавф туғдирган бўлар эди. Ҳозирги замонавий технологияларга асосланган илм буни тасдиқлаб турибди.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамизнинг ҳар бирини ҳаётлари давомида бевосита унга муҳтож бўлган нарсалардан яратди. Масалан, Одамни тупроқдан яратди. Шунинг учун у деҳқон бўладими, темирчи бўладими, қурувчи бўладими, дурадгор бўладими – ер билан муомала қилади. Ҳаввони эса юракни муҳофаза қилиб турувчи қийшиқ қовурғадан яратгани учун у ҳаёти давомида қалбдан ҳосил бўладиган меҳр-муҳаббат билан муомалада бўлади. Натижада у меҳрибон она, севикли ёр, дуогўй опа-сингил ва куюнчак қиз бўлиб ўз меҳридан баҳраманд этади.
Шунинг учун ҳар бир аёл Одамнинг қийшиқ қовурғасидан яратилган Ҳаввонинг зурриёти эканидан фахрланиши ва ҳар бир эркак қийшиқ қовурғани текислашга беҳуда уринмаслиги, акс ҳолда уни синдириб қўйиши мумкинлигини англамоғи лозим. Зеро, ундаги қийшиқлик эркакдаги меҳрга нисбатан бир неча баробар ортиқ бўлган меҳру муҳаббат манбаидир.
Ҳ.ИШМАТБЕКОВ,
ЎМИ Фатво бўлими мудири
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ