Бир куни бой бадавлат ўғил онасидан хабар олгани ёшликда ўсиб улғайган хонадонига келди. Онаси пешин намозини ўқиётган эди. Ўғил эшикда анча кутиб қолди. Она узоқ дуо қилиб намозини якунлаб ўғли ёнига чиқди, кутиб тоқати тоқ бўлган ўғил жаҳлда онасига деди:
– Она сиз ҳар куни беш вақт намоз ўқиб, узундан узоқ дуо қилиб, бир нарсаларни сўрайсиз? Лекин ҳеч нарсангиз йўқ, ночор ҳаёт кечирасиз. Мана менинг бошим саждага тегмаган, намоз ўқимайман, лекин ҳаммаси етарли, бирор нарсага муҳтожлигим йўқ – деди
Шунда она ўғлига: Болажоним, мен саждага бош қўйиб, сенинг униб ўсишингни, бой бадавлат яшашингни, ҳар ишда омадли бўлишингни сўрайман. Менга бундан бошқа ҳеч нарса керак эмас. Мана меҳрибон Аллоҳ сўраганимни беряпти, яна битта энг катта тилагим бор, шу тилагим ҳам рўёбга чиқса, мендан бахтли она йуқ дунёда -деди кўзларига ёш олиб.
– Нима тилак экан у, онажон – деди ўғил.
Она: сенинг беш вақт намоз ўқишингни, намозга шошилишингни кўзларим билан кўрсам армоним йўқ эди, болажоним. Онасининг сўзларини эшитган ўғил беихтиёр кўзига ёш олиб:
– Меҳрибоним, мен гумроҳ ўғлингизни кечиринг, деди.
ЭЙ ЎҒИЛ!!!
Сиз ўйламанг, «мен беибодат бўлсам ҳам, Аллоҳ менга беряпти» деб. Сизни хаққингизга кеча-ю кундуз дуо қилаётган ота-онангиз сабабчидирлар. Дуогўй ота-онангизни эъзозланг, ҳурмат қилинг, қадрига тириклик чоғида етинг.
манба: Насоимул ҳикмат
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳар бир мўмин ўз биродари ва яқинлари ҳақида яхши гумонда бўлиши лозимдир. Айниқса, эр-хотин ўртасида “ҳусни зонн”, яхши гумоннинг бўлиши ниҳоятда муҳим саналади.
Афсуски, баъзан яқинларимизга нисбатан қиладиган салбий шубҳаларимиз нафақат юзаки, балки кўпинча асоссиздир. Аллоҳ таоло Қуръони бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Таниқли психотерапевт Жон Готтман 1999 йилда “Love Lab” университетида тадқиқот ўтказиб, бахтли жуфтликлар бир-бирлари ҳақида ижобий гумонда бўлишларини, муваффақиятсиз жуфтликлар эса шериги тўғрисида салбий гумонда бўлишини аниқлаган. Бу ҳақда 2000 йилда “Journal of Family Psychology” журналида ҳам салбий гумонлар оилани қандай қилиб ҳалокатга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида мақола чоп этилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Афсуски, бундай муборак таълимотларга амал қилмаймиз. Албатта, ҳеч бир инсон хато-камчиликдан холи эмас.
Шу боис, баъзан низолар келиб чиқиши табиий ҳолат. Бироқ, бахтиёр оила қуриш учун ҳамиша яхши гумонда бўлиш ва Қуръонда белгилаб қўйилган ушбу кўрсатмага амал қилиш талаб этилади: “...улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД