بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олиши ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Илм –руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ (سورة المجادلة/11).
яъни: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Пайғамбаримиз ﷺ ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар:
"فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدْنَاكُمْ" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан устунлигим кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит رضي الله عنه нинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса – жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли".
Муҳтарам азизлар! Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато ҳам ўз замонаси учун зарур бўлган илмларга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг ўзи у зотга таълим берди.
وَعَلَّمَ آَدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا (سورة البقرة/31).
яъни: “(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди” (Бақара сураси, 31-оят).
Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларини юбориб турди. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад ﷺ ни шундай шарафли вазифа билан юборди.
لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ (سورة آل عمران/31).
яъни: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).
Бу ҳақда Пайғамбар ﷺ нинг ўзлари:
"... وَإِنَّمَا بُعِثْتُ مُعَلِّمًا" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَه).
яъни: “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади.
Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савоб иш. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ ﷺ бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
"إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).
Муҳтарам жамоат! Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни “Устозлар ва мураббийлар куни” деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар.
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Ҳақиқатан ҳам, “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам мени ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб, кўкка етишимга сабаб бўлди”, – деган экан.
Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса, арзийди.
Муҳтарам жамоат! Устоз ва талабалар амал қилишлари зарур бўлган одоблар мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини баён қиламиз. Ўқитувчига тегишли одоблар:
Баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб, дуолар қилиб қоламиз!
Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намоз вақтлари ҳақида суҳбатлашамиз.
Қазо бўлган намозларни куннинг барча вақтида ўқиса бўлади, фақат қуёш чиқиш, қиёмга келиш ва ботиш вақтлари бундан мустасно. Бу уч вақтда ҳеч қандай намоз ўқиб бўлмайди.
Устозлик мартабасига етиш ва унинг омонатларига риоя этиш ҳар биримизга насиб этсин! Омин!
Cавол: Мен жамоат намозига боришни энди бошладим. Мен намозни секин ўқийман. Гап шундаки, кўпинча мен салавотни ўқиётганимда имом икки тарафга салом бераётган бўлади. Шу ҳолада мен салавотни тугатиб, кейин дуо ўқиб сўнг салом беришим керакми ёки имом билан баробар салом беришим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ҳолатда имом билан биргаликда салом берасиз. Зеро, салавот ўқиш суннат, имомга эргашиш эса вожиб амал саналади. Вожиб амал суннат амалдан юқори бўлгани сабабли сиз вожиб бўлган амални бажарасиз. Агар ташаҳҳуд (“Ат-таҳийёт...”) дуосини ўқиётганингизда имом салом бериб қолса, сиз ташаҳҳуд дуосини тугатиб, кейин салом берасиз. Чунки ташаҳҳуд дуосини ўқиш вожиб амал ҳисобланади.
Аллома ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Фарз ва вожиб амалларда кечиктирмасдан имомга эргашиш вожиб саналади. Аммо имомга эргашиш билан бошқа вожиб амал тенг келиб қолса, “имомга эргашиш керак” деб вожибни тарк қилмайди, балки аввал вожибни бажариб, кейин имомга эргашади. Масалан, имомга иқтидо қилган киши ташаҳҳудни тугатишдан аввал имом учинчи ракатга турса, иқтидо қилган киши аввал ташаҳҳудни тугатиб, кейин ўрнидан туриб, имомга эргашади (Чунки иккиси ҳам вожиб бўлиб, бирини бажараман деб бошқасини тарк қилмайди).
Агар имомга эргашиш билан суннат амал тенг келиб қолса, юқоридагидек қилмайди. Масалан, (сажда ёки рукуда) имомга иқтидо қилган киши тасбиҳни уч марта айтишидан аввал имом бошини кўтарса – фуқаҳоларимиз энг тўғриси дея айтган гапга кўра - имомга эргашади. Чунки суннатни тарк қилиш вожибни кечиктиришдан кўра устундир” (“Раддул муҳтор” китоби).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази