Бир куни ҳазрати Али Фотимани тушларида кўрсалар, у жаннат эшигида турганмиш. Ҳазрати Али:-«Эй Фотима, нега жаннатга кирмай турибсан?»-деб сўрадилар.
Фотимаи Заҳро онамиз дедилар; -«Қандоқ кирай ҳали жаннатга рухсат йўқ: сабаби-бир кишининг ҳақи бўйнимда экан. Ё Али, қўшни хотиндан тикиш учун бир игнани сўраб олган эдим, қайтариб беришни унутибман. Ўша игнани тезда эгасига қайтариб беринг –ўшандагина мен жаннатга кираман». Яна бир туш кўрдилар-қарасалар,Фотима розияллоҳу анҳо онамиз жаннатда бир баланд тахт устида ўтирибдилар. Олдиларида ҳурлар саф-саф бўлиб, қўл қовуштириб турган эканлар.
Қаранглар азизларим бир тасаввур қилайлик Фотима розияллоҳу анҳо онамиздай зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари битта игна учун қанчалик ташвишда, эдилар. Бир ўзимизнинг ҳолатимизга эътибор берайлик, тез бойишлик учун ва ёки мақсадларимизга эришишлик учун ёр-у биродарларимиздан ака-укаларимиздан тоғаларимиздан ёки энг яқин дўстларимиздан, бирор нарса олябмиз-у лекин қайтариб беришга келганда дунё кўзимизга кўриниб кетмоқда, алал оқибат Аллоҳ боғлаган силаи раҳм арқонини узилишига сабаб бўлмоқда. Аллоҳ барчаларимизни бировнинг ҳақига ҳиёнат қилишдан сақласин омин.
«Юнусобод» жоме масжиди имом-хатиби У. Усмонов
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар фуқаролар муаммоларини жойида ва ижобий ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, бугун, 5 август куни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, диний таълим, хайрия, ишга жойлашиш, оилавий, уй-жой ва моддий ёрдам каби масалалардаги мурожаатларни кўриб чиқди.
Мазкур жараёнда оилавий масалаларда шаръий ечим ва зарур маслаҳатлар берилди, моддий кўмак сўраганларга эса белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатилди.
Эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган юртдошларимиз Диний раҳбариятига миннатдорлик билдиришди. Имом Бухорийдан ривоят қилинган "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деган ҳадиси шарифга мувофиқ хайрли дуолар қилишди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби юзма-юз мулоқот ва қабул жараёнлари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча ҳудудий вакилликлари ҳамда жоме масжидларида имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати