Куни кеча, 18 сентябрь куни АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Браунбек бошчилигидаги делегация Диний идорага келди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу мартабали меҳмон билан мулоқот ўтказди.
Учрашув аввалида муфтий ҳазратлари диёримизда диний ибодатларни, маърака маросимларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани ҳамда юртимиздаги хайрли ислоҳотлар, улкан ижроотлар ва илғор ташаббуслар ҳақида сўзлаб бердилар.
Элчи Самуэл Браунбек жаноблари ўтган вақт давомида Ўзбекистонда амалга оширилган диний соҳадаги ишларга юқори баҳо берди. Шунингдек, инсон ҳақ-ҳуқуқлари муқаддас экани, айни пайтда бу масала мамлакатлар манфаати учун катта хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Мартабали меҳмон “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидалар, “Ҳазрати Усмон Мусҳафи”ни зиёрат қилди ва “Барақхон” мадрасасидаги ҳунармандчилик ишлари билан танишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати