Соат тонги 03:30 эди. Унинг телефони жиринглай бошлади. Ёстиқдан минг машаққат билан бошини кўтариб, қўнғироққа жавоб берди:
— Эшитаман! Кимсиз?
— Менман, ўғлим. Онангман!
— Уфф, она, Худо хайрингизни берсин! Кошки билсангиз эди, эртага қиладиган қанчалик муҳим ишларим бор.
— Ҳалиги... Ўғлим...
— Нима, она, нима. Мени шу пайтда уйғотадиган нима муҳим ишингиз бор? Эрталаб қўнғироқ қилсангиз ҳам бўлаверарди-ку?
Она ўғлидан бу совуқ муомалани эшитиб қаттиқ ранжиди, ўксинди. Йиғламсираган бир овозда жавоб бериб телефонни ўчирди:
— Бундан роппа-роса ўттиз беш йил аввал шундай тун ярмида 03:30 да сен ҳам мени уйғотган эдинг!
Яхшиямки, туғилган экансан, болам!
Фатима Алий таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати