Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Ўзбекистон буюк алломалар юрти

15.09.2018   30011   5 min.
Ўзбекистон буюк алломалар юрти

Табаррук диёримизда камол топган улуғ муҳаддислар, фозилу фузалоларнинг номини бутун дунёда яхши билишади. Бобокалонларимиз билан нафақат фахрланиш, балки уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш бурчимиздир. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори буюк мутафаккирлар -хотирасини абадийлаштириш ва илмий фаолиятини кенг ўрганишга оид ишлар силсиласининг янги босқичи сифатида тарихий аҳамиятга эга.


Ушбу ҳужжатга биноан фаолияти йўлга қўйилган марказ ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдек улуғвор мақсадларга хизмат қилади.


Ўзбекистон Буюк алломалар юрти деганимизда дунёни ўз илми билан ларзага солган ҳадис илмининг султони, бетакрор илм соҳиби Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, алгебра фанига асос солган Мусо ал-Хоразмий, “Астрономия асослари” фундаментал оламнинг тузилиши, ернинг ўлчови ҳақида дастлабки маълумотларни IX асрда бера олган Аҳмад Фарғоний, улуғ қомусий аллома, биринчи бўлиб ер шари глобусини яратган Абу Райҳон Беруний, медицина отаси деб тан олинган Абу Али ибн Сино, “Шарқ Аристотели” деб ном олган буюк аллома Абу Наср Фаробий, 1018 та юлдузни ҳолатини ва жойлашувини XV асрда баён қилиб берган астрономия соҳасида буюк аллома Мирзо Улуғбек, “Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи” деган юксак шарафга сазовор бўлган, калом илмининг етук алломаси Имом Мотурудий, “Дин ва миллатнинг ҳужжати” деган ном билан ижод қилган ислом ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний, “Дилинг Аллоҳ, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган пурмаъно сўзлар соҳиби, дунёга машҳур бўлган буюк аллома Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, ўзбек тилининг асосчиси, юртбошимиз таъбири билан айтганда “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султони” бўлган, жаҳон адабиёти тарихида порлоқ юлдуз бўлиб порлаган ҳазрат Алишер Навоий ва яна шунга ўхшаш минглаб азиз авлиё, олиму уламо, фозилу фузалоларни мисол келтира оламиз. Аллоҳнинг назари тушган олимларнинг она заминимизда қўним топишлари, шу замин тупроғида мангу ётишларида ҳамҳикматлар бисёр. Шундай экан ташлаётган қадамларимизни, олаётган илмимизни, гапираётган гапимизни устозларга муносиб шогирт сифатида амалга оширишимиз зарур.


Аллоҳ таоло илм излашни, илм ўрганишни барча мусулмон бандаларига буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир:
яъни: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, – деб башорат беради.
Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.)дан илм ва илм аҳлларининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган.


Абу Умома (рз.)дан ривоят этилади. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, – деб марҳамат этдилар. Сўнг яна у зот (а.с.): “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва ниҳоят денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади”, – дедилар”. Бу ҳадисни ҳамюртимиз Имом Термизий ҳам ривоят этганлар.

Илм ва илм аҳлининг даражаси ҳар қайси жамиятда ҳам юқори даражага қўйилган. Ўзбекистонимиз ҳам устозлар ватани бўлгани учун ана шундай шарафли номларга муносиб топишгандир. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлса, устоз унга таълим бериб илмини зиёда қилади. Боболаримиздан қолган одатга кўра намозларидан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га саловот айтиб бўлгач, ота-оналари қаторида таълим-тарбия берган устозларининг ҳақларига ҳам Яратгандан мағфират сўраб дуо қиладилар. Ёшларимиз ҳам ана шу одатни дастурул амал қилиб, ўрганиб олишлари, ўтган устозлар ҳаққига доимо дуолар қилиб, ҳаётда яшаб турган устозлар дуосини олиб яшашлари мақсадга мувофиқдир. Бугунги кун ёшлари замон талабидан келиб чиқиб дунёвий билимлар билан бирга диний билимларни ёки диний билимлар билан бирга дунёвий билимларни аъло даражада ўзлаштиришлари керак.
Устозлар юрти бўлган Ўзбекистонимизда яна ҳам устозлар кўпайишини умид қилиб Аллоҳдан сўраб қоламиз.

А.Бобоев
Шовот тумани “Ваянган бобо” масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

11.08.2026   17513   2 min.
Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3656-1, 01.08.2026 й.), хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.

Мазкур идоравий ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ–1126-сон Қонунга мувофиқ айрим кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг қуйидаги тартиб-таомилларини белгилайди:

  • микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;
  • банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартиришга фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки ҳақли.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун микромолия банки биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси мавжуд бўлиши керак.

Ташаббус Форс кўрфази мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодиётга депозитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида тахминан 1 миллиард доллар жалб қилиши мумкин. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистон ушбу тизим ишга туширилгандан бери дунёда ислом молиясининг энг тез ўсишини намойиш этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари