Дунё дунё бўлганидан буён ҳар нарсанинг охири айрилиқ эканига боқ.
Бу жаҳонга келгандан кейин кетмаганни ким кўрибди?
Кексалар суҳбатидан (“Hidoyat” журнали)
* * *
Жамоат транспортида кетяпсиз. Тиқилинч. Йўловчилардан бири уловдан тушиш учун ҳаммани туртиб-суртиб олдинга интилади. Қўлингиздан келганча унга осон бўлсин деб ҳаракат қиласиз. Шунга қарамай, у тушиш олдидан заҳрини сизга сочади: “Сал сурилсангиз бўлмайдими?!”
Шундай пайтда нима қиламиз? Хотиржам, мақола ўқиб ўтирганимизда мийиғимизда кулиб қўя қоламиз. Чунки ичида бўлмай туриб ҳолатга аниқ баҳо бериш осон эмас. Лекин ўша жойда йўловчи заҳрини сочган одам биз бўлсак-чи? Табиий, ўрнида жавоб қайтарамиз, “ҳақимиз”ни едирмаймиз. Чунки айбсиз ҳолда, индамайгина кетиш жуда қийин.
Бу ҳол эса мўмин бўлиш осон эмаслигининг бир далилидир. Мўмин ҳам одам, унинг ҳам ғазаби, иззат-нафси, оғриқлари, дарду аламлари бор. Унинг ҳам озор чеккан пайтида бошқалардек бақириб-чақиргиси, жаҳл қилгиси, аламини нималардандир олгиси келади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда охирини ўйлайди, бу ишидан дунёсидан ҳам кўра, охиратига етадиган зиённи ҳисобга олиб, ўзини босади...
Руҳиятшунос асабийлашган пайтда бошқаларга жаҳл қилишдан сақланиш учун кимсасиз жойда буюмларни уриб-синдириш, ҳеч бўлмаса, қоғоз парчалаш ёрдам бериши мумкинлигини айтади. Яна кимдир ранжитган одамнинг расмини қўйиб, нишон ўрнида фойдаланишни тавсия қилади. Мўмин эса қарайди – бирор буюмни синдириш исроф, суратни нишонга олиш ҳам ярашадиган иш эмас. Энг зарарсизи – қоғоз парчалашни танлайди, бироқ бундан ҳам бирор натижа чиқмаслигини англайди. Яна ҳар галги амали – сабр ва намоз билан Аллоҳдан ёрдам сўраш учун тиз чўкади...
* * *
Бир кун ҳамма нарса тугайди, умримиз ҳам. Охират сафарида ёнимизда амалларимиздан бошқа нарса бўлмайди. Ибодатларимиз қай аҳволда? Бандалик бурчларимизни, масъулиятларимизни қандай бажаряпмиз?
Мўмин бу саволларни бериб, ўзидан ҳисоб сўрайдиган, ҳар бир иши, айтар сўзининг натижасини, охирини ўйлайдиган, амалларида ихлосли, Аллоҳ таолодан қўрқиб, умидини ҳам йўқотмаган ҳолда ибодат ва ҳаракатларига нозик ёндашган кишидир.
Мўмин одам Аллоҳ таолонинг ризосига эришиш мақсадида У Зотга холис, самимий итоат қилади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар: “Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса кичик ширкдир”. Асҳоби киром сўради: “Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?” “У риёдир”, дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Кейин бундай давом этдилар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани амаллари учун ҳисобга тортганида: “Боринглар, риё қилган кишиларингиз олдига, қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирор мукофот топармикансиз?” дейди» (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳар зарранинг ҳисоби қилинадиган улуғ кунда ҳеч банда амаллари зое бўлишини истамайди. Нафсоний алданиш кишини кўр ва кар қилади. Хўжакўрсинга ўқилган намоз, одамлар сахий дейишларини хоҳлаб, берилган садақа, бирор манфаат, кимгадир ёқиш учун қилинган яхшилик, адолат кабилар нафсни озиқлантиришдан бошқа нарса эмас.
* * *
“Охирини ўйлаган қаҳрамон бўлолмайди”, дейилади бир фильмда. Балки охирини ўйлаган қаҳрамон бўлмас, аммо мўмин бўлади. Зеро, мўминликнинг ўзи қаҳрамонликдир. Фикримиз исботи учун унга ҳақсизлик қилишганида жаҳлини ичига ютиб, сукут сақлай олишини ва Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) “Одамлар енголмаган киши эмас, ғазабланганида ўзини боса олган киши ҳақиқий паҳлавондир” (Имом Бухорий ривояти), ҳадиси шарифларини эсласак, кифоя.
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
ЎМИ Матбуот хизмати
Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.
Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.
Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.
Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.
Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.
Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.
Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.
Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА