Бир киши хотини билан ҳеч яхши чиқишолмайди. Уйда ҳар куни оддий нарсалар туфайли тортишув бўларди. Киши бу тортишувлардан безор бўлиб ажрашишни истади. Буларнинг муноқашалари туфайли икки тараф оилаларнинг ҳам орасига совуқчилик тушади. Киши бир кун паришон ҳолда, маслаҳат сўраш учун кўпни кўрган, одамларнинг ҳурматини қозонган бир аҳли илм зотнинг олдига бориб, аҳволини айтади. У зот:
— Энди ажрашсанг ҳам ҳеч бир ўзгариш бўлмайди. Бир ой умринг қолибди, нима қилсанг қил, дейди.
Бу гапни эшитган киши даҳшатга тушиб, ранги оқарган ҳолда чиқиб кетади. Йўлда учраган танишларидан рози ризолик сўрай бошлайди. Уйига қайтиб, "хотин кел, шунча пайт сени хафа қилдим, яхши эр бўлолмадим, ҳаққинга риоя қилолмадим, мени кечир, мендан рози бўл, дейди.
Хотини, "тавба, бу одамга нима бўлди, бундай гаплар гапиряпти", деб унга раҳми келиб:
— Бей, аслида сиз рози бўлинг, мен доим беодоблик қилдим, сизни кўп ранжитдим, дейди. Икковининг ҳам қалби юмшаб кўзлари ёшланади...
Кейин эр, хафалашган қайнотасиникига боради. Улардан ҳам йиғлаб розилик сўрайди. Хотини ҳам, қайнонасидан кечирим сўрайди. Энди уйда ҳар кун жаннатий ҳаётда яшардилар ва бир-бирларини ҳеч ранжитмасдилар...
Лекин у киши, хотинига, муҳтарам зот айтгани ҳақида ҳеч гапирмайди. Бир ой тўлишини санай бошлайди. Кунлар яқинлашгунча яхшиликлари ортар, кечалари ибодат қиларди.
Унинг яхши ишлари кўпайгани сари хотинини ҳам, икки оиланинг ҳам муносабатлари илиқлашиб, яхшиликлари ортиб борарди.
Бир ой ўтади. Ҳа бугун ўлади, эртага эса... Лекин ўлмайди. Аниқ бир ой демади, бир ой атрофида, деди. Балки бир неча кун ҳали бордир, деб ўйлайди.
Бир неча кун кутди, яна ўлмади. Кейин у зотнинг олдига бориб сўрайди:
— Афандим, мен ўлмадим.
— Ўлиш нимаси? — дейди у зот.
— Афандим, сиз бир ойча умринг қолди, дегандингиз, бир ой бўлди. Бироқ мен ўлмадим.
У зот эса:
— Биродар, мен сени қачон ўлишингни билмайман, лекин шуни биламанки, ўлим ҳақ, бир кун албатта ўласан. Ўладиган одам жанжал, низо билан ҳаётини заҳарламайди. Ҳозирги ҳаётингиздан хурсандмисан? — дейди.
— Ҳа, ҳеч тортишмаяпмиз.
— Қани, энди шундай давом этинглар, — дейди у зот.
У оиланинг икки фарзанди бўлиб, гулдай яшнаб улғаядилар.
Ҳаётимиздаги кўп муаммолар ўлимнинг ҳақ эканини унутишимиз туфайлидир!
Марям Осиё таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Маҳалламиздаги қабристонда мевали дарахтлар бор. Уларнинг мевалари пишган пайтда, кўпчилик қатори биз ҳам кириб еб турамиз. Баъзилар бу иш жоиз эмас деб қолишди. Шунга динимизда нима дейилган?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳақида Бурҳониддин ибн Моза роҳимаҳуллоҳ шундай зикр қилганлар: "Қабристондаги дарахтларнинг ҳукми иккига бўлинади:
1. Улар ер қабристонга айлантирилишидан олдин экилган бўлиши мумкин;
2. Улар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлиши мумкин. Агар дарахтлар ер қабристон қилинишидан олдин экилган бўлса, эккан одамнинг мулки бўлади. Шунинг учун, дарахтларнинг эгаси тирик бўлса, унинг розилиги билан ёки ундан сотиб олиб, кейин истеъмол қилиш жоиз бўлади. Агар дарахтларнинг эгаси улардан одамлар ейишларини мубоҳ қилган (рухсат берган) бўлса, у ҳолда сўрамасдан ейиш ҳам жоиз бўлади. Аммо эгасининг нияти маълум бўлмаса ёки эгаси вафот этган бўлса ва нима мақсадда эккани номаълум бўлса, у ҳолда улардан ейиш жоиз бўлмайди. Агар дарахтлар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлса, ушбу ҳолатда ҳам, улар эгасининг мулки ҳисобланади.
Шунга кўра, бунда ҳам эгасининг ниятига боғлиқ бўлади. Агар эгаси маълум бўлмаса ёки унинг нияти маълум бўлмаса, у ҳолда улар қабристоннинг мулки бўлгани учун, уларни сотиб, пулини қабристоннинг эҳтиёжлари ва таъмири учун ишлатилади” (“Муҳийт”).
Демак, қабристондаги меваларни ейиш ёки бошқа экинларни олиш, уларни эккан эгасининг ниятига боғлиқ бўлар экан. Агар бошқалар ейишлари ёки фойдаланишлари учун эккан бўлса, улардан ейиш жоиз бўлади. Аммо ўзи учун эккан бўлса, ёки нияти маълум бўлмаса, ёки ким эккани маълум бўлмаса, у ҳолда уларни пулга сотиб олиб ейиш ёки фойдаланиш жоиз бўлади холос.
Шу ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, баъзилар қабристондаги мевали дарахтларнинг томири маййитнинг қони ва нажосатидан озуқа олгани учун, уларни ейиш макруҳ деган даъволарни қилишади. Бунга жавобан уламолар ушбу даъво ўринсиз ҳисобланади. Чунки дарахтларнинг илдизлари гарчи нажосатдан озуқа олса ҳам, истиҳола (бир нарсани бутунлай бошқа нарсага айланиши) йўли билан бошқа моддага айланади ва уларнинг меваларини ейиш ҳеч бир макруҳликсиз жоиз ва ҳалол бўлади деганлар ("Аҳкомул-жаноиз"). Аммо шундай бўлсада, қабристонларга мевали дарахтларни экмаслик тавсия қилинади. Зеро, уларнинг томирлари қабрларни ўпирилишига олиб келиши мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.