Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Октябр, 2026   |   28 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:10
Қуёш
06:28
Пешин
12:10
Аср
16:08
Шом
17:56
Хуфтон
19:10
Bismillah
09 Октябр, 2026, 28 Рабиъус сони, 1448

Воқеа сураси

07.09.2018   100697   4 min.
Воқеа сураси

Воқеа сураси Маккада нозил бўлган, 96 оятдан иборат. “Воқеа” қиёматнинг номларидан бири бўлиб, у суранинг биринчи оятида ҳам тилга олинган: “Қачонки, қиёмат воқе (қойим) бўлганда, унинг воқе бўлишининг ёлғони йўқдир” (Воқеа сураси, 1-2 – оятлар). Шунинг учун шу ном билан аталган.

Сура қиёмат даҳшатлари, тоғларнинг титилиб, тўзонга айланиши, ернинг ларзага келиши, одамларнинг яксон бўлиши ҳақидаги тасвирлар билан бошланади. У кунда одамлар уч тоифага: ўнг ва чап тараф эгалари ҳамда пешқадамларга ажралиши айтилган. “Сизлар эса уч тоифа бўлурсиз” (Воқеа сураси, 7-оят).

Ўнг тараф соҳиблари Аршнинг ўнгида турадилар. Қиёмат куни амаллар китоби эгаларига тарқатилганда жаннат аҳлининг китоби ўнг тарафларидан берилади. “Бас, (у учтанинг биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!” (Воқеа сураси, 8-оят).

Ўнг тараф эгалари жаннат неъматларидан баҳраманд бўлишлари, уларга тайёрлаб қўйилган иномлар ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Улар) тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (бўйи)да, кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир. Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар” (Воқеа сураси, 28-34 – оятлар).

Яна бир гуруҳ Аршнинг чап томонида туради. Уларнинг номаи аъмоллари чап тарафларидан берилади. Дўзаҳ аҳлининг аксарияти ушбу гуруҳга оиддир. “(Иккинчи тоифа) чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!” (Воқеа сураси, 9-оят).

Чап тараф эгалари бадбахтдирлар. Улар баданни тешиб ўтувчи шамолда ва қайноқ сув ила азобланадилар. Жаҳаннам аҳли дўзахнинг салқини йўқ, қора тутун соясида бўладилар. Улар дунё лаззатининг ортидан эргашиб, имонни, диёнатни унутдилар. Катта гуноҳларни саркашлик билан қилдилар, тавбага шошилмадилар. Ҳою-ҳавасга берилиб, қайта тирилишни инкор этдилар. «Яна айтар эдилар: “Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилтирилувчимизми?! Аввалги ота-боболаримиз ҳамми?!”» (Воқеа сураси, 47-48 – оятлар).

Улар ўша кунда жаҳаннам гиёҳи бўлган Заққум дарахтидан ейдилар. Бошқа ичадиган нарса йўқлигидан мажбур бўлиб, ўта қайноқ сувни ичадилар. «...(ичганда ҳам) ташна туялар каби ичувчидирсиз. (Лекин ташналик асло босилмас) Мана шу жазо кунидаги уларнинг “зиёфати”дир» (Воқеа сураси, 56-оят). Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига адолат қилувчи зотдир.

Энг саодатли тоифа учинчи тоифа бўлиб, улар пешқадамлар, Аллоҳ таолонинг рўпарасида турувчилардир. “(Учинчи тоифа эзгу ишларда) ўзиб-ўзиб кетган зотлардир” (Воқеа сураси, 10-оят). Улар Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар қаторида бўладилар.

Бу тоифа охиратдаги энг саодатли бандалардир. Улар Аллоҳ таолонинг ибодати ва тоатида бошқалардан кўра пешқадам бўлганлар. Тавбада, яхшилик ва савобли амалларда ўзиб кетганлар. Улар орасида аввал ўтган мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо бу мақомга кейинги авлодлардан, яъни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларидан озчилик сазовор бўлар экан. “(Ўзиб кетганлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилар (Муҳаммад умматлари)дан эса озчиликдир” (Воқеа сураси, 13-14 – оятлар).

Пешқадамлар жаннатда тилладан дур ва ёқутдан тўқилган сўриларда ёнбошлаб роҳатланиб ётадилар. “Устиларида эса мангу ёш болалар айланиб (хизматда) юрурлар...” (Воқеа сураси, 17-оят).

Улар жаннат аҳли ихтиёр қилган меваларни ва иштаҳалари тусаган нарсаларни келтирадилар. “оқар чашмадан олинган (май тўла) қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар” (Воқеа сураси, 18-19 – оятлар).

Пешқадамларга берилган мазкур неъматлар ва олий мақомлар уларнинг дунё ҳаётида қилган солиҳ амалларининг мукофотидир. «Улар у жойда беҳуда ва гуноҳ (сўз)ни эшитмаслар, фақат (бир-бирларига айтадиган) “Салом-салом” сўзинигина (эшитурлар)» (Воқеа сураси, 25-26 – оятлар).

Шунингдек, сурада Аллоҳнинг борлиги, ягоналиги ва чексиз қудрати, инсонни яратишдаги, ўсимликларни ўстиришдаги, ёмғир ёғдиришдаги ва бошқа ишлардаги ажойиб тадбир ҳамда ҳикматлари ҳақида ҳам сўз кетади. Аллоҳ таоло уларга тафаккур кўзи билан қарашга буюради: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 63-оят); “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 68-оят); “Сизлар ёқаётган оловни (ўйлаб) кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 71-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни яхшиликларда пешқадам бўлган, охиратда Ўзининг рўпарасида турувчи бандаларидан қилсин.

Робия САИДХОНБАЛОВА,

Хадичаи кубро аёл-кизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази ЮНЕСКОда Мовароуннаҳр буюк алломалари меросини тақдим этди

09.10.2026   14242   7 min.
Ислом цивилизацияси маркази ЮНЕСКОда Мовароуннаҳр буюк алломалари меросини тақдим этди

ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида «Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Марказий Осиё олимларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, шунингдек, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланди, хабар бермоқда iccu.uz.

Халқаро конференция Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF), Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан ташкил этилди.

Конференцияда ЮНЕСКО раҳбарияти, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, етакчи университетлар, илмий институтлар, музей ва кутубхоналар вакилларидан иборат 300 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди. Халқаро аудитория учун рус, инглиз ва француз тилларида синхрон таржима таъминланди.

«Мазкур тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида илгари сурган ташаббусининг амалий ифодаси бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлаб, ушбу бебаҳо меросни жаҳон ҳамжамиятига етакчи халқаро майдонларда — Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ҳамда БМТнинг Женева ва Нью-Йоркдаги майдонларида тақдим этиш ташаббусини илгари сурган эди. Бугун Парижда ўтказилаётган конференция ушбу кенг кўламли ташаббусни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамдир», — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори доктор Фирдавс Абдухолиқов.

Конференция иштирокчиларига ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Президенти Ҳонгкер М. Талха жаноблари ҳамда ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси доктор Носир бин Ҳамад ал-Ҳинзоб табрик сўзлари билан мурожаат қилди.

«Бугун бизни асрлар давомида халқлар ўртасидаги мулоқотга асос бўлиб хизмат қилган умумий маънавий ва маданий мерос бирлаштириб турибди. Айнан ўзаро англашув ва ҳамкорлик руҳи ЮНЕСКО фаолиятининг асосини ташкил этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуснинг давоми бўлган бундай муҳим тадбирни ташкил этгани учун Ўзбекистон Ҳукумати ва ЮНЕСКОга самимий миннатдорлик билдираман», — таъкидлади Ҳонгкер М. Талха.

Шунингдек, конференция иштирокчиларига Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили, Фавқулодда ва Мухтор Элчи Камол Мухторов ҳамда ЮНЕСКО Бош директорининг табиий фанлар бўйича ўринбосари, профессор Дениз Пирес де Карвалью мурожаат қилди.

Конференциянинг марказий воқеаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти бўлди. Унда халқаро ҳамжамиятга Марказнинг ўзига хос концепцияси, кенг кўламли илмий ва музей ишлари натижалари, шунингдек, фаолиятининг асосий йўналишлари тақдим этилди.

Марказ экспозицияси бугунги Ўзбекистон ҳудудидаги цивилизациялар тарихининг уч минг йилдан зиёд даврини — қадимги маданиятлардан тортиб, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари орқали Янги Ўзбекистонгача бўлган тарихий жараёнларни қамраб олади. Ноёб қўлёзмаларни асраш, тарихий артефактларни ўрганиш, замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланишга қаратилган лойиҳалар иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Конференцияга Парижга махсус ташриф буюриб, тадбирда иштирок этган ва маърузалар қилган нуфузли халқаро илмий ҳамда маданий ташкилотлар раҳбарларининг иштироки алоҳида аҳамият бағишлади. Улар орасида Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори доктор Фарҳан Низомий, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) Бош директори профессор Махмуд Эрол  Қилич, «Ал-Фурқон» Ислом мероси жамғармаси ижрочи директори Сали Шаҳсивари, Милан университети дизайни профессори Марио Таддеи, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ЮНЕСКОдаги вакили доктор Салима Далибей, Женева Дипломатик доираси президенти Роберт Блум, шунингдек, Францияда Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан бор.

Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий Марказий Осиёнинг маданий бойлигини алоҳида таъкидлади:

«Ўзбекистоннинг тарихий кўчалари бўйлаб юрар эканмиз, биз шунчаки гўзал бинолар ва қадимий ёдгорликларни эмас, балки юксак ва жўшқин маданият, ижод, яқин алоқалар ҳамда маданий алмашинувнинг гувоҳларини ҳам кўрамиз».

ISESCO бош директори доктор Салим Ал-Малик  махсус маъруза билан иштирок этди:

Ислом цивилизацияси марказининг халқаро майдонда, хусусан ЮНЕСКОда тақдим этилиши жуда муҳим. Ўзбекистонга бориб, марказни кўриш имконига эга бўлмаган инсонлар, ҳеч бўлмаганда уни ЮНЕСКОда кўришлари мумкин. Бу орқали Ислом цивилизациясининг тинчлик, илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси намоён этилмоқда. Шунингдек, Ислом цивилизациясини доимий қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбекистон Президенти, жаноб олийлари Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Францияда Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан Ислом цивилизацияси марказининг халқаро аҳамиятини юқори баҳолади:

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази бугун Марказий Осиёдаги, эҳтимол, бутун дунёдаги энг йирик маданий ва музей мажмуаларидан бири ҳисобланади. У узоқ вақт давомида етарлича маълум бўлмаган исломий илмий ва маданий мероснинг беқиёс бойлигини очиб бериш, уни кенг тарғиб этишга хизмат қилиши кўзда тутилган».

Конференциянинг илмий дастури Марказий Осиёнинг маънавий ва интеллектуал мероси, Ислом цивилизацияси марказининг илм-фан ва маданият соҳасидаги халқаро платформа сифатидаги ўрни, шунингдек, Мовароуннаҳр буюк алломаларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасига бағишланган учта тематик сессияни қамраб олди.

Илмий дастурда Ўзбекистоннинг етакчи илмий ва давлат муассасалари вакилларининг чиқишлари алоҳида ўрин эгаллади. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосари, профессор Давронбек Маҳсудов, Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими, профессор Зоҳидулло Мунавваров, Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вакили Нодира Мустафаева маърузалар билан иштирок этдилар.

Маърузалар Марказий Осиёнинг тарихий-маданий меросини ўрганиш ва асраш, қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантириш, академик алмашинувларни йўлга қўйиш, тарихий манбаларни рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди. Иштирокчилар етакчи хорижий илмий ва маданий муассасалар билан янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Халқаро конференциянинг ёрқин якуни ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилган тантанали қабул бўлди. Унда юқори мартабали меҳмонлар, дипломатлар, олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари жам бўлди. Кечага ЮНЕСКО Бош директори Холид ал-Ананийнинг иштироки алоҳида аҳамият бағишлади. У меҳмонларни шахсан қутлаб, ўтказилган тадбирнинг юксак халқаро мақомига урғу берди.

Кечки дастур доирасида Ислом цивилизацияси марказининг илмий, маданий ва маърифий лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Тантанали қабул иштирокчиларга касбий мулоқотни давом эттириш, фикр ва ғоялар алмашиш, шунингдек, қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш имконини берди.

Париж конференцияси ғояси илк бор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган Ислом цивилизацияси марказининг халқаро фаолиятида янги босқични бошлаб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари