Нафақат юртимиз балки хорижий мамлакат аҳолисининг диний эҳтиёжини қондирган, илм маърифат улашган зиё маскани бўлмиш Мир Араб мадрасаси ўзининг таълиму-тадрис жараёнини бошлади. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қатори шонли тарихга эга билим ўчоғи 5-сентябрь куни эрта тонгда билимлар кунини қарши олди. Унда билим юртининг барча ишчи-ходимлари, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этишди.

Билим юрти маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир муовини А. Нажмиддинов очиб берар экан, аввало барчани янги 2018-2019 ўқув йилининг кириб келиши муносабати билан табриклади. Анъанага мувофиқ тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг мадҳияси янгради. Шундан сўнг билим юрти 4 курс талабаси А.Ахмаджонов Курьони Каримдан тиловат килди ва дуойи-хайр қилинди. Билим юрти мудири Ж.Элов янги ўқув йилида қилиниши лозим бўлган ишлар, таълим самарадорлигини янада ошириш учун кўзланган мақсадлар ҳамда талабаларни таълим-тарбия олишлари учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил гапирди. Истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари ўқув жараёнларидаги ижобий ўзгаришлар ҳамда ёшларни миллий ғурур, ватанпарварлик, миллий бирдамлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик асосида камол топтириш учун тавсиялари тингланди.

Сўнг тадбирга ташриф буюрган таълим фидойилари Баҳоуддин Нақшбанд жомеъ масжиди имом хатиби А. Раззоқов, БДУ филология фанлари номзоди, доцент, фахрий мударрис Н. Шукруллоев ҳамда билим юрти катта мударриси Қ. Сиддиқовлар талабаларга ўзларининг кўп йиллик тажрибаларидан келиб чиқиб насиҳат қилдилар. бу билим даргоҳида таълим-тарбия жараёнлари, ўтган уламоларимизнинг ўгитлари ҳамда динимиздаги илм ва олимнинг фазилати ҳақидаги кўрсатмаларини оят ва ҳадислардан мисоллар билан тушунтириб бердилар. Биринчи қўнғироқ садолари остида талабалар “Мустақиллик дарси”га кирдилар.




Билим юртида таҳсил олиш учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, узоқ вилоятлардан келган талабаларга шинам ётоқхоналар билан таъминланди. Талабаларга ҳар куни икки маҳал иссиқ овқат янги бино қилинган, барча қулайликларга эга ошхонада берила бошлади.
Толиби илмларга тоат-ибодатларини мукаммал қилишлари учун ҳомийлар орқали кенг ва замонавий таҳоратхона ишга туширилган. Ўқув кунининг аввали мана шундай қулай таассуротлар билан бошланди.


Маънавият ва маърифат ишлари
бўйича мудир муовини: А. Нажмиддинов
26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумнинг “Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти” мавзусидаги учинчи ялпи сессияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Сессия доирасида Қуръони карим мероси, қадимий қўлёзмалар, ислом хаттотлиги, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланган халқаро лойиҳалар тақдим этилди.
Хусусан, “114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси”, “Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар”, “Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш”, “Сунъий интеллект – қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити” лойиҳалари ҳамда “Ягона тарихий мерос саҳифалари” лойиҳаси доирасида яратилган “Масжид” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Халқаро муҳокамаларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Ўмон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, исломофобия ва мавжуд стереотипларни бартараф этишда медианинг ўрни ҳақида фикр алмашди.
Сессия якунида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръони карим нусхасини яратиш бўйича Хаттотлар умумжаҳон танлови эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро медиафорумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиб, унда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва эксперт ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили — медиа компаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати