Саудия Aрабистони ҳукумати Ҳаж амалини бажарган ҳожиларга икки миллион нусхадаги Қуръон китобларини совға қилди
IQNA сайтининг "Sayidatiy" матбуот хизматига таяниб маълум қилишича, ушбу Қуръон китоблари Саудия Aрабистони подшоҳи Салмон бин Aбдулазиз Ол Сауднинг буйруғини бажариш учун Саудия Aрабистони Ислом ишлари вазирлиги саъйи-ҳаракатлари билан зиёратчиларга тарқатилган.
Ушбу Қуръон нусхалари Саудия Aрабистони Қироли Фаҳд бин Aбдулазиз номидаги Қуръон китобларини чоп этиш мажмуасидан олинган бўлиб, зиёратчиларга турли ўлчамларда ва 76 дан ортиқ тилларга таржима қилинган Қурони каримнинг маънолари таржимаси китоблари совға сифатида тақдим этилди.
Қирол Aбдулазиз халқаро аэропорти, Исломий Жидда порти, қуруқлик ва ҳаво чегараси ўтиш жойлари бу Қуръон тарқатиладиган жойлардандир.
Саудия Aрабистони Ислом ишлари вазири Aбдул Латиф бин Aбдулазиз аш-Шайх шу муносабат билан бундай деди: “Ушбу Қуръон китобларининг тарқатилиши Саудия Aрабистони ҳукумати ва бу мамлакат подшоҳининг Қуръон хизматига содиқлигини кўрсатади".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мисрнинг “See News” ва “Al-Ahram” нашрларида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Биродар шаҳарлар халқаро форуми ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ҳақида мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
“See News” портали маълум қилишича, жорий йилнинг 24–25 июль кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш, шаҳарлар ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва халқ дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган Биродар шаҳарлар халқаро форуми бўлиб ўтади.
Форум давомида шаҳарлар ҳамкорлиги масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциялар, панель сессиялари ва давра суҳбатларини ўтказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, биродар шаҳарлар ўртасида меморандум ва битимларни имзолаш маросимлари, халқ дипломатияси ва ҳудудлараро ҳамкорлик тақдимотлари, хорижий делегациялар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Самарқанднинг тарихий обидаларига ташрифлар, инвестиция, туризм ва маданият соҳаларига бағишланган турли кўргазмалар эса иштирокчиларда катта таассурот қолдиради.
“Al-Ahram” газетаси мухбири Муҳаммад Абдулсалом Сабрин Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ҳақида репортаж тайёрлади. Журналистнинг ёзишича, у ушбу муҳташам мажмуани “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари – уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция доирасида бориб кўрган.
Мақолада Имом Бухорий мажмуаси қарийб 450 минг квадрат метр майдонни эгаллаган яхлит илмий-маърифий ва маънавий марказ сифатида тасвирланган. Унда тўртта 75 метрли минорага эга масжид, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий сафарларига бағишланган ноёб қўлёзмалар ҳамда хариталар жамланган тўққиз павильондан иборат интерактив музей мавжуд.
Муаллифнинг қайд этишича, реконструкция ишларидан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан қарийб 65 минг нафар зиёратчигача ошган. У ушбу мажмуани нафақат бетакрор меъморий ёдгорлик, балки халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшаш ғояларини ўзида мужассам этган маънавий маскан сифатида таърифлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати