Сийрат борасида гап кетаркан, у ҳақда ёзилган китобларни эсламай иложимиз йўқ.
Бу илмни бизгача етиб келишида асосан икки муҳим омил: омонатдор уламолар ва уларнинг ёзган мўътабар асарлари хизмат қилган.
Сийрат борасида кўп китоблар ёзилган. Лекин, уларнинг ҳаммаси ҳам бизгача етиб келмаган. Турли сабабларга кўра, баъзилари йўқолган, яна баъзилари қайсидир кутубхоналарда қўлёзма сифатида тадқиқот ўтказилишини кутиб ётибди.
Бизгача етиб келган сийрат манбалари орасида «Шифо» китобининг алоҳида ўрни бор.
Дарҳақиқат, сийрат китоблари орасида «Шифо»чалик кўп ўқилгани бўлмаса керак. Ёзилганига қариб 917 йил бўлган бу ноёб асар сийрат борасида муҳим қўлланма бўлиб келаётир.
Мана неча асрлар ўтган бўлсада сийрат мутахассислари унга турли катта – кичик шарҳлар, ҳошиялар битиб келмоқда. Ҳаттоки, уни ихчамлаштириб мухтасар ва назм – шеърий кўринишга келтирганлар ҳам бор.
Уламоларнинг эътирофига қараганда энг кўп шарҳ ёзилган китоб ватандошимиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Саҳиҳ»лари экан. Биз ўрганаётган «Шифо» китоби ҳам ана шундан энг кўп шарҳ қилинган китоблар сарасига кирар экан. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича «Шифо»га ҳозирга қадар 144 та шарҳ ёзилган.
Уламоларнинг мақтовлари:
Саъд Тилимсаний раҳматуллоҳи алайҳ «Ан-нажм ас-сақиб» китобида келтиради: «Солиҳлардан баъзиси Қози Абулфазлни вафотидан сўнг тушида кўрганини айтади.
У катта қаср ичида оёқлари тиллодан бўлган тахт устида ўтирарди. Шунда менга бир масала ҳақида савол қилган эди, айтдимки, эй жанобим, у ҳақда «Шифо» номли китобингизда мана бундай, мана бундай дегансиз.
Менга:
– Сенда ўша китоб борми? деди.
– Ҳа, дедим мен.
– Ундай бўлса уни қўлингдан қўйма. У сабабли Аллоҳ мени манфаатлан-тирди ва менга кўриб турган нарсангни берди, деди Қози Иёз.
Доктор Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Шубҳа ўзининг «Ас-сийрату фи зовил Қуръон вас Сунна» китобида ёзади: «У шундай китобки, агар уни тилло билан ёзилса ёки торозида гавҳар билан ўчанса албатта, оз ҳисобланарди...
Ҳой ўқувчи! Уни маҳкам тут. Уни қўлингдан қўйма».
Франсуз шарқшуноси Луи Массиньон:
«Овропа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилат ва гўзал сифатларини таниши учун «Шифо» китобини европа тилларининг бирига ўгириш кифоя», деган эди.
Овропалик бир инсофли шарқшунос суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай мадҳ этиб, сийратини ўрганиш ва ўргатишга ундаб турса–ю, биз умматлар ўрганиш ва танишга ҳақли бўла туриб у зотни яхши танимасак...
«Кашфуз зунун» китоби муаллифи айтади:
«Бу – манфаати катта, фойдаси кўп, Исломда унга ўхшаши ёзилмаган китобдир».
Аллома Муҳаммад ибн Муҳаммад Махлуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
«(Муаллиф) уни ёзишда янгилик қилган. Одамлар китобни ташиб кетишган. Унинг нусхалари шарқ–у ғарбга ёйилган».
Баъзи Мавританиялик уламолар Робиъул аввал ойида мажлис қуриб «Шифо» китобини ўқишни одат қилганлар.
Ибн Носируддин Димашқий у ҳақда ҳақли сўз айтган:
«Агар Қози Иёзнинг «Аш шифа битаърифи ҳуқуқил Мустофа» китобидан бошқа таснифлари бўлмаганида ҳам унинг қадри баланд, шуҳрати олий бўлшига кифоя қилар эди. Чунки у бу борада янгилик қилган. «Шифо» муҳим манба эканига ижмо қилинган, беллашганлар унинг ўзи кифоя қилиши билан таслим этилган, унга муҳаддис ва фақиҳ суянадиган, бобида ягона эканлигида тортишган киши маломат қилинадиган, Ислом шаҳарларидан бирортасида йўқ бўлиши мумкин бўлмаган китобдир».
Каттоний раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб «Фиҳрисул фаҳорис»да келади:
«Турра (шаҳри)да «Ан нажм ас соқиб фима ли авлияиллаҳи минал мафохир вал маноқиб» китобининг қадимий қўлёзмасини ҳошияси билан топдим. Унда:
«Баъзи машойихлар айтади: Инсонларга қуёш машриқдан чиқиб, мағрибга ботади. Биз Машриқликларга узоқ Мағрибдан бошқа бир қуёш чиқди. У Қози Иёзнинг «Шифо» китобидир», деб ёзилган.
Қанчадан – қанча сийратга доир китоблар бор. Лекин, «Шифо»дек эмас.
«Шифо»нинг донғи етти иқлимга таралган. Уммат уни чиройли қабул қилган ва қилиб келмоқда. Ундан хос – у ом бирдек фойдаланади. У деярли барча уйларда, кутубхоналарда, масжидларда бўлган. Ҳаттоки, у ҳақда зорбул масаллар ҳам айтилган: «Шифо» бўлмаганида Мағриб танилмаган бўларди ёки «Шифо» бўлмаганида Қози Иёз танилмаган бўларди.
Баъзи аҳли илмлар ўз талабаларига «Шифо»ни ўқитишга алоҳида урғу бериб, эҳтимом қаратадилар.
Олдинлари Мағриблик зобитлар аскарлик хизматини бажарганларидан кейин Бухорий ва «Шифо»ни бўлиб олиб (ўқишар) эканлар.
Демак, хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, «Шифо» китоби сийрат илми борасида ёзилган нодир манба, дурдона асардир. Уни ўрганиш бугунги кунда уммат олдидаги муҳим ва долзаб вазифа ҳисобланади. Айниқса, ислом ниқоби остида ўз қарашларини ёйиб, турли бузунчилик қилишга ёки «исламафобия» номи билан муқаддас Ислом динимизни ёмонотлиқ қилишга уринишлар авж олган бир даврда.
Одамларга динимизнинг асл моҳиятини ўргатиш, сийрат илми борасида тўғри тушунча бериш, адашганларга раддияларни асл манбалардан келтиришда «Шифо» китоби муҳим қўлланма ҳисобланади.
Сиз ҳам «Шифо»ни ўқиб ўзингиздаги жаҳолат касалини даволанг. Зеро, жаҳолатни кетказиш маърифат ҳосил қилиш билан бўлади.
Кимнинг қалби ва танида бўлса дард,
Гар «Шифо»ни ўқиса қолмагай гард.
Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме масжиди
имом-хатиби
Равшанбек Ўринбоев
Энг кўп қандай дуо қиласиз?
Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.
Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].
Қандай тонг оттирдингиз?
Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.
Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.
Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.
Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.
Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.
Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз” (Нисо сураси, 86-оят).
Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.
Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.
Восиқ: “Махлуқ”.
Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.
Восиқ: “Улар билишмаган”.
Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.
Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.
Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.
Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.
Ғийбатчини афв этди
Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.
Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.
Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.
Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].
Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида
Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).
Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари
Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.
Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.
Ношукрлик бўлади
Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.
Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.
Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].
Фақат сажда қиларди
Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.
Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.
Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.
Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].
Қайтаришни ният қилганман
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.
Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.
Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза
Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.
Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди.
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.
Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.
[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.
[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.
[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.
[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.