Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – юксак балоғат ва фасоҳат соҳиби
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фасоҳатли (аниқ ва равон) тил соҳиби ҳамда гапни равшан ва очиқ ифодалаб берувчи зот эдилар.
У зотга Аллоҳ таоло томонидан пурмаъно сўзлар, хислатли ҳикматлар, балоғатли[1] ваъз-насиҳатлар билан хитоб қилиш истеъдоди, муҳкам (аниқ, ишонарли, қатъий) далиллар билан узил-кесил ҳукм чиқариш маҳорати ато қилинган эди. Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: «Мен уммий (ўқиш-ёзишни ўрганмаган) пайғамбар – Муҳаммадман (буни уч марта айтганлар), мендан кейин бирорта пайғамбар бўлмайди. Менга каломнинг бошию охири[2] ва жавомеълари[3] ато қилинди».[4]
Бошқа бир ривоятда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб: «Эй инсонлар! Менга пурмаъно сўзлар ва уларнинг хотималари ато этилиб, мен учун жуда мухтасар қилинди», деганлар.[5]
Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Набийси, қандай қилиб сиз орамизда бўла туриб, фасоҳат билан сўзлайдиган бўлдингиз, ҳолбуки ҳеч қаерга чиқмаган бўлсангиз? (Яъни ўқиш-ёзишни ўрганиш учун бирор кишининг ҳузурига қатнамаган бўлсангиз)», деб сўраганида у зот: «Исмоил алайҳиссаломнинг (сўзлашган фасоҳатли) тили унутилиб кетган эди. Жаброил алайҳиссалом ана шу тилни менга олиб келди, мен уни ёдлаб олдим», деб жавоб берганлар.[6]
Пайғамбар алайҳиссаломнинг бирор муаллимдан дарс олмай туриб, шундай фасоҳату балоғат билан сўзлашлари Аллоҳ таолонинг у зотга берган улкан неъматидир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини, сийратларини ўрганиб чиққан жуда кўп олимлар бу ҳақиқатни эътироф этганлар. Пайғамбар алайҳиссалом гапирганларида ҳар бир сўзни аниқ-тиниқ талаффуз билан дона-дона қилиб гапирардилар. Сўзлари худди маржонга терилган дурлар каби эди.
Жоҳиз раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларини тавсифлаб, шундай дейди: «Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг каломларини тингловчида у зотга нисбатан муҳаббат уйғонадиган даражада зийнатлаб қўйди. Каломларида ҳайбат бўлиши билан бирга, эшитган одам ҳаловат ҳам топарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу даражада тушунарли, дона-дона қилиб сўзлардиларки, айтадиган гапларини қайта такрорлашга ҳожат қолмасди. Ул зотнинг ибора ва жумлаларидан бирон-бир сўз тушиб қолмас, гапиришда тутилиб қолиш ҳолатлари кузатилмас, келтирган ҳужжат-далиллари бефойда кетмас, сўзларини эшитиб турган бирор-бир нотиқ у зотга қарши фикр билдириб, гапларини бўла олмас эди. Фақат рост сўзлар билангина ҳужжат келтирардилар. Инсонлар ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларидан кўра манфаати кўпроқ, ишончлироқ бирор-бир каломни эшитмаганлар».
Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг фасоҳатларини: «Мен араблардан қандайдир ажойиб, нодир сўз эшитган бўлсам, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман. Мен Расулуллоҳнинг «Маата ҳатфа анфиҳи»[7]деганларини эшитганман. Бундай сўзни илгари бирор арабдан эшитмаган эдим», деб тавсифлайдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари шу даражада равшан ва очиқ-ойдин эдики, унда бирор-бир ортиқчалик ҳам, камчилик ҳам бўлмасди, ҳатто ёнларидаги киши гапларини ёдлаб оладиган даражада тушунарли гапирардилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга ўхшаб шошилиб гапирмасдилар, балки шундай очиқ-ойдин ва дона-дона қилиб гапирардиларки, у зот билан бирга ўтирган киши гапларини бемалол ёдлаб оларди».
Яна Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай гапирардиларки, сўзларининг ҳарфларини санамоқчи бўлган киши санашга улгурарди».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор гапни гапирсалар, (агар эҳтиёж бўлса) уни уч марта такрорлардилар».
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни «Сиздан фасоҳатлироқ кишини кўрмадик» деб мақтаганларида, ул зот: «Аллоҳ таоло мени лаҳҳонлардан[8] қилмади, Аллоҳ таоло мен учун энг яхши калом бўлмиш китоби – Қуръони Каримни танлади», деб жавоб берганлар.[9]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фасоҳат билан сўзлашни мақтардилар. Жумлаларнинг маъносини бузиб, қўпол гапиришдан қайтарардилар. Шунинг учун Аббос розияллоҳу анҳу: «Гўзаллик нима?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тил», деб жавоб берганлар.[10]
Бошқа бир ривоятда Аббос розияллоҳу анҳу: «Кишидаги гўзаллик нима?» деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилининг фасоҳатлилиги», деб жавоб бериб, «Равон гапирадиган кишига Аллоҳ таоло раҳматини ёғдирсин!» деб дуо қилдилар.[11]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фасоҳатлари шу даражада эдики, ҳар бир қавмга ўша қавмнинг тилига хос фасоҳат билан хитоб қилар, ўша қавмнинг шевасида гаплашар ҳамда уларнинг тилларига оид балоғат масалалари бўйича баҳслаша олар эдилар. Бу ҳолатни кузатган саҳобалар кўпинча у зотдан бошқа шевада айтган гапларини шарҳлаб, изоҳлаб беришларини сўрашарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш, Ансор, Ҳижоз ва Нажд халқи билан қилган суҳбатлари Хазрамавт ва Яман подшоҳлари билан бўладиган суҳбатларига сира ўхшамас эди (яъни ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам подшоҳлар билан бўлган суҳбатларида ўша подшоҳларнинг тили, фасоҳати ва балоғатида гаплашардилар. Улар билан гаплашишда қўллайдиган сўзлари Қурайш ва ансорларга нисбатан ишлатадиган сўзларидан фарқ қиларди. Шу ўринда сўзлашув услублари фарқли эканини билдириш мақсадида араб тилидаги сўзларни ўзбек ёзувида ифодалаб, ёнида изоҳини келтириб ўтдик).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамадонга шундай мактуб ёзган эдилар: «Албатта, сизлар Ҳамадоннинг фараъи (ернинг тепаликлари), вуҳоти (пастликлари), азози(бирор киши эгалик қилмайдиган бепоён қаттиқ ерлари)га эгалик қиласизлар. Ўша жойларнинг алофи (подалар ўтлайдиган ўтлар)да подаларингиз ўтлайди ҳамда афолари(бирор киши эгалик қилмайдиган, кимсасиз жойлари)да подаларингизни боқасиз. Модомики (Ҳамадон халқи) аҳду паймон ва омонатларини (закотларини) топширар эканлар, Ҳамадоннинг дафъилари (туя, қўйлари) ва суромлари(хурмо дарахтлари ёки хурмо мевалари)гина бизга тегишлидир. Садақанинг салб (тишлари тўкилган қари туялар), ноб (қари туяларнинг урғочиси), форидуд дожин (қари сигир), кабшул ҳаворийи (қўйларнинг катта ёшли қўчқор) уларникидир. Зиммаларида садақанинг солиғи (ёши олтига тўлган қўй ва сигир) ва фориҳи (беш ёшли туя ва отни бизларга юбориш вазифаси) бор».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Наҳд аҳлига ҳам шунга ўхшаш мактуб ёзганлар: «Аллоҳим, уларнинг маҳди(қаймоғи)га, мазқи(қоришма сути)га баракот бер. Подачиларини дусур(унумдор, серҳосил ерлар)га юбор, подачининг самади(оз миқдордаги суви)ни мўл-кўл қилиб бер ҳамда моллари ва фарзандларига барака ёғдир. Ким намозни адо қилса, у (комил) мўмин бўлади, ким закотни берса, ғофил бўлмайди, ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берса, мусулмон бўлади. Эй Наҳд уруғи, сизлар учун вадоиъуш–ширк (урушдан кейинги ўзаро келишилган аҳду паймонлар) ва вазоиъул мулк (мулк солиқлари) лозимдир. Намоз борасида дангасалик қилманглар, закотни ман қилманглар ҳамда ҳаётда ҳақ йўлдан оғманглар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам наҳдликларга фарз топшириқ борасида ҳам қуйидагича мактуб ёзганлар: «Фориз (қари сигир), фариш (ёш сигир), зул инонир-рукуб (миниладиган туя), филвуз-зобис (миниш қийин бўлган тойчоқ) сизларгадир. Модомики ичингизда римоқ(нифоқ, мунофиқлик) сақлаб юрмасангиз (яъни қалбларингиз ҳаққа бўйсунишдан бош тортмас экан), рибоқ(арқон) емас экансиз (ўртамиздаги келишувни бузмас экансиз), сизларнинг сарҳларингиз (кундузи яйловда ўтлаб юрадиган подаларингиз) ман қилинмайди (ўтлашдан тўсиб қўйилмайди), толҳингиз (мевасиз дарахтларингиз) кесилмайди, шунингдек, даррингиз (сут берувчи чорваларингиз) ҳам яйловдан тўсилмайди. Ким (бизнинг айтганларимизга) амал қилса, келишувни бажарган бўлади. Ким келишувдан бош тортса, унинг зиммасига (закотдан ташқари жазо ўлароқ олинадиган) зиёда нарса юкланади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Воил ибн Ҳажар орқали Яман подшоҳларига бир неча мактублар юборганлар. Уларнинг бирида шундай ёзилади: «Бир тиъада (қирқта қўй ёки туядан бештасида) миқваратил алёт (нуқсонли, озғин) ҳам бўлмаган, зоннок (семиз) ҳам бўлмаган битта қўй, сабажа (ўртача қўй), суюбдан (қазилма конлардан) бешдан бири берилади. Ким бикр билан зино қиладиган бўлса, уни юз марта фасқоъуҳу (дарра уринглар), бир йилга фаставзуҳу (сургун қилинглар), ким жувон билан зино қиладиган бўлса, уни азомим (тошлар) билан фазрожуҳу (тошбўрон қилинглар). Динда тавсим (айб ва уялиш ҳамда Аллоҳнинг ҳадларини адо қилишда дангасалик) йўқдир, Аллоҳ таолонинг фарзларида ғумма (беркитиш, тараддудланиш) ҳам йўқдир. Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Воил ибн Ҳажар ақёлга (Ҳазрамавт подшоҳларига) тараффул (бошчилик) қилади».
Юқорида матни келтирилган мактубларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан хитоб қилинаётган қавмлар ва подшоҳларнинг сўзлашган тили, балоғату фасоҳати биз билган ҳозирги араб тилидан фарқли бўлган. Яъни уларнинг шевасида турли фарқлар бор эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар учун нозил бўлган Қуръони Каримни уларнинг ҳолатларига мос равишда, истеъмоллари, одатий сўзлашадиган сўзларига қараб баён қилганлар.
Атийя Саъдийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Устун, олий қўл мунтия (берувчи) қўлдир.Остки, қуйи қўл эса мунтот (олувчи) қўлдир», деганлар. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ўз лаҳжамизда гаплашган эдилар».
Бир куни Омирий розияллоҳу анҳу савол сўраш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Шунда у зот (араб тилидаги «хоҳлаган нарсангни сўра» маъносини англатадиган «сал ъаммаа шиъта» дейиш ўрнига) «сал ъанка», дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом ишлатган бу ибора Омирий розияллоҳу анҳунинг лаҳжасига мос келар эди.
Сийрат уламолари Пайғамбар алайҳиссаломнинг кундалик турмушда, инсонлар билан муомалада ишлатган гап-сўзлари, ваъз-насиҳат қилганларида айтган ҳикматли гаплари ва гўзал иборалари, қўйингки, шу борадаги барча-барча маълумотларни тўплаб, жуда кўп китоблар ёзганлар. Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўзида мужассам этган китоблар оламига кирар экансиз, ўзингизни худди мевали дарахтлари кўп бўлган гўзал бир боққа киргандек ҳис қиласиз. Қалбингиз хотиржамлик ва сурурга тўлганидан, бу оламдан асло чиқиб кетгингиз келмайди. Қуйида биз ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ана шу бўстондан терилган мевалар янглиғ пурмаъно сўзлари ва гўзал насиҳатларидан баъзиларини сиз азизларга ҳавола қиламиз:
Мазкур ҳадислардан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари, маърузалари, хутбалари, дуолари ҳамда аҳдномалари ҳақида жуда кўп ровийлар бир-бирларидан ривоятлар келтирганлар.
Шак-шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча соҳада, хусусан фасоҳат ва балоғат соҳасида ҳам бирор киши ета олмайдиган юксак даража эгаси ҳисобланганлар ва бу борада барчага ўрнак бўлганлар.
[1] Балоғат сўзи «вояга етиш», «етуклик» маъноларини билдиради. Балоғат билан сўзлаш ҳар бир ҳолатнинг вазиятига мос сўзларни топиб, сўзамоллик ила гапиришдир. Юқоридаги жумлада «балоғатли ваъз-насиҳатлар» деб савияси баланд панду насиҳатлар назарда тутилган (валлоҳу аълам).
[2] Фасоҳат ва балоғат билан гапириш, маъноларнинг сиру асрорлари, хислатли ҳикматлар, гўзал иборалар қўллаш қобилияти.
[3] Кўп маъноларни ўз ичига олувчи қисқа жумлалар.
[4] Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган. Бошқа муҳаддислар ҳам ривоят қилган.
[5] Ҳофиз Ибн Касир бу ҳадиснинг санадини Абу Яълога боғлаган.
[6] Бу ҳадисни Абу Нуъайм «Асбаҳон тарихи» китобида ривоят қилган. Шунингдек, «Мавоҳиб» китобининг шарҳида ҳам зикр қилинган.
[7] Ҳеч бир ташқи таъсирсиз вафот этган кишига нисбатан қўлланиладиган бу ибора араб тилида юксак фасоҳат намунасидир.
[8] Нотўғри, ғализ гапирувчи, грамматик қоидаларга риоя қилмайдиган киши.
[9] «Жомиъус-сағир» китобида ҳадис ривояти имом Дайламийга нисбат берилган.
[10] Имом Ҳоким ривояти.
[11] Аскарий ривояти. Мазкур икки ривоятдан биринчисида Аббос розияллоҳу анҳу умумий қилиб сўрадилар, кейингисида эса хос қилиб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккала саволга ҳам жавоблари тил ҳақида бўлди.
[12] Икки шайх ривояти.
[13] Имом Табароний ривояти.
[14] Икки шайх ривояти.
[15] Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари.
[16] Ибн Ҳиббон ривояти.
[17] Икки шайх ривояти.
[18] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[19] Уқайлий ривояти.
[20] Ибн Абу Шайба ва бошқалар ривояти.
[21] Имом Бухорий ривояти.
[22] Муттафақун алайҳ.
[23] Фирдавснинг «Муснад»ида ривоят қилинган.
[24] Абу Абдурроҳман ас-Суламий ривояти.
[25] Имом Табароний ва бошқалар ривояти.
[26] Имом Аҳмад ва имом Термизий ривояти.
[27] Абу Довуд ривояти.
[28] Имом Бухорий ривояти.
[29] Имом Байҳақий ва Баззор ривояти.
[30] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[31] Имом Табароний ва имом Аҳмад ривояти.
[32] Аскарий ва имом Табароний ривояти.
[33] Имом Аҳмад, Абу Довуд ва бошқалар ривояти.
[34] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[35] Имом Муслим ривояти.
[36] Имом Аҳмад ривояти.
[37] Баззор ривояти.
[38] Имом Аҳмад, имом Термизий, имом Ҳоким ривоят қилган. Имом Ҳоким саҳиҳлар қаторига киритган.
[39] Имом Табароний ривояти.
[40] Муттафақун алайҳ.
[41] Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти.
[42] Имом Табароний ва бошқалар ривояти.
[43] Имом Табароний ривояти.
[44] Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти.
[45] Имом Байҳақий ривояти.
[46] Муттафақун алайҳ.
[47] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[48] Имом Ҳоким «Мустадрак»ида ривоят қилганлар.
[49] Қодоъий ривояти.
[50] Имом Табароний ва бошқалар ривояти.
[51] Имом Ибн Можа ривояти.
[52] Фирдавс «Муснад»идаги имом Дайламийнинг ривояти.
[53] Аскарий ривояти.
[54] Абу Шурайҳ ривояти.
[55] Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти.
[56] Имом Табароний ривояти.
[57] Имом Муслим ривояти. Бошқа муҳаддислар ҳам турли лафзлар билан ривоят қилган.
ЎМИ матбуот хизмати
манба
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саҳобаи киромлар иймону Ислом, шариату тариқат, ахлоқу одоб ва шунга ўхшаш барча керакли нарсаларда ҳар бирлари биз учун муқтадо бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.
Ушбу мавзуга киришдан аввал «саҳоба» ва «фазл» сўзларининг маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим.
«Саҳоба» сўзи «саҳиба» ўзагидан олинган бўлиб, луғатда «суҳбатдош бўлмоқ» ва «соҳиб бўлмоқ» деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонлик ҳолларида кўрган одамга саҳоба дейилади.
Мусулмон одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрса бўлди, суҳбатлашиб ўтирмаса ҳам саҳоба бўлаверади.
Уламолар бу масалада кўплаб батафсил баёнотлар, турли фикр-мулоҳазаларни келтирганлар. Лекин мазкур тортишувларнинг барчасининг натижаси юқоридаги таърифга бориб тақалади.
«Фазл» сўзи луғатда «зиёда», «ортиқлик», «устунлик» деган маъноларни англатади.
Шундан «Саҳобаларнинг фазли» иборасининг маъносини тушуниб олиш мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳуга ва «Байъатир-Ризвон»да иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: «Сизлар ер юзидаги энг яхши одамсизлар», деганлар.
Шунга биноан, ҳар бир мусулмон мазкур бахтиёр шахсларни севиши, ҳурматлаши ва эъзозлаши лозимдир.
Аллоҳ таоло уларга «яқин фатҳ»ни мукофот қилиб берди. Ҳудайбиядан сўнг тезда бутун дунёни фатҳ қилиш бошланди. Икки ойдан кўп вақт ўтмай, биринчи, энг муҳим фатҳлардан бири – Хайбар фатҳи бўлди. Ундан кейин эса навбатдаги фатҳлар кетма-кет содир бўлаверди.
Мусулмонлар Ислом жамиятининг асл мағзини, жавҳарини ташкил этар эдилар. Улар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм пешқадам муҳожирлар эди.
«Биринчи пешқадам муҳожирлар».
Улар Маккаи Мукаррамада ҳеч ким иймонга келмаган пайтда иймонга келган, кофирларнинг озорларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлардир.
Уламолар: «Ушбу оятда «олий мақом эгалари» деб сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган саҳобалардир», дейдилар. Чунки улар энг қийин вақтда иймонга келиб, энг қийин вақтда ҳижрат қилган шахслардир. Бадр урушида мусулмонлар ғолиб келиб, Ислом жамияти юзага чиқиб, ўз таянчига эга бўлганидан кейин ҳижрат қилиш ҳам осон бўлиб қолган.
Иккинчи қисм – «ансорийлар», яъни Мадина аҳлларидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ақаба»да байъат қилган, дин қардошларини ўз юртлари – Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида ўзлари емай, уларга едирган, ўзлари киймай, уларга кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир.
Учинчи қисм – «уларга яхшилик билан эргашганлар», яъни пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин, мазкур машҳур воқеалардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлганлар. Уларга фақат пешқадамлик, яъни энг қийин дамда сафда бўлмаганликлари етишмайди, холос. Аллоҳ ана шу уч тоифадаги мусулмонларнинг барчасидан «рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».
Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам мана шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониши, қазосидан яхшилик кутиши, неъматларига шукр қилиши, бало-офатларига сабр қилишидир.
Аллоҳ улардан рози эканлиги учун: «Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни… тайёрлаб қўйди».
Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар, балки «улар у (ер)ларда абадий мангу қолувчи бўлган ҳолларида».
Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.
«Ана ўша улкан ютуқдир».
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?
Аллоҳ «Ҳашр» сурасида саҳобаи киромларни шундай мадҳ этади:
«Диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳдан фазл ва розилик умид қиладиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир» (8-оят).
Муҳожирлар аслида маккалик кишилар бўлиб, дину иймон йўлида она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар (кўчиб ўтганлар). Шу сабабли уларнинг кўпчилиги мискин, фақирга айланганлар.
Улар фақатгина Аллоҳ берадиган фазлни деб, Унинг розилигини топамиз, деб бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан, Аллоҳнинг ва Расулининг ишига қўлларидан келган барча ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни «Иймонларида содиқ кишилар» деб мақтамоқда.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди