Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Сентябр, 2026   |   22 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:30
Қуёш
05:52
Пешин
12:22
Аср
16:57
Шом
18:55
Хуфтон
20:13
Bismillah
04 Сентябр, 2026, 22 Рабиъул аввал, 1448

Айб кимда?

04.09.2018   16243   1 min.
Айб кимда?

Бир киши хотини олдингидай яхши эшитмаётганини пайқаб қолди. Бундан ташвишга тушди, балки қулоғига махсус эшитиш ускунаси тақиши керакдир деб ҳам ўйлади. Шундай мулоҳазалар билан дўхтир ҳузурига йўл олди. Ҳар ҳолда мутахассис билан маслаҳатлашган яхши-да.
Унинг арзини тинглаган шифокор бир синов усулини ўргатди:
– Хотинингиздан қирқ қадам нарида турасиз, одатдаги суҳбат товушида гапириб кўрасиз. Агар эшитмаса, масофани ўттиз қадамга қисқартирасиз. Яна бўлмаса, йигирма қадам. Хуллас, сизни эшитгунча яқин бораверасиз.
У бу тажрибани ўша кун оқшомдаёқ қўллашга киришди. Хотини ошхонада куймаланиб юрганини кўргач, қирқ одим нарига борди-да:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз? – деди.
Жавоб йўқ. Одам масофани ўттиз қадамга қисқартириб, саволини қайтарди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Яна жавоб йўқ. Энди йигирма метр масофада туриб сўради:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Наҳотки! Яна жавоб бўлмади-ку!
Эр ошхона эшиги яқинига келди-да, сўровини тағин такрорлади:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Тавба-тавба! “Нима бало, аёлимнинг қулоғи том битганми?!” деб ўйлади у. Бу сафар хотинига жудаям яқин келди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Ва ниҳоят шу гал аёли жавоб берди:
– Дадажониси, бешинчи марта қайтаряпман: ош дамлаяпман, ош.
Биз кўпинча муаммони қаршимиздаги кишилардан ахтарамиз. Балки айб ўзимиздадир. Буни эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Оқил одамнинг энг устун жиҳатларидан бири бошқаларнинг эмас, ўзининг нуқсонларини ўйлаши ва уларни тўғрилашидир.


Ориф Толиб

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

31.08.2026   86058   1 min.
13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.

Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.

Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.

Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари