Бир киши хотини олдингидай яхши эшитмаётганини пайқаб қолди. Бундан ташвишга тушди, балки қулоғига махсус эшитиш ускунаси тақиши керакдир деб ҳам ўйлади. Шундай мулоҳазалар билан дўхтир ҳузурига йўл олди. Ҳар ҳолда мутахассис билан маслаҳатлашган яхши-да.
Унинг арзини тинглаган шифокор бир синов усулини ўргатди:
– Хотинингиздан қирқ қадам нарида турасиз, одатдаги суҳбат товушида гапириб кўрасиз. Агар эшитмаса, масофани ўттиз қадамга қисқартирасиз. Яна бўлмаса, йигирма қадам. Хуллас, сизни эшитгунча яқин бораверасиз.
У бу тажрибани ўша кун оқшомдаёқ қўллашга киришди. Хотини ошхонада куймаланиб юрганини кўргач, қирқ одим нарига борди-да:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз? – деди.
Жавоб йўқ. Одам масофани ўттиз қадамга қисқартириб, саволини қайтарди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Яна жавоб йўқ. Энди йигирма метр масофада туриб сўради:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Наҳотки! Яна жавоб бўлмади-ку!
Эр ошхона эшиги яқинига келди-да, сўровини тағин такрорлади:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Тавба-тавба! “Нима бало, аёлимнинг қулоғи том битганми?!” деб ўйлади у. Бу сафар хотинига жудаям яқин келди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Ва ниҳоят шу гал аёли жавоб берди:
– Дадажониси, бешинчи марта қайтаряпман: ош дамлаяпман, ош.
Биз кўпинча муаммони қаршимиздаги кишилардан ахтарамиз. Балки айб ўзимиздадир. Буни эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Оқил одамнинг энг устун жиҳатларидан бири бошқаларнинг эмас, ўзининг нуқсонларини ўйлаши ва уларни тўғрилашидир.
Ориф Толиб
Кеч ухлаш соғлиққа бир қанча хавф туғдиради.
Жигар ва бошқа аъзолар ўзини тиклай олмайди. Инсон организмидаги барча аъзолар тунда, айниқса, соат 22:00–02:00 оралиғида фаол тикланиш жараёнига киришади. Хусусан, жигар соат 23:00 дан кейин танани фаол тозалаш (детоксикация) вазифасини бажаради. Агар инсон у пайтда ухламаган бўлса, вазифа тўлиқ бажарилмайди. Бу эса чарчоқ, безовталик, тушкунликка олиб келади.
Гормонлар мувозанати бузилади. Уйқу вақтида, айниқса, соат 22:00–01:00 орасида ўсиш гормони (мелатонин ва соматотропин) ишлаб чиқарилади. Бу гормонлар иммунитетни кўтариш, тери ва ҳужайраларни тик лаш, стрессни камайтиришга хизмат қилади. Агар ухлаш кечикса, бу гормонлар кама йиб боради.
Ақлий фаолият сусаяди. Эътиборни жамлаш, эслаб қолиш қобилиятининг пасайиши айнан ўз вақтида ухламаслик билан боғлиқ. Оқибатда иш унумдорлиги ёмонлашиб, сифатли ўқишга ҳам салбий таъсир қилади.
Руҳий мувозанат бузилади. Соат 23:00 дан кейин ухлайдиган инсонларда депрессия, қўрқув, руҳий заифликлар кўп кузатилади.
Юрак уриш мувозанати ёмонлашади.
Сўнгги йилларда юракқон томир касалликлари ҳам кўпайиб, ҳам “ёшариб бормоқда”. Кам ва ўз вақтида ухламаслик юракни зўриқтириб, умрнинг қисқаришига сабаб бўлмоқда. Юракни даволаш учун ўз вақтида ухлаш керак.
Энг фойдали уйқу эса соат 22:00 дан 05:00 гача бўлади. Чунки айнан шу соатларда уйқу фазалари мукаммал кечади.
Интернет манбалари асосида тайёрланди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws