Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари

04.09.2018   13577   4 min.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари

Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизникига келдилар ва озроқ мизғиб, терладилар. Умму Сулайм Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг терларини бир идишга йиға бошлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уйғониб: “Эй Умму Сулайм, нима қиляпсан?”, деб сўрадилар. Умму Сулайм (розияллоҳу анҳо): “Ё Расулуллоҳ, сизнинг терингиздан хушбўйлик ўрнида фойдаланамиз. Зеро, у хушбўйлар ичра энг хушбўйидир”, деб жавоб берди» (Имом Муслим).
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да шундай хислат бор эди. Агар бир кўчадан ўтсалар, ҳидларининг хушбўйлигидан, у зот (алайҳиссалом)дан сўнг ўтган одам у ердан у зот (алайҳиссалом) ўтганларини билиб оларди».

* * *
Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан сафарда эдик. Суви оз қудуқ ёнида тўхтадик. Идишни ҳовучлаб тўлдириш учун қудуқ тубига олти киши тушдик. Бизга челак туширилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қудуқ бошида қолдилар. Биз челакнинг ярмини ёки учдан икки қисмини сув билан тўлдирдик. Идиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га узатилди. Ўзим эса томоғимни ҳўллаб олиш учун идишимга қараган эдим, сув йўқ экан. У зот (алайҳиссалом) идишга қўлларини ботирдилар ва Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтиб, идишни бизга қайтардилар. Мен қудуқ ичидаги охирги киши чўкиб кетишдан қўрқиб, кийимини ечиб тортиб олишлари учун юқорига узатаётганини кўрдим”. Кейин қудуқдан сув дарё бўлиб оқди (Имом Ибн Касир ва Имом Аҳмад).
* * *
Абу Зайд Амр ибн Ахтоб Ансорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Яқинроқ кел”, дедилар. Борганимда соч ва соқолимни қўллари билан силадилар ва: “Ё Аллоҳ, уни гўзал эт ва гўзаллигини доимий қил”, дедилар».
Амр ибн Ахтоб (розияллоҳу анҳу) юз ёшдан ошганида ҳам соқолига оқ тушмади. Фақат озгина оқи бор эди, холос. Шунингдек, у очиқ юзли киши бўлиб, то вафот этгунига қадар юзига ажин тушмади (Имом Аҳмад).
* * *
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ансорларнинг суғоришда ишлатадиган туялари бўларди. Ўша туя бўйсунмай, ҳеч кимни миндирмай қўйди. Ансорлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Бизларни суғоришда ишлатадиган туямиз бор эди. У бизга бўйсунмай, юк орттирмай қўйди. Хурмо ва экинларимиз чанқаб қолди”, дейишди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга қараб: “Туринглар, мен билан юринг­лар”, дедилар. Барчалари боққа киришганда, унинг бир четида ўша туя ўтлаб юрарди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у томонга юрдилар. Шунда ансорлар: “Ё Расулуллоҳ, эҳтиёт бўлинг. У итдек қутурган, яна ташланиб қолмасин”, де­йишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундан менга ҳеч бир зиён етмайди”, дедилар.
Туя Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўриб, ул зот томон юра бошлади. Олдиларига келгач, сажда қилган ҳолида йиқилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унинг пешонасидан ушладилар. Туя, илгари ҳеч кўрилмаган ҳолатда итоаткор бўлиб қолди.
Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бу ақлсиз ҳайвон сизга сажда қилди, ваҳоланки, биз ундан кўра сизга сажда қилишга ҳақлироқмиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсоннинг инсонга сажда қилиши мумкин эмас. Агар инсон инсонга сажда қилиши мумкин бўлганида, ҳақ-ҳуқуқи катта бўлгани учун, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлардим”, дедилар» (Имом Аҳмад).
* * *
Ҳанзала ибн Худаймнинг отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, мен кексайиб қолдим. Мана бу ўғлим Ҳанзала. Унинг ҳаққига дуо қилсангиз”, деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй бола”, дея қўлидан ушладилар ва бошини силаб: “Сенга Аллоҳнинг баракоти бўлсин!” дедилар.
Шундан сўнг Ҳанзаланинг олдига елини шишиб кетган қўй ва туяларни, ўсимтаси бор кишиларни олиб келишарди. У қўлига туфлаб, бошининг ўша жойига ишқаларди ва: “Бисмиллаҳ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари изидан”, деб касалларни силар ва улар тузалиб кетишарди (Имом Аҳмад, Имом Бухорий).


Маҳмудахон МУХТОРОВА

“Hidoyat” журналидан

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Сиэтл шаҳри 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди

28.08.2026   30977   1 min.
Сиэтл шаҳри 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди

АҚШнинг Сиэтл шаҳри мери Кети Б. Уилсон 2026 йил 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб расман эълон қилди. Бу ҳақда шаҳар мери томонидан имзоланган махсус прокламацияда қайд этилган.

 

Ҳужжатда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги, мамлакатнинг шу давр мобайнида суверенитет, тараққиёт ва кенг кўламли ўзгаришлар йўлини босиб ўтгани алоҳида таъкидланган.


Шунингдек, прокламацияда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат экани, иқтисодиёт йиллик 5–6 фоиз атрофида ўсиб бораётгани, очиқ бозор ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётгани қайд этилган.

 

Ҳужжатда Ўзбекистоннинг қадимий Ипак йўли марказида жойлашгани ва бугунги кунда 100 миллиондан ортиқ истеъмолчини қамраб олувчи минтақага стратегик дарвоза вазифасини бажараётганига ҳам урғу берилган. Бу эса савдо, инвестиция, логистика, технология ва энергетика соҳаларида Сиэтл бизнес ҳамжамияти билан ҳамкорлик учун катта имконият сифатида баҳоланган.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консуллиги фаолияти икки томон ўртасида одамлар, бизнес ва давлат идоралари даражасида узоқ муддатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.

 

https://t.me/Rasmiy_axborot_official

Ўзбекистон янгиликлари