«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа ерга тегмай ўзини сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.
Идда муддатлари:
Аллоҳ таоло:
«Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг раҳмларида халқ қилган (яратган) нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўл-са», деган (Бақара, 228).
Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун, ери талоқ қилган бўлса, талоқдан кейин ҳомила аниқ бўлса ҳомиласини яшириб, уч марта ҳайз (ой кўрмоқ, узрли бўлмоқ) кўрдим, деб бошқа эрга тегишга шошмаслиги лозим.
Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эри талоқ қилган хотин талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар.
Аллоҳ таоло:
« Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам», деган. (Талоқ, 6)
Аллоҳ таоло:
«Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар», (Бақара, 234) деган.
Яьни, Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошилик ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир.
Аллоҳ таоло:
«Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир», деган. (Талоқ, 6)
Бундан ташқари, идда ўтириш шарт бўлмаган ўрин ҳам мавжуд. Фуқаҳолар бунга қуйидаги оятни далил қиладилар:
Аллоҳ таоло:
«Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар», деган. (Азҳоб, 49)
Эр-хотин никоҳлангандан сўнг бирга яшамай, эр аёлини талоқ қилган бўлса аёл идда ўтириши вожиб эмас. Чунки ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Оилавий турмуш ҳурмати ҳам йўқ.
Иддани шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:
Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.
Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.
Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади.
Бундан ташқари, илм фан тараққий этган ҳозирги кунда бошқа ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар.
Аллоҳ таоло бизларга Ўз амри илоҳиларига амал қилиб ҳаёт кечиришни насиб этсин. Зеро У зот ҳар бир нарсага қодирдир.
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
ЎМИ матбуот хизмати
4-ҚИСМ
Раддия: Ҳозирги кунда юртимиздан “ҳижрат” қилиш фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Шунингдек, “ҳижрат” қилмаган киши гуноҳкор ёки кофир ҳам бўлмайди. Чунки, юртимизда дин аҳкомлари ва шиорларини адо қилиб турилибди.
Шу сабабли юртимиз Ислом диёри саналади ва Макка фатҳидан кейин Ислом диёрларидан ҳижрат қилиш йўқ. Нафақат бизнинг юртимиз, ғайридин юртларида ҳам мусулмонлар ибодатларини адо этишларига имкон бўлса, ундай юртлардан ҳам ҳижрат қилиш вожиб бўлмайди. Аслида ҳижрат киши ўз дини ва жонини сақлаш учун кўчишдир. Юртимиз каби Ислом диёрларини ташлаб, фитна ўчоқларига бориш динини ҳам, жонини ҳам хавфга қўйишдир ва бу ҳижратнинг моҳиятига мутлақо зиддир.
Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча саҳобалари билан бирга Макка шаҳридан кўчиб кетишлари, яъни ҳижрат қилишлари фарз қилинган эди. Шундан сўнг қарийб саккиз йил давомида мусулмонлар Мадинада яшадилар ва ниҳоят она юртлари Макка шаҳрини фатҳ қилдилар. Макка фатҳ қилингандан сўнг ҳижрат ҳукми бекор қилинди. Чунки Маккада дин арконларига амал қилиш учун ҳамма имкониятлар пайдо бўлган, у Ислом диёрига айланган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
لا هجرة بعد الفتح
“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!” деганлар.
Тобеинлардан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!” деганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу унга: “Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу халифалиги даврида залолатга кетган тоифалардан бири – хаворижлар фирқаси пайдо бўлди ва Басрадан чиқиб кетиб, ўзларига алоҳида жой қилиб, ўша ерга ўрнашди. Аҳолини “Ҳижрат фарз, биз билан ҳижрат қилинглар!” деб ҳижратга даъват қила бошлади.
Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар дейишаётганини айтишган. Шунда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!” деганлар-ку!”, деганлар (Имом Абдурраззоқ ривояти).
Демак, ҳозирги кунда мусулмон киши ибодатларини эмин-эркин бажариб турган юртдан бошқа жойга ҳижрат қилиши фарз ҳам, вожиб ҳам, ҳатто мустаҳаб ҳам эмас. Бундай ботил даъволарни қилганларнинг сўзлари эътиборсиздир.
Уламоларнинг сўзларига кўра ҳижрат танг ҳолат юзага келганида, яъни асосий фарз амалларни бажариш имкони қолмагандагина амалга оширилади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига суиқасд қилинганда Мадинага ҳижрат қилишлари ва мусулмонларнинг Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилиб жон сақлаганлари мисол бўлади.
Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетаётганларида, Қурайшнинг зулми бўлмаса, Маккани тарк этмасликларини айтадилар. Макка фатҳ этилгандан кейин эса, Мадина аҳли билан Мадинада қолиш бўйича келишувлари борлиги учун, Мадинага қайтадилар.
Имом Бухорий Aбдуллоҳ ибн Aмр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “(Комил) мусулмон – унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган киши, (ҳақиқий) муҳожир – Aллоҳ қайтарган нарсаларни тарк қилган кишидир”.
Яъни ҳижрат шартлари тўлиқ топилиб ҳижрат қилганда ҳам гуноҳлардан сақланмаса комил муҳожир бўлмас экан.
Уламолар: “Ислом арконлари ва шиорлари бажарилиб турган юртларни “дорул ҳарб” яъни уруш диёри дейилмайди ва у йердан ҳижрат қилинмайди”, дейишган. Фитначилар эса бундай юртларни “Дорул ҳарб”, “Дорул куфр” деб эълон қилиб, “биз томонга ҳижрат қилиб келмасанг, кофир бўласан” деб, ғўр кишиларни домига илинтирмоқда.
Юқорида зикр қилингани каби ҳижрат жони ва динини сақлаш учун тинч-хотиржам бир жойга кўчишдир. Ҳозир еса, асосан ижтимоий тармоқлардан туриб мусулмонларни ҳижратга даъват қилаётганлар юртимиз каби тинч-омон жойдан на дини, на жони омонда бўлмайдиган, ким кимнинг байроғи остида жанг қилаётгани маълум бўлмаган, уруш майдонларига келишни тарғиб қилмоқдалар.
Бу ҳижратнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тескари. Бунинг устига қўйни пуч ёнғоқларга тўлдирилган “муҳожирлар” у ерга боргандан кейин вазият бутунлай бошқача эканини англайдилар. Борган жойларида мусулмон мусулмонни қонини тўкишдан, зўравонлик ва ўлжа тўплашдан бошқа иш йўқлигини ўз кўзи билан кўради. Лекин кеч бўлган, орқага қайтмоқчи бўлишса, жонлари хавф остида қолади, икки ўт орасида қоладилар. Aгар улар илм олганларида, дин-диёнатни пухта биладиган устозларни, олимларни сўзларига қулоқ тутганларида ўзларига яхши бўларди.
Мусулмонларни қонини тўкмас, балки уларга бирор фойдаси тегадиган иш билан шуғулланишарди. Бир мусулмонни ҳеч сабабсиз ўлдирган киши Қиёматда Aллоҳ таолога қандай ҳисоб беради, ваҳоланки, ҳеч бир асоссиз одам ўлдириш енг катта гуноҳлардан биридир.
Фитначилар даъво қилганидек, Сурия ёки Aфғонистон каби мамлакатларга мусулмон давлатининг чегараларини бузиб кириб, мусулмонларни ўлдириш жиҳод эмас, балки катта гуноҳдир. Бази қора кучларнинг геосиёсий мақсадлари туфайли ташкил қилинган уруш ўчоқларига бориб жанг қилиш, ҳеч қандай жиҳод эмас, балки дунё ҳамжамияти олдида Исломни ваҳший ва жоҳил қилиб кўрсатишдир. Ўша ғаразли учинчи томоннинг ишини ривожлантириш, ёрдам беришдир.
Ваҳоланки, Aллоҳ таоло одамзотни ерни вайрон қилиш учун эмас, обод қилиш учун яратган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни инсониятга азоб қилиб эмас, раҳмат қилиб юборган.
Aллоҳ таоло Aнбиё сураси 107-оятида бундай марҳамат қилади:
﴿وَمَآ أَرْسَلْنَـٰكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَـٰلَمِينَ﴾
“Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”.
У зот келтирган Қуръон ва Суннат бутун коинотга; жонли ва жонсиз мавжудодларга ҳам раҳм-шафқат ўлароқ юборилган. Инсониятни жаҳолатдан, залолатдан маърифат ва ҳидоятга чиқариш учун юборилган. Исломнинг асл моҳиятини бузиб кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Жиҳод сўзи фақат қуролли уруш маъносида келмайди, балки маънавий курашни ҳам ифодалайди. Имом Термизий Фазола ибн Aбиддан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Мужоҳид – ўз нафсу-ҳавосига қарши курашган кишидир”.
Инсон ўз нафсини енгиб йўлга солмасдан олдин, қандай қилиб бошқаларни йўлга сола олади.
Шаҳидлик – Aллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Aллоҳ томонидан бериладиган даражадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топишлиги хабар берилган. Бугунги кунда баъзи бузғунчилар ўзини портлатиб, ўзини ҳам, тинч аҳолини ҳам ўлдирган кишиларни шаҳид деб аташмоқда.
Мисол тарзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги ғазотлардаги ҳолатларни келтиришади. Aммо ушбу ривоятларда душман билан юзма-юз турган пайтда жангга киргандан кейин ҳалок бўлишни ривоятларнинг зоҳири кўрсатиб турибди.
Бу ривоятларнинг бирортаси тинч аҳоли устига портловчи модда билан кириб боришга қиёсий далил бўлолмайди. Ҳатто саҳобалар бирор юртга жанг учун борган бўлсалар ҳам, бир киши азон айтганини эшитиб қолсалар жангсиз ортларига қайтишган.
Ғазотларда қуролсиз кишилар, қариялар, болалар, аёллар ва ибодатхоналардаги роҳибларга умуман тегишмаган. Тинч аҳоли орасига кириб ўзини портлатган шахс, ҳам ўз жонига ва ҳам ўзгалар жонига тажовуз қилган бўлади. Бу ҳолатда унга шаҳидлик эмас, балки гуноҳкорлик мақоми берилади.
Aллоҳ таоло Моида сураси 32-оятида:
﴿مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا﴾
“Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”, деб огоҳлантирган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси