Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Октябр, 2026   |   9 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:21
Қуёш
06:40
Пешин
12:08
Аср
15:52
Шом
17:39
Хуфтон
18:54
Bismillah
20 Октябр, 2026, 9 Жумадул аввал, 1448

Идда муддатлари

03.09.2018   33695   3 min.
Идда муддатлари

 «Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа ерга тегмай ўзини  сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.

Идда муддатлари:

  1. Эри талоқ қилган аёл талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди.

Аллоҳ таоло:

«Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг раҳмларида халқ қилган (яратган) нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўл-са», деган (Бақара, 228).

Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун, ери талоқ қилган бўлса, талоқдан кейин ҳомила аниқ бўлса ҳомиласини яшириб, уч марта ҳайз (ой кўрмоқ, узрли бўлмоқ) кўрдим, деб бошқа эрга тегишга шошмаслиги лозим.

Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эри талоқ қилган хотин талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар.

  1. Ёши кексалиги ёки жуда ёшлиги ёки бўйи етган бўлса ҳам умуман ҳайз кўрмайдиган аёл уч ой идда ўтиради.

Аллоҳ таоло:

« Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам», деган.  (Талоқ, 6)

  1. Эри вафот этган ҳомиладор бўлмаган аёл талоқ қилинса тўрт ой ўн кун идда ўтиради.

Аллоҳ таоло:

«Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар», (Бақара, 234) деган.

Яьни, Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошилик ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир.

  1. Эри вафот етган ҳомилали аёл ҳомиласини туғиши билан иддаси чиқади.

Аллоҳ таоло:

«Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир», деган.  (Талоқ, 6)

Бундан ташқари, идда ўтириш шарт бўлмаган ўрин ҳам мавжуд. Фуқаҳолар бунга қуйидаги оятни далил қиладилар:

Аллоҳ таоло:

«Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар», деган. (Азҳоб, 49)

Эр-хотин никоҳлангандан сўнг бирга яшамай, эр аёлини талоқ қилган бўлса аёл идда ўтириши вожиб эмас. Чунки ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Оилавий турмуш ҳурмати ҳам йўқ.

Иддани шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:

Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.

Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.

Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади.

 Бундан ташқари, илм фан тараққий этган ҳозирги кунда бошқа ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар.

Аллоҳ таоло бизларга Ўз амри илоҳиларига амал қилиб ҳаёт кечиришни насиб этсин. Зеро У зот ҳар бир нарсага қодирдир.

 

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

ЎМИ матбуот хизмати

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Соғлом эътиқод – маънавий барқарорлик асосидир

08.10.2026   47415   6 min.
Соғлом эътиқод – маънавий барқарорлик асосидир

Бугун биз дунёнинг турли ҳудудларида урушлар, ноҳақдан қон тўкилишга жим қараб турадиган ва ўзгаларнинг ҳақини ўйлаб ўтирмай поймол қилинадиган таҳликали замонда яшамоқдамиз. Шундай оғир вазиятда ўзимизни, юртимизни қолаверса юртимиз аҳлини омонда сақлашга жон-жаҳдимиз билан киришишимиз барчамиз учун бирдек ҳам фарз, ҳам қарздир.
 

Бугунги ер юзида бўлаётган бузғунчилик ва бегуноҳ одамлар қонини тўкиш каби жиноятлар негизида эътиқодий бузуқлик, ақида билмаслик, тўғри йўлдан адашиш ва соф ислом таълимотларини теран англамасликдан келиб чиқмоқда. Шу сабаб сизларга бу мақола орқали исломда эътиқоднинг ўрни ҳақида эслатма келтирамиз.


Эътиқод – бу биргина Ислом динига боғланиб қолган тушунча эмас, балки барча динларнинг энг асосий пойдевори саналади. Зеро, дин деб айтиладиган барча йўналиш уч асос устига қурилади: Эътиқод, Ҳукм ва ахлоқ.


Эътиқод – Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, фаришталарга, китобларга ва шу каби бир неча нарсаларга иймон келтириш демакдир.


Ҳукм – бир нарсанинг ҳалол, ҳаром ёки шубҳали каби бўлимларга ажратиб берувчи қисмдир.


Ахлоқ – инсоннинг ўзга махлуқотлардан ажратиб, уни қайси турга мансуб эканини кўрсатиб берувчи омилдир.


Шу уч қисмнинг йиғиндиси ягона дин деб аталади. Инсон нафсига бас келолмай ахлоқи бузуқроқ бўлиб қолиши мумкин баъзида, ёки айрим ҳалол ва ҳаром масалаларида адашиб кетишини ҳам тушинса бўлади. Лекин эътиқодсиз бўлиши мумкин эмас, чунки унинг ким эканини эътиқод белгилайди.


Хўш, эътиқод ўзи нима?, биз қайси эътиқоддамиз?, эътиқодга эргашишда қандай фойда, аксида эса қандай зарарлар бор?


Эътиқод илми одатда «Ақида» номи билан ҳам кенг тарқалган. Икки номнинг ҳам асл ўзаги бир «Ақд» сўзидан олинган. Бу сўз арабча бўлиб, «бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш» деган маънони англатади. Яъни ислом ақидаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.


Дунёда бир қанча ақида, фалсафий фикрлар ҳам бор, улар ичида ҳозирги кунга келиб йўқолиб кетганлари ҳам талайгина. Бироқ, аҳли сунна жамоаси эътироф этган эътиқодий таълимот йўли икки дона бўлиб, улар: мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотларидир. Дунёда исломда парокандалик ва бузғунчилик пайдо қиладиган турли фикр, фалсафа ва эътиқодлар юзага келган бир даврда, Қуръони карим, ҳадис шариф ва саҳобаларнинг услубида ақида масалаларини ёрита бошлаган соф эътиқодли олимлар пайдо бўла бошлади. Айнан шуларга «Аҳли сунна вал жамоа» номи берилди. Бу ном «суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар» деган маънони кўзда тутади. Кейинчалик ақида илми ҳам ўз имомларига эга бўлди: Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий роҳимаҳуллоҳлар.


Ушбу имомлардан бири бизнинг мўътабар юртимиздан етишиб чиққан, буюк сиймо, аллома, Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотурийдий роҳимаҳуллоҳ. У киши Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида ҳижрий 333-санада вафот этган. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, бу киши мазҳабда Ҳанафий мазҳабига эргашганлар. Шу билан бирга икки восита ила Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳга шогирд ҳам бўлади. Биз ва ота-боболаримиз  эътиқодда ана шундай буюк бобокалонимизнинг таълимоти бўлмиш Мотуридия ақидасидамиз. Мотуридийлик таълимоти ўзгаларидан фарқи ва ҳақиқий суннатга эргашган йўл эканини бир мисол ўлароқ кўриб чиқамиз.


Мотуридийлик таълимотига биноан биз «гуноҳ иш қилган одамни диндан чиқди демаймиз, модомики ўша ҳаром ишни ҳалол санамаса». Хулоса қилиб айтганда, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Аммо ўша қилган ҳаром ишини ҳалол, ҳалол ишини ҳаром деса, кейин кофир бўлади.


Айнан мана шу биз келтирган масала бўйича ўзга фикрларни келтириб ўтамиз:


Биз, аҳли сунна вал жамоа бирор кишини гуноҳи кабира қилгани учун кофир демаймиз, шу билан иймони бўлса гуноҳ унга зарар бермайди ҳам демаймиз.


Хаворижлар эса, гуноҳи кабира қилганни кофир дейди. Мўтазилий тоифаси эса, гуноҳи кабира қилганни диндан чиқди, лекин куфрга кирмади дейдилар. Яъни дин ва динсизлик орасида дейишади.


Хавориж ва Муътазилийларнинг сўзларига ҳам ўз далиллари бор:


«Мусулмонни сўкиш фисқдир. У билан уруш қилиш куфрдир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Шу ва шу каби бир қанча ҳадисларни далил қилиб олишади.  Ана шу ерда ҳақли савол туғилади, биз гуноҳ сабаб кофир бўлмайди деяпмиз. Аммо ҳадисда очиқ «У билан уруш қилиш куфрдир» деган гап турибди. Бунга нима деб жавоб берамиз?.


Агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида, шариат ҳадларни жорий қилмас эди. Масалан, ўғрининг қўли кесилиши, зинокорга ҳад урилиши каби. Балки, диндан чиқди, кофир ва муртад бўлди. Энди фақат ягона йўл уни ўлдириш керак дер эди. Мана шу ҳолат ва ҳукмнинг ўзиёқ юқоридаги тоифаларнинг сўзлари қанчалик ботил эканини баён этади.

Хулоса қиладиган бўлсак, тўғри эътиқод ўзгаларга нисбатан ҳам чиройли гумонни келтиради. Соф эътиқоддан йироқлашиш эса, иноннинг ўзига ҳам ўзгалар тинчига ҳам раҳна соладиган иллат бўлиб хизмат қилади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати.

1. Аҳмад ибн Ҳажар ал-Асқалоний, «Фатҳул борий шарҳи Саҳиҳул Бухорий», Дорул райяни лит-турос, Қоҳира, 1986, 1-босма.

2. Абдулмажид аз-Зиндоний ва бошқалар, «Ал-Иймон», Ал-Мактабатут-тижорийя, Макка.

3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Ақоид илмлари ва унга боғлиқ масалалар», Ҳилол нашр, Тошкент. 2022.

Нажмиддин домла ҲАСАНОВ, 

Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани

Ҳасанхон қори масжиди имом-хатиби

 



 

Кун мавзуси