Қуръони карим тиловати ҳақларидан бири сажда оятларини ўқиганда сажда қилишлик. Бу алоҳида ибодат ҳисобланади.
عن ابي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم:إذَا قَرَأَ ابْنُ آدَمَ السَّجْدَةَ وَسَجَدَ اعْتَزَلَ الشَّيْطَانُ يَبْكِي ، فَيَقُولُ : يَا وَيْلَهُ أُمِرَ ابْنُ آدَمَ بِالسُّجُودِ فَسَجَدَ فَلَهُ الْجَنَّةُ ، وَأُمِرْت بِالسُّجُودِ فَأَبَيْت فَلِيَ النَّارُ. رواه مسلم
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар Одам фарзанди сажда оятини ўқиб сажда қилса, Шайтон йиғлаб шундай дейди: “Азоб бўлсин! Одам фарзанди саждага буюрилганди, сажда қилди, унга жаннат бўлади. Мен саждага буюрилгандим, бош торттим, менга дўзах бўлади”. (Имом Муслим ривояти.)
Уламолар тиловат саждасига амр қилинганлигига ижмоъ қилганлар. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ушбу амр вужуб учундир. Яъни тиловат саждасини қилиш вожибдир. Бунга ҳанафий уламолар ўз китобларида етарлича далиллар келтирганлар.
Лекин Аҳмад, Молик, Авзоъий, Лайс ва Шофеъий роҳимаҳуллоҳлар уни мустаҳаб деб айтадилар. Улар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни жума куни минбарда Наҳл сурасини қироат қилиб, сажда оятига келганларида минбардан тушиб инсонлар билан сажда қилганликларини, келаси жума эса ўша сурани қироат қилиб, сажда оятига келганларида: “Эй инсонлар! Саждалардан ўтамиз. Ким сажда қилса тўғри топибди. Ким сажда қилмаса унга гуноҳ йўқдир”, деб, сажда қилмаганликларини далил қиладилар. (Бухорий ривояти.)
Умар розияллоҳу анҳунинг “Ким сажда қилса” деган сўзларининг маъноси “тиловатни эшитгандан кейиноқ тезда сажда қилса” деган маънода. Чунки бир ривоятда: “Аллоҳ таоло бизга сажда қилишни фақатгина ўзимиз хоҳлаган вақтда қилишимизни фарз қилди” деб келган. Демак ушбу ҳадис ҳанафийларнинг фойдасига далил бўлади.
Тиловат саждаларининг адади ва уларнинг ўринлари
Унинг адади жумҳур ихтиёр этган сўзга кўра ўн тўртадир. Улар қуйидагилар:
Шофеъий мазҳабида эса Сод сурасининг саждаси мустаҳаб, таъкидланган саждалардан ҳисобланмайди. Ҳаж сурасининг 77-оятида эса сажда ояти дейдилар.
ثبت في صحيح البخاري عن ابن عباس رضي الله عنهما قال صلَيست مِنْ عَزَائِمِ السُّجُودِ ، وَقَدْ رَأَيْتُ النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ سَجَدَ فِيهَا
Саҳиҳул Бухорийда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоятни далил қиладилар. У киши шундай дедилар: “Сод (нинг саждаси) таъкидланган саждалардан эмас. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унда сажда қилганларини кўрдим”.
Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан икки ривоят бор: биринчиси, Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, иккинчиси эса уларни ўн бешта дейдилар ва Сод сурасини саждасини унга қўшадилар. Бу шофеъийлардан Абул Аббос ибн Сурайж[1] ва Абу Исҳоқ Марвазийларнинг[2] сўзидир. Имом Моликдан ҳам икки ривоят мавжуд: биринчиси, Имом Шофеъий айтганларидек. Икки ривоятнинг машҳурроғи ўн биттадир. Нажм, Иншиқоқ ва Алақ суралари саждаларини чиқариб юборадилар.
Ҳанафий мазҳабимизга кўра, Сод сурасининг 24-ояти таъкидланган сажда ояти ҳисобланади. Ҳаж сурасининг 77-ояти эса сажда ояти ҳисобланмайди, балки ундан намоздаги сажда ирода қилинган. Буюк аллома бобокалонимиз Абул Баракот Насафий ушбу оят тафсирида бу сажда оятини намоздаги сажда деб айтганлар.
Ушбу оятлар саждаларининг ўрни борасида Фуссилат сурасидаги сажда оятининг ўрнидан бошқа айтарли ихтилоф мавжуд эмас. Чунки уламолар ушбу сажда борасида ихтилоф қилганлар. Бир қанча уламолар саждани وَهُمْ لَا يَسْأَمُونَоятиўқилгандан кейин қилади дейдилар. Бу Абу Ҳанифа, Шофеъий, Саъид ибн Мусайяб[3], Муҳаммад ибн Сирин, Абу Воил, Суфёни Саврий, Аҳмад ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳларнинг[4] тутган йўллари. Бошқалар эса ушбу сажда إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَоятидан кейин деганлар. Буни Ибн Мунзир Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Ҳасани Басрий, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳоблари, Иброҳим Нахаъий, Абу Солиҳ, Талҳа ибн Мусарриф, Зубайд ибн Ҳорис[5], Молик ибн Анас ва Лайс ибн Саъдлардан[6] ривоят қилган. Бағавий буни “Таҳзиб”да зикр қилган.
Намл сурасининг саждаси رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِдан кейин қилинади.
Тиловат саждасини таҳоратли ҳолда ва нажосатдан пок бўлиб, қиблага юзланиб, авратни тўсиб адо қилинади. Баданида ёки кийимида афв миқдоридан кўпроқ нажосат бўлган ва таҳоратсиз бўлган инсонга сажда қилиш жоиз эмас.
Жалолиддин Ҳамроқулов
"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби
[1] Аҳмад ибн Амр ибн Сурайж Абул Аббос Боғдодий. Шеърозда қозилик вазифасини бажарган. Ва кўп асарлар ёзган. Улардан: “Ал-ақсом фи фуруъил фиқҳиш-Шофеъий”, “Ал-вадоэъ линусусиш шароэъ”, Ҳижрий 306-йилда эллик етти йилда вафот этган.
[2]Иброҳим ибн Аҳмад. Абу Зайд Марвазийнинг устози. Мухтасарул Музанийни шарҳ қилган. Усул қоидалари ва китоблар таълиф қилган. Мисрга кўчиб бориб у ерда вафот этган. 340 ҳ. йил 9-ражабда вафот этганлар ва Имом Шофеъий мақбаралари олдига дафн қилинган.
[3]Имом Саид ибн Мусайяб ибн Ҳазн ибн Абу Ваҳб Қураший Махзумий Маданий, куняси Абу Муҳаммад. Шубҳасиз Мадина аҳлини олими эди. Ҳазрати Умар халифалик даврида таваллуд топган. Ибн Мадиний бу киши ҳақида шундай дейдилар: “Мен тобеъинлар орасида бу кишидан олимроқ инсонни кўрмадим. У киши мени наздимда тобеъинларнинг энг улуғ кишиси”. Ҳижрий 94-йилда 80 ёшида вафот этган.
[4]Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Мухаллад Марвазий. Ҳижрий 161-йилда туғилган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг яқини, мужтаҳид, сиқа(ишончли) ҳофизлардан. Нишопурда яшаб, у ерда ҳижрий 238-йилда вафот этган.
[5]Абу Абдураҳмон Зубайд ибн Ҳорис ибн Амр ибн Каъб Ёмий Кўфий. Ибодатгўй, сиқа(ишончли) собит инсонлардан. Ҳижрий 122-йилда вафот этган.
[6]Абул Ҳорис Лайс ибн Саъд ибн Абдурраҳмон Мисрий. Ҳижрий 94-йилда туғилган. Миср диёрининг улуғ олими, сиқа(ишончли) муҳаддис ва машҳур фақиҳлардан. Амир ноиби ва қозилар убилан машварат қиларди. Ҳижрий 175-йилда вафот этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Россия Федерациясида икки юздан зиёд ватандошимиз билан учрашув ўтказди.
Тадбирда сўзга чиққан Муфтий ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган тарихий янгиланишлар, хусусан, сўнгги йилларда 150 дан ортиқ янги масжидлар очилгани, Қуръон курслари сони ошиб, фаолияти кенгайгани, Ҳаж квоталари сони ортаётгани, Умра зиёратига чекловлар олиб ташлангани каби рақамли мисолларни келтириб ўтдилар.
Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси каби улуғвор лойиҳалар инсон қадрини юксалтириш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканини қайд этдилар.
Ватандошларга бугунги мураккаб даврда огоҳ бўлиш, фитна ва шубҳали ахборотларга алданмаслик, ҳалол меҳнат қилиб, яшаб турган жойининг қонун-қоидаларига риоя этиш кабилар ҳам эслатиб ўтилди.
Диний масалалардаги савол ва тушунчалар борасида эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Колл-маркази (+998781503344), Telegram (@fatvo_call_1, @fatvo_call_2), WhatsApp (+998917806633) ёки fatvo.uz сайти орқали ишончли жавоб олиш мумкинлиги айтилди.
Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ота-она ва оила олдидаги масъулият борасида алоҳида тўхталиб, ота-онанинг дуоларини олиб туриш, аҳли оиласи ва яқинларидан тез-тез хабардор бўлишга чақирдилар.
Қизғин мулоқотда ҳамюртларимиз билан турли масалаларда савол-жавоблар бўлиб ўтди. Улар томонидан Давлатимиз томонидан ўзга юртларда юрган ватандошларимизга катта эътибор қаратилаётгани юксак баҳоланди.
Ватанга қайтиб келган мигрантларни иш билан таъминлаш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилаётгани, юртимиз диний соҳа вакилларининг хорижий сафарларга юборилиши ана шундай ғамхўрликнинг амалий ифодаси экани эътироф этилди.
Якунда илм ва ризқ талабида юрган барча ҳамюртларимизга Ҳақ таолодан сиҳат-саломатлик, омонлик ва муваффақиятлар тилаб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати