Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Сажда оятлари

03.09.2018   38286   18 min.
Сажда оятлари

Қуръони карим тиловати ҳақларидан бири сажда оятларини ўқиганда сажда қилишлик. Бу алоҳида ибодат ҳисобланади.

 

عن ابي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم:إذَا قَرَأَ ابْنُ آدَمَ السَّجْدَةَ وَسَجَدَ اعْتَزَلَ الشَّيْطَانُ يَبْكِي ، فَيَقُولُ : يَا وَيْلَهُ أُمِرَ ابْنُ آدَمَ بِالسُّجُودِ فَسَجَدَ فَلَهُ الْجَنَّةُ ، وَأُمِرْت بِالسُّجُودِ فَأَبَيْت فَلِيَ النَّارُ. رواه مسلم

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар Одам фарзанди сажда оятини ўқиб сажда қилса, Шайтон йиғлаб шундай дейди: “Азоб бўлсин! Одам фарзанди саждага буюрилганди, сажда қилди, унга жаннат бўлади. Мен саждага буюрилгандим, бош торттим, менга дўзах бўлади”. (Имом Муслим ривояти.)

 

Уламолар тиловат саждасига амр қилинганлигига ижмоъ қилганлар. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ушбу амр вужуб учундир. Яъни тиловат саждасини қилиш вожибдир. Бунга ҳанафий уламолар ўз китобларида етарлича далиллар келтирганлар.

 

Лекин Аҳмад, Молик, Авзоъий, Лайс ва Шофеъий роҳимаҳуллоҳлар уни мустаҳаб деб айтадилар. Улар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни жума куни минбарда Наҳл сурасини қироат қилиб, сажда оятига келганларида минбардан тушиб инсонлар билан сажда қилганликларини, келаси жума эса ўша сурани қироат қилиб, сажда оятига келганларида: “Эй инсонлар! Саждалардан ўтамиз. Ким сажда қилса тўғри топибди. Ким сажда қилмаса унга гуноҳ йўқдир”, деб, сажда қилмаганликларини далил қиладилар. (Бухорий ривояти.)

 

Умар розияллоҳу анҳунинг “Ким сажда қилса” деган сўзларининг маъноси “тиловатни эшитгандан кейиноқ тезда сажда қилса” деган маънода. Чунки бир ривоятда: “Аллоҳ таоло бизга сажда қилишни фақатгина ўзимиз хоҳлаган вақтда қилишимизни фарз қилди” деб келган. Демак ушбу ҳадис ҳанафийларнинг фойдасига далил бўлади.

 

 Тиловат саждаларининг адади ва уларнинг ўринлари

 

Унинг адади жумҳур ихтиёр этган сўзга кўра ўн тўртадир. Улар қуйидагилар:

 

  1. Аъроф сурасининг охирги ояти

 

  1. Раъд сурасининг 15-ояти

 

  1. Наҳл сурасининг 50-ояти

 

  1. Исро сурасининг 109-ояти

 

  1. Марям сурасининг 58-ояти

 

  1. Ҳаж сурасининг 18-ояти

 

  1. Фурқон сурасининг 60-ояти

 

  1. Намл сурасининг 26-ояти

 

  1. Сажда сурасининг 15-ояти

 

  1. Сод сурасининг 24-ояти

 

  1. Фуссилат сурасининг 38-ояти

 

  1. Нажм сурасининг охирги ояти

 

  1. Иншиқоқ сурасининг 21-ояти

 

  1. Алақ сурасининг охирги ояти

 

Шофеъий мазҳабида эса Сод сурасининг саждаси мустаҳаб, таъкидланган саждалардан ҳисобланмайди. Ҳаж сурасининг 77-оятида эса сажда ояти дейдилар.

 

ثبت في صحيح البخاري عن ابن عباس رضي الله عنهما قال صلَيست مِنْ عَزَائِمِ السُّجُودِ ، وَقَدْ رَأَيْتُ النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ سَجَدَ فِيهَا

 

Саҳиҳул Бухорийда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоятни далил қиладилар. У киши шундай дедилар: “Сод (нинг саждаси) таъкидланган саждалардан эмас. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унда сажда қилганларини кўрдим”.

 

Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан икки ривоят бор: биринчиси, Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, иккинчиси эса уларни ўн бешта дейдилар ва Сод сурасини саждасини унга қўшадилар. Бу шофеъийлардан Абул Аббос ибн Сурайж[1] ва Абу Исҳоқ Марвазийларнинг[2] сўзидир. Имом Моликдан ҳам икки ривоят мавжуд: биринчиси, Имом Шофеъий айтганларидек. Икки ривоятнинг машҳурроғи ўн биттадир. Нажм, Иншиқоқ ва Алақ суралари саждаларини чиқариб юборадилар.

 

Ҳанафий мазҳабимизга кўра, Сод сурасининг 24-ояти таъкидланган сажда ояти ҳисобланади. Ҳаж сурасининг 77-ояти эса сажда ояти ҳисобланмайди, балки ундан намоздаги сажда ирода қилинган. Буюк аллома бобокалонимиз Абул Баракот Насафий ушбу оят тафсирида бу сажда оятини намоздаги сажда деб айтганлар.

 

Ушбу оятлар саждаларининг ўрни борасида Фуссилат сурасидаги сажда оятининг ўрнидан бошқа айтарли ихтилоф мавжуд эмас. Чунки уламолар ушбу сажда борасида ихтилоф қилганлар. Бир қанча уламолар саждани وَهُمْ لَا يَسْأَمُونَоятиўқилгандан кейин қилади дейдилар. Бу Абу Ҳанифа, Шофеъий, Саъид ибн Мусайяб[3], Муҳаммад ибн Сирин, Абу Воил, Суфёни Саврий, Аҳмад ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳларнинг[4] тутган йўллари. Бошқалар эса ушбу сажда إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَоятидан кейин деганлар. Буни Ибн Мунзир Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Ҳасани Басрий, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳоблари, Иброҳим Нахаъий, Абу Солиҳ, Талҳа ибн Мусарриф, Зубайд ибн Ҳорис[5], Молик ибн Анас ва Лайс ибн Саъдлардан[6] ривоят қилган.  Бағавий буни “Таҳзиб”да зикр қилган.

 

Намл сурасининг саждаси رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِдан кейин қилинади.

 

Тиловат саждасини таҳоратли ҳолда ва нажосатдан пок бўлиб, қиблага юзланиб, авратни тўсиб адо қилинади. Баданида ёки кийимида афв миқдоридан кўпроқ нажосат бўлган ва таҳоратсиз бўлган инсонга сажда қилиш жоиз эмас.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

 "Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби

 

 

 

 

[1] Аҳмад ибн Амр ибн Сурайж Абул Аббос Боғдодий. Шеърозда қозилик вазифасини бажарган. Ва кўп асарлар ёзган. Улардан: “Ал-ақсом фи фуруъил фиқҳиш-Шофеъий”, “Ал-вадоэъ линусусиш шароэъ”, Ҳижрий 306-йилда эллик етти йилда вафот этган.

 

[2]Иброҳим ибн Аҳмад. Абу Зайд Марвазийнинг устози. Мухтасарул Музанийни шарҳ қилган. Усул қоидалари ва китоблар таълиф қилган. Мисрга кўчиб бориб у ерда вафот этган. 340 ҳ. йил 9-ражабда вафот этганлар ва Имом Шофеъий мақбаралари олдига дафн қилинган.

 

[3]Имом Саид ибн Мусайяб ибн Ҳазн ибн Абу Ваҳб Қураший Махзумий Маданий, куняси Абу Муҳаммад. Шубҳасиз Мадина аҳлини олими эди. Ҳазрати Умар халифалик даврида таваллуд топган. Ибн Мадиний бу киши ҳақида шундай дейдилар: “Мен тобеъинлар орасида бу кишидан олимроқ инсонни кўрмадим. У киши мени наздимда тобеъинларнинг энг улуғ кишиси”. Ҳижрий 94-йилда 80 ёшида вафот этган.

 

[4]Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Мухаллад Марвазий. Ҳижрий 161-йилда туғилган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг яқини, мужтаҳид, сиқа(ишончли) ҳофизлардан. Нишопурда яшаб, у ерда ҳижрий 238-йилда вафот этган.

 

[5]Абу Абдураҳмон Зубайд ибн Ҳорис ибн Амр ибн Каъб Ёмий Кўфий. Ибодатгўй, сиқа(ишончли) собит инсонлардан. Ҳижрий 122-йилда вафот этган.

 

[6]Абул Ҳорис Лайс ибн Саъд  ибн Абдурраҳмон Мисрий. Ҳижрий 94-йилда туғилган. Миср диёрининг улуғ олими, сиқа(ишончли) муҳаддис ва машҳур фақиҳлардан. Амир ноиби ва қозилар убилан машварат қиларди. Ҳижрий 175-йилда вафот этган.

 

 

 

 

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Хало ва истибро

10.09.2026   21152   3 min.
Хало ва истибро

Намознинг мақбул бўлиш шартларидан бири тозалик ва покликдир. Намозхоннинг бадани, либоси ва намоз ўқийдиган жойи ҳар қандай нажасдан пок бўлиши шарт. Мазкур масалаларга оид туркум мақолалар нашрларимиз саҳифаларида илгари ҳам берилган эди. Аввало, такрор фойдадан холи эмас, қолаверса, кўп ёшларимиз намозхонлар сафига қўшилаётганини эътиборга олиб, таҳорат ва намозга оид масалаларни қайта ёритишга қарор қилдик.


Инсон хилқатан бир неча нарсаларга мубталодир. Ақли қусурли одам бу ҳолни унутиб, кибрланади. Инсон мубтало бўлган нарсалардан бири унинг ҳар куни бир неча бор ҳожатга чиқишга мажбурлигидир.


Динимизда инсон ҳаётининг барча ҳолатларининг, жумладан, таҳорат ушатишнинг ҳам одоб ва ҳукмлари баён этилган. Қандай жойларда таҳорат ушатиб бўлмайди?


Қабристон, йўлларда, дарахтлар ости, ҳовуз, қудуқ, булоқ, ариқ ва дарё қирғоқлари, таҳорат олинадиган жойда; ер ва девор ёриқ-ковакларига, жониворлар инлари, шунингдек, шамолга қараб ҳожат чиқариб бўлмайди.


Халожойга кириш ва покланиш тартиби


Халожойга ҳожат танглиги кучаймасидан аввалроқ бориш лозим. Халога оят, ҳадис, Аллоҳ таолонинг ва пайғамбарларнинг номлари ёзилган нарсаларни олиб кириш мумкин эмас. Уларни ташқарида қолдириш керак. Халога бошяланг кириш макруҳ.


Хало эшигига етгач, “Бисмиллаҳ, Аллоҳим, мени ифлослардан ва озор берувчилардан асра”, дейилади. Ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқилади. Ҳожат жойига етмай, пастки кийим ечилмайди. Халода чап елкани қибла тарафга қилиб, аврат ва ифлос жойларга назар қилмай, оёқлар орасини кенг тутиб ўтирилади.


Ҳожатни тик туриб, узрсиз яланғочланиб (ёпиқ жойда бўлса ҳам), қиблага юзланиб ёки қиблага орқа қилиб чиқариш, ёш болаларни ҳам мазкур ҳолатларда тўсиш таҳримий макруҳдир. Халода ёзиб-чизиш, атрофга аланглаш ва баданни ўйнаш мумкин эмас. Халода фиқҳ ва ўзга илмлар ҳақида фикр юритилмайди, саломга ва азонга жавоб қайтарилмайди. Бурун қоқилмайди. Йўталмасликка, тезроқ бўшанишга ҳаракат қилиш зарур.


Ҳожат ушатилгач, эркаклар турмасларидан, сийдик йўлини орқадан учига қараб сиқишлари керак. Орқа йўл чап қўл билан тоза кесак, тош, қиймати йўқ эски латта ёки эски пахта ёки махсус ҳожат қоғози билан артиб тозаланади.


Истибро нима ва у қандай қилинади?


Истибро – сийдик йўлида бир томчи ҳам қолдирмай тозаланиш бўлиб, эркаклар учун вожиб. Бунинг учун кийимни кўтариб ҳожат ўрнидан тургач, пешоб йўлига кесак тутиб юриш ё силкиниш ё йўталиш керак. Сийдик йўлида ҳеч нарса қолмаганига тўла ишонч ҳосил бўлгач, сув билан тозаланишга ўтилади.


(Давоми кейинги сонда)


Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН

“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Фиқҳ