Индонезиянинг Макассар порт шаҳрида “Aсмаул Ҳусна” масжиди жойлашган бўлиб, у 99 та гумбази ва юксак меъморчилик намунаси билан сайёҳларни ўзига жалб қилиб келмоқда.
IQNA маълумотларига кўра, мазкур масжид диний маскан бўлишдан ташқари Индонезиянинг сайёҳлик обидаларидан бири ҳисобланади.
Масжид 2017–2022 йилларда 2 гектар майдонда қурилган бўлиб, у икки қават ва ертўладан иборат. Биринчи қаватда асосий хонақоҳ, таҳоратхона ва зарурий хоналар мавжуд. Иккинчи қавати эса аёллар учун мўлжалланган. У 10 000 намозхонни сиғдира олади.
Масжид қурилишида унинг хонақоҳи ва барча хоналари табиий ёруғ бўлиши учун ойналардан кенг фойдаланилган. Худди шундай ҳаво айланиши ҳам табиийликка эътибор қаратилган. Бу эса унинг энергия тежамкорлигига хизмат қилмоқда.
Масжиднинг расмий номи Aсмоул Ҳусна, яъни Аллоҳнинг 99 та энг буюк исмларига атаб қўйилган. Шу сабабли, ушбу масжид “99 гумбазли масжид” номи билан танилган.




ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.
Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.
Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.
Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати