Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

07.09.2018 й. Илм – ақл чироғи

31.08.2018   6138   9 min.
07.09.2018 й. Илм – ақл чироғи

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам азизлар! Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва шу орқали Парвардигорини танишга буюрди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُمْ (سورة محمد/28).

яъни:Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур . (Муҳаммад сураси, 28-оят).

Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Фаридиддин Аттор ҳазратлари “илоҳиётда аввал ихлос кейин илм туради”, – дейдилар. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир. Аллоҳ таоло айтади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ ( سورة المجادلة/11).

яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам илмга тарғиб, илм эгалари мадҳ этилган. Жумладан бир ҳадисларида:

اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالْاِمَامُ اَبُو دَاوُدَ).

яъни: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”, – деганлар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

مَنْ جَاءَ اَجَلُهُ وَهُوَ يَطْلُبُ الْعِلْمَ لَقِيَ اللهَ تَعَالَى وَلَمْ يَكُنْ بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّبِيِّيْنَ اِلَّا دَرَجَةُ النُّبُوَّةِ (رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ).

яъни: “Ким илм талаб қилаётган вақтида ажали етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривояти).

Муҳтарам азизлар! Илм олиш ва китоб мутолаа қилиш борасида улуғ зотлардан ажойиб хотиралар қолган. Жумладан мазҳабимиз уламоларидан бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларида, хурсанд бўлиб кетганларидан:

اَيْنَ اَبْنَاءُ الْمُلُوكِ مِنْ هَذِهِ الَّذَّةِ

яъни: “Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган”, – дер

 эканлар. Имом Шофеъий айтадилар:

مِنْ شَرَفِ الْعِلْمِ اَنَّ كُلَّ مَنْ نُسِبَ اِلَيْهِ وَلَوْ فِيْ شَيْئٍ حَقِيْرٍ فَرِحَ وَمَنْ رُفِعَ عَنْهُ حَزِنَ

яъни: “Илмнинг қадри шунчалик баландки, кимга илм нисбати берилса, -  гарчи у арзимас нарсада бўлсада – хурсанд бўлади. Агар кимни илмсиз дейилса, хафа бўлади”. Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ёнларида китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча китобларини олиб ўқир эканлар.

         Уламолардан бирлари: “Агар биз китоб ўқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди”, – дер эди.

         Ал-Ҳасан ибн Саҳл айтадилар: “Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб васият қилар эди:

اِسْتَعِنْ عَلَى وَحْشَةِ الْغُرْبَةِ بِقِرَاءَةِ الْكُتُبِ، فَإِنَّهَا أَلْسُنٌ نَاطِقَةٌ وَعُيُوْنٌ رَامِقَةٌ

яъни: “Ёлғизлик ваҳшатини китобларни ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”. Ал-Ҳасан Ал-Луълуий айтадилар: “Қирқ йил бўлди, турганимда ҳам, ухлаганимда ҳам кўксимдан китоб тушган эмас”. Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан. Сизлар бекор ўтириб, одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб  жавоб бердилар”.

Бобомиз Амир Темур айтадилар: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”.

Муҳтарам жамоат! Барчаларимиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлат дастурини амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъю-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

...إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ ...   (سورة الرّعد/11(

яъни: “...Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас...” (Раъд сураси, 11-оят)

Ҳозирги фаровон, тинч-омон ва тўкин-сочин ҳаётимиз қадрига етмаган айрим ёшлар таълим олиш, ўқиш-ўрганиш, меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш, касб-ҳунар сирларини ўрганиш фурсатини ғанимат билмай, бепарволик қилмоқдалар. Улар олтиндан қиммат вақтларини кўча-куйларда бемақсад юришлар билан бой беришяпти, кунларини мазмунсиз ўтказиб, бегона ёт ғоялар ортидан эргашиб, ёш умрларини хазон этмоқдалар.

عَنْ الْحَسَنِ الْبَصْرِيِّ : الْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ ، كَالنَّقْشِ فِي الْحَجَرِ

яъни: Ҳасанул Басрийдан ривоят қилинади. У зот: "Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар. Шу ўринда муҳтарам ота-оналарга фарзандлари тарбияси ва таълимига жиддий аҳамият беришга, уларни ҳар вақт назорат қилиш, мактабдан сўнг албатта бирон бир машғулот билан шуғулланиш, спорт, уй юмушлари, томорқа ва чорва ҳайвонлари парвариши каби жисмоний ишларга жалб қилишлари зарур эканлигини таъкидлаймиз.

Аллоҳ таоло азиз фарзандларимизни жисмонан соғлом, ақлан етук ва теран билимли, бўлиб тарбия топишлари ва камолат чўққиларига эришувларига насибу рўзи айласин! Омин.

Муҳтарам жамоат! Маълумки, бир неча кунлардан кейин янги ҳижрий 1440 йили кириб келади. Унинг биринчи ойи бўлмиш Муҳаррам ойи шариатимизда улуғланган ойлардан ҳисобланади. Бугун сизларга Муҳаррам ойининг фазилатига доир ҳадиси шарифларни эслатиб ўтамиз:

Муҳаррам ойининг Ашуро, яъни ўнинчи кунида самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтгани сабабли бу ойнинг ўнинчи кунини Ашуро куни дейиш урфга айланган.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича, шу куни ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломнинг кемалари Жудий тоғи устида тўхтаган, шу сабабли Нуҳ алайҳиссалом шукрона тариқасида шу куни рўза тутганлар. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло мусо алайҳиссаломни Ашуро куни Фиръавннинг исканжасидан қутқаргани ҳақида Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.

Муҳаррам ойи ва унда рўза тутишнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадис ривоят қилинган. Жумладан:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ الْمُحَرَّمُ (رَوَاهُ الْاِمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазондан кейин рўзаларнинг афзали Аллоҳнинг ойи Муҳаррам (рўзаси)дир” (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисдаги “Аллоҳнинг ойи” дейилиши Муҳаррамни улуғлаш учун.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ  (رَوَاهُ الْاَمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ашуро куни рўзаси (сабабли) Аллоҳ ўтган йилги гуноҳларни кечиришини умид қиламан” (Имом Термизий ривояти).

                Ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-куни)ни 9-куни билан қўшиб тутиш (завоид) суннат амал. Фақат Ашуро кунининг ўзида рўза тутиш (танзиҳий) макруҳдир (Фатвои Ҳиндия).

         Ашуро кунидан аввал ҳам, кейин ҳам бир кун рўза тутиш мустаҳаб бўлади (Фатҳул Қадир).

         عَنْ عَبْدِ اللهِ، قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَائِرِ سَنَتِهِ (َروَاهُ الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ)

         яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким оила аҳлига Ашуро кунида (озиқ-овқат, кийим-кечакда ва бошқа нарсаларда) кенгчилик қилса, йилнинг қолганида Аллоҳ унга кенгчилик қилади” (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло кириб келаётган янги 1440 ҳижрий йилни барчамизга муборак айласин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Замонавий шароитда фатво беришнинг аҳамияти

26.11.2024   640   6 min.
Замонавий шароитда фатво беришнинг аҳамияти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Аммо баъду.

Фатво – мусулмонлар ҳаётидаги муҳим ҳуқуқий ва диний ҳужжат бўлиб, муфтий ёки фақиҳ томонидан Қуръон ва суннат асосида берилади. Унинг роли ислом аҳкомларини тушунтириш ва амалга оширишда жуда муҳим ҳисобланади.

Фатволар мусулмонлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, турли ижтимоий, иқтисодий ва маънавий муаммоларни ҳал қилишда ўта муҳимдир. Айниқса, ҳозирги мураккаб замонда фатво бериш жараёни кўплаб янги муаммолар ва саволларга жавоб топишни тақозо қилмоқда.

Фатво берувчи шахсдан шариат аҳкомларига тўғри ва аниқ ёндашиш, замонавий илмларни билиш, ижтимоий шароитлардан хабардор бўлиш, жамиятдаги турли хил бўлиб турган муаммоларга ҳаққоний ечим топиш талаб этилади. Фатво фақатгина аниқ далилларга асосланган ва шариат аҳкомларига мувофиқ бўлиши керак.

Ҳозирги замонда фатво бериш жараёни уламоларнинг билимлари инсоният тараққиёти ва жамият ўзгаришлари билан ҳамоҳанг бўлишини талаб қилади. Муфтийлар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни пухта ўрганиб, ҳар бир саволга шариат аҳкомларига мос ва замонавий аҳамиятга эга жавоб беришлари керак. Фатво беришдаги адолат, тушунарлилик ва замонавий ёндошув мусулмонлар ҳаётини яхшилашга хизмат қилади.

Ҳозирги замонда фатво бериш анъанавий услублардан фарқли равишда тезкор ахборот, интернет технологиялари ва глобализация таъсирида ривожланмоқда.

Фатво бериш жараёнида интернет орқали тарқатиш имконияти пайдо бўлди, бу эса фатволарнинг кенг тарқалишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, интернетда тарқатилган ҳар хил тушунчалар ва шубҳали маълумотлар сабабли фатво берувчи уламоларнинг масъулияти ҳам ошди.

Фатво беришда жаҳоннинг турли нуқталарида яшовчи мусулмонларнинг масалаларини кўпроқ универсал ҳал этишга эҳтиёж пайдо бўлди. Замонавий фатво чиқариш жараёнида халқаро даражадаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалалардан хабардор бўлиш ҳам муҳим ўрин тута бошлади.

Ижтимоий тармоқлар фатволарни оммавийлаштиришда катта рол ўйнайди, аммо шу билан бирга турли мазҳаблар ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу вазиятда уламолардан фатво беришда барча ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маҳорати ва сабр-тоқат билан иш тутиши муҳим аҳамиятга эга.

Замонавий жамиятда турли хил мафкуравий, ҳуқуқий ва иқтисодий муаммолар, янги ижтимоий муносабатлар туфайли уламолар янги ҳолатларда фатво беришга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳолларда мутахассис уламолар томонидан ижтиҳод қилиш талаб этилади, яъни маълум мавзу ёки муаммонинг шариатга мос келувчи энг тўғри ва оқилона ечимини топиш лозим.

Фатволар ижтимоий тартибни сақлашда, мусулмонлар орасида тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Уламолар фатволарнинг инсонлар ҳаётига, иқтисодиёт ва сиёсатга қандай таъсир кўрсатишини ҳам ҳисобга олишлари зарур.

Ҳозирги замонда фатво бериш анъанавий ва замонавий билимларнинг уйғунлашган ҳолда амалга оширилишини талаб этади. Фатво беришда инсоният манфаати учун хизмат қилиш, фатвонинг аниқ ва тушунарли бўлишини таъминлаш муҳимдир.

Фатво берувчи шахс Қуръон ва ҳадисни мукаммал билиши, ислом фиқҳи ва унинг мазҳаблари бўйича кенг билимга эга бўлиши, шунингдек ижтиҳод (қўшимча ақлий фаолият) қила олиш қобилиятига эга бўлиши зарур.

Замонавий даврдаги фатво анъанавий фатводан ўзининг бир неча жиҳатлари билан ажралиб туради. Бунда асосий омиллардан бири – глобализация ва ахборот-коммуникация технологияларининг тарқалиши бўлиб, улар муфтийларнинг иш тартибига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Ҳозирда кўплаб муфтийлар онлайн савол-жавоб йўли билан фатволар берадилар. Бу жамият учун қулайлик туғдиради, аммо ушбу фатволарнинг сифатини ва ишончлилигини сақлаш муҳим.

Глобализация даврида мусулмонлар жаҳоннинг турли жойларида яшаб, турли маданият ва қонунлар таъсирида бўладилар. Шу сабабли фатво беришда янада универсал ва бошқа ҳудудлардаги мусулмонларга ҳам муносиб ечимларни таклиф қилиш зарурати пайдо бўлди.

Фатво берувчи уламолар, шунингдек, мусулмонларнинг хорижий жамиятлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, турли динлар билан ҳамкорлик ва тинчликни таъминлаш масалалари бўйича фатволар беришга мажбур.

Замонавий фатволар, айниқса, ёшлар орасида кенг тарқалган интернетга боғлиқ масалалар, сунъий интеллект, криптовалюта ва бошқа янги иқтисодий воситаларни ҳам қамраб олиши керак.

Бугунги кундаги кўнгилочар маданият, оилавий муносабатлар ва гендер масалалари бўйича фатволар янгича талабларга мувофиқ бўлиши ва мусулмонларга тушунарли бўлиши зарур.

Ҳозирги замонда фатволар нафақат диний, балки ижтимоий-иқтисодий ва давлатчилик муносабатларида ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Улар мусулмонлар ҳаётида қонуний ва ахлоқий қоидаларни белгиловчи йўналтирувчи ролини ўйнайди. Фатволар жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун ҳам хизмат қилади. Ислом ҳуқуқи ва давлат қонунларини уйғунлаштириш масалаларида фатволар муайян аҳамиятга эга, хусусан, мусулмон жамиятларида фатво чиқаришда давлат қонунчилиги ҳам эътиборга олиниши лозим.

Фатволар ижтимоий тартибни сақлаш, турли ҳолатларда адолатни таъминлаш учун хизмат қилади. Масалан, оилавий муносабатлар, эр-хотин бурчлари ёки мерос масалаларидаги фатволар, жамиятда тинчлик ва тартибни таъминлашда аҳамиятлидир. Замонавий шароитда жамиятда турли хил маданиятлар ва ғоялар таъсирида пайдо бўлган саволларга фатволар орқали мусулмонлар ўз қадриятларини сақлашлари мумкин.

Бугунги замонда илм-фан ва технологиялар жадал ривожланмоқда ва уларнинг шариат нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши талаб этилмоқда. Масалан, тиббий генетика, сунъий интеллект ёки органлар трансплантацияси каби муаммолар мусулмонлар ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Муфтийлар бу масалалар бўйича шариат нуқтаи назаридан фатво бериш орқали мусулмонларга тўғри йўл кўрсатишади.

Замонавий шароитда фатволар мусулмонлар ҳаётида турли соҳалардаги муаммоларга ечим топиш, маънавий ва ахлоқий қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Улар жамиятдаги ўзгаришларга нисбатан шариат талабларига мос йўл тутишда йўл-йўриқ кўрсатиб, мусулмонларга замонавий дунёда ўз диний бурчларини адо этишда ёрдам беради. Фатволар замонавий илмий ва технологиявий ютуқларга шариат нуқтаи назаридан қараш имконини беради, алалоқибат мусулмон жамиятининг барқарор ва аҳил бўлишига ҳисса қўшади.

Ҳомиджон Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.