Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Онага итоатда ибрат зотлар

27.08.2018   9621   2 min.
Онага итоатда ибрат зотлар

Абу Мусо Ашаърий (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) онасини елкасига миндириб Каъбани тавоф қилаётган яманлик кишини кўрдилар. У Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан: “Эй Ибн Умар нима деб ўйлайсиз онамнинг хаққини адо эта олдим-ми”? деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо): “Йўқ сени дунёга келтириш вақтидаги тўлғоқ азобларида чеккан қийинчиликларидан биттасини ҳам адо эта олмадинг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 Тобеинлар саййиди Абул Хасан Али ибн Хусайн Зайнул Обидин (розияллоҳу анҳу) онасига кўп яхшилик қиларди. Одамлар: “Сиз инсонлар ичида онасига энг кўп яхшилик қилувчи зотсиз, бироқ, онангиз билан бир идишдан таом еганингизни кўрмаймиз, бунинг сабаби нима?” деб сўрадилар. Шунда у зот: “Қўлимни онамнинг кўзлари тушган таомга биринчи бўлиб узатишдан қўрқаман”, деб жавоб берди.

Зуръа ибн Иброҳимдан ривоят қилинади. Умар (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига бир киши келиб: “Жуда кекса ёшга етган онам бор. Елкамда опичиб хизматларини адо этаман. Доимо онамни ювиб, тараб, таҳорат қилдираман. Шу хизматларим билан онамни хаққини адо этдимми?” деб сўради. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Йўқ”, деб жавоб бердилар.                  У: “Ахир мен онам учун ўзимни бағишладимку”, деди. “Онанг сенинг хизматингни, ўсиб улғайишинг, ҳаётда яшаб кетишинг умидида қилди. Сен эса ундан ажралиш умидида қиляпсан”,  дедилар ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу).

Муҳаммад ибн Бишр Асламий айтадилар: “Куфада бирор киши Мансур ибн Мўътамир ва Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан кўра онасига яхшилик қила олмади. Ҳатто Мансур ибн Мўътамир онасига озор бермасин деб майда ҳашоратларни ҳам  онасига яқин келтирмас эди”.

Ҳажар ибн Адбар онасининг роҳатини истаб, юмшоқлигига ишонч ҳосил қилиш учун тўшагини қўллари билан пайпаслаб, сўнгра унга онасини ётқизар эди.

Суфён ибн Уяйна айтадилар: “Бир киши сафардан қайтди. Уйда онаси тик турган ҳолда намоз ўқир эди. Онаси тик туриб, ўзи ўтиришни истамади. Онаси ўғлини фикрини фаҳмлади ва ўғли кўпроқ савобга эга бўлиши учун намозини узун қилди.

 

Авазхўжа БАҲРОМОВ,

Тошкент вилояти “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

20.08.2026   7802   2 min.
Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.  Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.

Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди. 

Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.

Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари