Абу Мусо Ашаърий (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) онасини елкасига миндириб Каъбани тавоф қилаётган яманлик кишини кўрдилар. У Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан: “Эй Ибн Умар нима деб ўйлайсиз онамнинг хаққини адо эта олдим-ми”? деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо): “Йўқ сени дунёга келтириш вақтидаги тўлғоқ азобларида чеккан қийинчиликларидан биттасини ҳам адо эта олмадинг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Тобеинлар саййиди Абул Хасан Али ибн Хусайн Зайнул Обидин (розияллоҳу анҳу) онасига кўп яхшилик қиларди. Одамлар: “Сиз инсонлар ичида онасига энг кўп яхшилик қилувчи зотсиз, бироқ, онангиз билан бир идишдан таом еганингизни кўрмаймиз, бунинг сабаби нима?” деб сўрадилар. Шунда у зот: “Қўлимни онамнинг кўзлари тушган таомга биринчи бўлиб узатишдан қўрқаман”, деб жавоб берди.
Зуръа ибн Иброҳимдан ривоят қилинади. Умар (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига бир киши келиб: “Жуда кекса ёшга етган онам бор. Елкамда опичиб хизматларини адо этаман. Доимо онамни ювиб, тараб, таҳорат қилдираман. Шу хизматларим билан онамни хаққини адо этдимми?” деб сўради. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Йўқ”, деб жавоб бердилар. У: “Ахир мен онам учун ўзимни бағишладимку”, деди. “Онанг сенинг хизматингни, ўсиб улғайишинг, ҳаётда яшаб кетишинг умидида қилди. Сен эса ундан ажралиш умидида қиляпсан”, дедилар ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу).
Муҳаммад ибн Бишр Асламий айтадилар: “Куфада бирор киши Мансур ибн Мўътамир ва Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан кўра онасига яхшилик қила олмади. Ҳатто Мансур ибн Мўътамир онасига озор бермасин деб майда ҳашоратларни ҳам онасига яқин келтирмас эди”.
Ҳажар ибн Адбар онасининг роҳатини истаб, юмшоқлигига ишонч ҳосил қилиш учун тўшагини қўллари билан пайпаслаб, сўнгра унга онасини ётқизар эди.
Суфён ибн Уяйна айтадилар: “Бир киши сафардан қайтди. Уйда онаси тик турган ҳолда намоз ўқир эди. Онаси тик туриб, ўзи ўтиришни истамади. Онаси ўғлини фикрини фаҳмлади ва ўғли кўпроқ савобга эга бўлиши учун намозини узун қилди.
Авазхўжа БАҲРОМОВ,
Тошкент вилояти “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
1. Қуръони каримда доимо кеча кундуздан олдин зикр этилади:
وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ
“У кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни яратган Зотдир” (Анбиё сураси, 33-оят).
Бу Ислом динида кун Қуёшнинг ботиши, яъни кечанинг кириши билан бошланишига далолат қилади.
2. Қуръони каримда доимо ўлим ҳаётдан олдин зикр этилади:
كَيْفَ تَكْفُرُونَ بِاللَّهِ وَكُنتُمْ أَمْوَاتًا فَأَحْيَاكُمْ
“Ўлик эканингизда сизни тирилтирган Аллоҳни қандай инкор этасиз?” (Бақара сураси, 28-оят).
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا
“У сизларни қайси бирингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси, 2-оят).
Бунинг сабаби, инсон аввал бошда ўлик бўлган, сўнгра Аллоҳ таоло уни тирилтирган.
3. Қуръони каримда доимо ейиш ичишдан олдин зикр этилган:
كُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا
“Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар” (Аъроф сураси, 31-оят).
كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ
“Сизлар қилиб ўтган яхши амалларингиз эвазига бемалол еб-ичинглар” (Тур сураси, 19-оят).
Бунинг сабаби, таом тановул қилингач албатта, кетидан суюқлик ичиш фойдалидур.
4. Қуръони каримда доимо мевалар гўштдан олдин зикр этилган:
وَأَمْدَدْنَاهُم بِفَاكِهَةٍ وَلَحْمٍ مِّمَّا يَشْتَهُونَ
“Биз уларни кўнгиллари истайдиган мева ва гўшт билан қувватлантирурмиз” (Тур сураси, 22-оят).
وفاكهة مما يتخيرون ولحم طير مما يشتهون
“Ўзлари танлаб оладиган мева ва иштаҳалари тортадиган қуш гўштлари билан таъминлармиз” (Воқеа сураси, 20-21-оятлар).
Бунинг сабаби, таомланишда аввал мева еб, ундан кейин гўштли таомни тановул қилиш фойдалидир.
Валлоҳу аълам биссавоб.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ