Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Оталар ва оналар ҳақида

26.08.2018   15648   1 min.
Оталар ва оналар ҳақида

 ОТАЛАР ҲАҚИДА

  1. Ота хонадонга ташриф буюрганда ўриндан туриб, жой бўшатиш лозим.
  2. Ота билан кетаётганда унинг изнисиз ундан олдин юрмаслик керак.
  3. Ота фарзанд учун бирон нарса мерос қолдирмаса ҳам, ундан номус қилинмайди.
  4. Ота бор уйда  бош қотиришга ва бировга маслаҳат солишга зарурат бўлмайди.
  5. Ота ёнида ёки у кириб келганда ёнбошлаб ётилмайди.
  6. Ота уйда бўлмаган маҳалда истеъмол қилинган нарсалардан унинг учун алоҳида олиб қўйилиши фазилатдир.
  7. Мансабли шахс бўлсанг ҳам отанг чақирганда отингдан тушиб, олдида ҳозир бўлишга шошил! Мансабинг ишингга алоқадор, отангга эмас!
  8. Отангнинг ёнидаги солиҳ кишиларга нисбатан самимий бўлгин, агар отанг вафот топиб кетса ўшалар билан муомала-муносабатларингни узма!

 

 

 ОНАЛАР ҲАҚИДА

  1. Ҳадяни аввал онага, сўнг отага берилиши маҳбубдир.
  2. Ҳаёт бўлсалар ҳам, вафот топиб кетган бўлсалар ҳам уларнинг ҳақларига доимо дуода бўлмоқ зарур.
  3. Оналарнинг юзларига тушган ажинлар, қўлларининг қадоқлари – сен  ва ака-укаларинг, опа-сингилларинг сабабли эканлигини билгин!
  4. Сенга берган оқ сутини меҳру хурсандлик  билан берган, аммо сенинг унга берган таоминг баъзида миннатли ва озорлидир. Шунинг учун берган ҳар-бир луқманг меҳрли бўлиши учун камтарин бўл, камтарин бўл!
  5. Унга сен ҳар куни кўриниш бер, чунки онангнинг сени кўриши хум-хум тилло туҳфа қилганингдан ортиқроқдир.
  6. Тириклигида бор имкониятинг ила унга тавозеъли ва ширин сўзли бўл, шунда уни йўқотганингда армонда қолмайсан.
  7. Ҳайит кунлари онангни бағринга бос! У сени ҳар куни қучиб, ҳидларингдан тўйиб-тўйиб завқ олганини эсингдан чиқармагин!

 

Интернет манбалари асосида Бахмал тумани «Домла Эшонқул»

жоме масжиди имом-хатиби Хушбеков Исоқул тайёрлади

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳиндистонлик генерал: «Усмон Мусҳафи мен учун энг таъсирли экспонат бўлди»

06.08.2026   22009   2 min.
Ҳиндистонлик генерал: «Усмон Мусҳафи мен учун энг таъсирли экспонат бўлди»

Ҳиндистон Республикаси Мудофаа вазирлиги котибияти бошлиғи, генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Марказ билан танишув давомида меҳмон, айниқса, Усмон Мусҳафини кўриб чуқур таассурот олганини таъкидлаб, уни бу ердаги энг ноёб ва унутилмас ёдгорликлардан бири, дея эътироф этди.


Ташриф чоғида генерал Динеш Кумар музейнинг бой экспозициялари билан батафсил танишди. У исломгача бўлган давр цивилизацияси, Ислом цивилизациясининг тараққиёт босқичлари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган галереялар, буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, нодир қўлёзмалар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозицияларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.

Меҳмон экспозициялар тарихий меросни замонавий музейшунослик ечимлари орқали жонли ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир галерея ўзаро узвий боғланган бўлиб, ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон ва бутун минтақа цивилизацияси тарихини яхлит ҳолда англаш имконини беради.
 

Генерал Динеш Кумар бундай деди:

➖ Бу ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли маскан. Делегациям билан биргаликда бу ерга келиб, катта таассуротлар олдик. Марказнинг меъморий қиёфаси, экспозицияларнинг юксак савияда ташкил этилгани ҳамда исломгача бўлган даврдан тортиб бугунги кунгача бўлган тарихнинг изчил ва таъсирчан тарзда ёритилгани мени чуқур ҳайратга солди. Айниқса, замонавий технологиялар ёрдамида тарихни жонлантириш усули таҳсинга сазовор. Бу ерда ҳар бир экспозиция ўтмишни нафақат кўриш, балки уни чуқур ҳис қилиш имконини ҳам беради.

Бизга намойиш этилган Усмон Мусҳафи сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада ноёб мерос экан. Бу мен учун энг таъсирли экспонат бўлди ва уни умрим давомида эслаб юраман.

Ўзбекистонга келадиган ҳар бир сайёҳ ушбу масканни албатта кўриши керак. Биз Ҳиндистонга қайтгач, дўстларимиз ва ҳамкасбларимизга ҳам бу ерга ташриф буюришни тавсия қиламиз.

 

 

Ташриф якунида генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг кўп асрлик тарихий ва маънавий меросини замонавий технологиялар билан уйғун ҳолда намоён этаётган, халқаро аҳамиятга эга илмий-маърифий маскан эканини алоҳида таъкидлади. 

iccu.uz

Ҳиндистонлик генерал: «Усмон Мусҳафи мен учун энг таъсирли экспонат бўлди» Ҳиндистонлик генерал: «Усмон Мусҳафи мен учун энг таъсирли экспонат бўлди»
Ўзбекистон янгиликлари