Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Октябр, 2025   |   15 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:08
Қуёш
06:26
Пешин
12:16
Аср
16:11
Шом
17:59
Хуфтон
19:11
Bismillah
07 Октябр, 2025, 15 Рабиъус сони, 1447

Жаннат меваларини биласизми?

25.08.2018   22817   4 min.
Жаннат меваларини биласизми?

Аллоҳ таоло жаннатда бандалари учун шундай неъматларни тайёрлаб қўйганки, у неъматларни кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсоннинг хаёлига келмагандир. Жаннатдаги неъматлар орасида мевалар ҳам бор. Биз шу мевалар ҳақида сўз юритсак.

Дунёда олма, анор, беҳи, анжир, узум каби мевалар бор. Худди шу номдаги мевалар жаннатда ҳам бор. Аммо уларнинг таъми дунё мевалариникидан тубдан фарқ қилади.

Дунёда мева ейиш учун бозорга бориш, мевани сотиб олиш, уйга келиб, уни ювиб, кейин ейилади. Агар олдимиздаги дастурхонда тайёр ювилган мевалар турган бўлса ҳам, барибир, уларга қўл чўзишимиз керак. Жаннат мевалари эса ундай эмас. Қўл чўзишга, интилишга, қийналишга ҳожат йўқ. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَجَنَى الْجَنَّتَيْنِ دَانٍ

“Икки жаннат мевалари яқин бўлган...” (Роҳман сураси, 54-оят).

 

Яна бир оятда бундай деган:

قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ

“Унинг мевалари яқиндир”  (Ҳааққаҳ сураси, 23-оят).

 

Бошқа бир оятда бундай дейилган:

وَدَانِيَةً عَلَيْهِمْ ظِلَالُهَا وَذُلِّلَتْ قُطُوفُهَا تَذْلِيلاً

“Ва устиларига у(жаннат)нинг соялари яқиндир ҳамда унинг мевалари жуда ҳам осон қилингандир” (Инсон сураси, 14-оят).

Оятлардан кўриниб турибдики, жаннат мевалари уни еювчиларга яқин ва осон қилиб қўйилган. Улар ҳеч бир қийинчиликсиз, муаммосиз улардан ейдилар.

Дунёдаги мевалар еган сари тугайди. Бозорга бориб мева сотиб олсак ҳам бозордаги барча меваларни сотиб олмаймиз, балки ўзимизга керакли миқдордагисини сотиб оламиз. Мабодо бозордаги барча меваларни сотиб олган тақдиримизда ҳам улар барибир тугайди. Аммо жаннат мевалари ҳеч қачон тугамайди. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деб марҳамат қилган:

 

وَفَاكِهَةٍ كَثِيرَةٍ لَّا مَقْطُوعَةٍ وَلَا مَمْنُوعَةٍ

“Сероб мевалардадир. Тугамайдиган ва ман қилинмайдиганлардадир” (Воқеа сураси, 32-33-оятлар).

Яъни жаннат меваларини шох ҳам, тикан ҳам, узоқлик ҳам ман қилмайди. Уларни ейишда ҳеч қандай тўсиқ ва муаммо бўлмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда шундай деганлар:

“Агар киши (жаннатда) бир мевани узиб еса, (ейилган меванинг) ўрнига бошқаси келади” деганлар. Имом Ҳоким ривояти.

Бозорда баъзан биз истаган мева топилмай қолиши мумкин. Қиш фаслида ёғингарчилик кам бўлиши ёки совуқ қаттиқ келиши сабаб бўлиб, мевалар нобуд бўлиши мумкин. Натижада биз кўнлимиз тусаган, яхши кўрган мевани тополмаслигимиз ҳеч гап эмас. Жаннатда эса бундай бўлмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деб марҳамат қилади:

 

 وَفَاكِهَةٍ مِّمَّا يَتَخَيَّرُونَ

“Ва улар хоҳлаган мевалар билан” (Воқеа сураси, 20-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда жаннат аҳли жаннатда истаган, егилари келган, кўнгиллари тусаган меваларни ейишлари, жаннатда хизмат қиладиган йигитлар уларга истаган меваларини ҳозирлаб туришлари ҳақида хабар беряпти.

Бу каби битмас-туганмас, еювчига яқин келадиган мевалардан истаганча ейиш учун нима қилишимиз керак? Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай баён қилган:

 

إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي ظِلَالٍ وَعُيُونٍ وَفَوَاكِهَ مِمَّا يَشْتَهُونَ كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئاً بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ إِنَّا كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنينَ

“Албатта тақводорлар соялар ва булоқлардадир. Ва ўзлари хоҳлаган мевалардадир. Енглар ва ичинглар, ош бўлсин. Қилган амалларингиз сабабидандир. Албатта, Биз муҳсинларни шундай мукофотлармиз” (Мурсалот сураси, 41-44-оятлар).

Оятдан кўриниб турибдики, жаннатдаги гўзал неъматлар, мевалардан истеъмол қилишимиз, абадий роҳатга эришишимиз учун тақводор бўлишга, яъни Аллоҳнинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишга, муҳсин бўлишга, яъни яхшилик қилишга, эҳсон қилишга, Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни тақводор, муҳсин бандаларидан қилсин ва жаннат неъматлари билан ризқланишимизни насиб айласин!

  

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Дунё билан нима ишим бор...

06.10.2025   748   1 min.
Дунё билан нима ишим бор...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

حدثنا عيسى بن أحمد العسقلاني أنا يزيد بن هارون أنا المسعودي عن عمرو بن مرة عن إبراهيم عن علقمة عن عبد الله بن مسعود قال: نام رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم على حصير فأثر في جنبه فقلنا: يا رسول الله ألا آذنتنا فلنبسط لجسدك ألين منه فقال لي :”ما لي وللدنيا إنما مثلي ومثل الدنيا كراكب سار في يوم صائف فقال تحت شجرة ثم راح وتركها.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам бўйра устида ухлаганларида муборак ёнбошларида унинг изи қолар эди.

У зот алайҳиссаломга: “Ё Аллоҳнинг Расули, бизга изн беринг юмшоқроқ нарса тўшаб берайлик?!” деб айтдик.

Шунда менга: “Менинг дунё билан нима ишим бор. Мен билан дунёнинг мисоли жазирама кунда сафарга чиққан йўловчи кабидир. Ўша мусофир дарахт остида дам олиб, сўнг уни тарк этади”, дедилар”.

 

Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси