Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Май, 2025   |   8 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:43
Қуёш
05:14
Пешин
12:25
Аср
17:19
Шом
19:29
Хуфтон
20:54
Bismillah
06 Май, 2025, 8 Зулқаъда, 1446

Чойнинг тиббий хусусиятлари ва чой ичиш маданияти

24.08.2018   24650   8 min.
Чойнинг тиббий хусусиятлари ва чой ичиш маданияти

Чанқаганда сув ичинг,

Чарчаганда чой ичинг.

 

Чойнинг тарихидан. Чой – tea кўп йиллик,  доим яшил, тропик ўсимлик. Баъзи мамлакатларда чой дарахтининг баландлиги 3-4 метргача  ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Чой дарахти Хитойда IV асрдан, Япония, Кореяда IX асрдан, Индонезияда XIX асрдан, Ҳиндистон ва Шри Ланкада 1830 йиллардан, Грузияда 1840 йиллардан, Россияда (Краснодарь ўлкасида) 1901 йилдан, Озарбайжонда 1910 йиллардан бошлаб ўстирилади. Ҳиндистон, Хитой, Японияда сариқ ва қизил чой тайёрланади.

Чой дарахти август ойидан бошлаб кеч кузгача гуллайди, меваси октябрь-декабрда етилади.

Географик тарқалиши. Чойнинг ватани Хитой ва Ҳинди Хитой. Грузия, Озарбайжон, Қрим ва Краснодарь ўлкасининг нам субтропик зоналарида 1 метрли бута ҳолида ўстирилади. Қўлланиладиган қисми, асосан, барги. Чой барги йилига бир неча марта йиғилади ва махсус технология бўйича ишлаб тайёрланади. Кофеин ва бошқа алкалоидлар ҳамда катехинлар чойни ишлаш жараёнида ажралган чиқиндисидан олинади.

Кимёвий таркиби ва ишлатилиши. Чой барги таркибида 2-5 фоиз кофеин, теофиллин ва теобромин алкалоидлар, 20-28 фоизгача ошловчи моддалар, флавоноидлар (кемп-ферол, кверцетин, гиперин, кверцимеритрин ва бошқалар), 156-233 мг. фоиз С, B1, В6  витаминлари, никотин ва пантотен кислоталар, эфир мойи ва бошқа бирикмалар бор. Чой ишлаб чиқариш саноати чиқиндисидан кофеин ва ошловчи моддалар — чой танини олинади. Кофеин марказий нерв системасини қўзғатувчи таъсирга эга. У таблетка ва эритма ҳолида ҳамда турли комплекс препаратлар таркибида чиқарилади. Юқумли ва бошқа оғир касалликлардан сўнг юрак, нафас олиш фаолияти сусайишида, қон айланишининг чуқур бузилишларида (қон томирлар касалланганда), нерв системаси чарчаганда, бош оғриганда, наркотиклар билан заҳарланганда ва бошқа касалликларда организмнинг умумий тонусини кўтарувчи восита сифатида қўлланилади. Чой таркибидаги ошловчи моддалар витамин Р таъсирига эга бўлиб, геморрагик диатезда, организм шишган вақтда, кўзга қон қуйилганда ва бошқа касалликларда ишлатилади. Чой баргидан (чиқиндисидан) олинадиган теофиллин юрак ва буйрак касалликларида сийдик ҳайдовчи, унинг препарати эуфиллин — спазмолитик дори сифатида ҳамда бронхиал астмани даволаш учун қўлланилади.

Чойни «аччиқ» қилиб дамлаб ичавериш қабзиятга олиб келади. Туриб қолган дамланган қора чойни ичмаслик керак, лекин кўк чойни ичиш мумкин. Унинг ижобий томони сийдик ҳайдаш хусусиятига эга бўлиши билан бирга  — бактерицид     таъсирига ҳам эга.  Кўк чойнинг шу хусусияти борлиги учун ҳам, оғиз яллиғланишида, ичбуруғда, қуюқроқ дамлаб ичиш, ёки оғизни чайиш фойдалидир.

Дунё миқёсида Англия аҳолиси чойни энг кўп истеъмол қилади. Биз, ўзбеклар ҳам чой ичишда инглизлардан қолишмаймиз. “Эрталаб чой, пешинда чой, кечқурун ширчой”, деган ҳазиломуз ибора бор. Қишнинг совуғи-ю, ёзнинг жазирамасида энг кўп ичиладиган ичимлик ҳам чой ҳисобланади. Ҳа, чой бизга ҳар доим керак,  лекин унутманг, чой – шифобахш ичимлик, у сув эмас.

Энди ўйлаб кўринг, ўша ичимликни чанқаганимизда ҳам, овқат маҳалида ҳам, ётишдан олдин ҳам ичаверсак зарар қилмайдими?

Бу савол ҳаммага эриш туюлиши мумкин. Аммо чой тўғри ичилгандагина даво, фойдали бўлишини ҳам унутмаслигимиз лозим.

Овқатланаётганда кўпчилик чой ичади. Чойнинг таркибидаги кофеин, танин моддаси эса озиқ маҳсулотларда мавжуд бўлган фойдали моддаларни парчалаб юборади, натижада организмда витаминларнинг, микроэлементларнинг етишмаслиги юзага келади. Чой билан бирга истеъмол қилинганда гўштнинг 30-70 фоизи, меваларнинг эса 30 фоиздан кўпи сўрилмайди. Умумий овқатлардан кўрадиган бўлсак, чой билан истеъмол қилинган маҳсулот таркибидаги витаминлар ва темир моддасининг камида 50 фоизи сўрилмай қолади. Бу эса инсон саломатлиги учун салбий таъсир кўрсатади, камқонлик пайдо бўлади. Ҳозир дунёда кўпчилик аҳоли камқонлик билан касалланган.    

Юртимизда кўп сонли аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар темир танқислигидан келиб чиқадиган касалликларга чалинаётгани туфайли, кундалик истеъмол қиладиган нонимизга темир моддасини қўшиш, яъни унни бойитиш йўлга қўйилган. Бу камқонликка қарши курашлардан биридир. Сиз нонни қандай истемол қиласиз? Албатта, чой билан.  Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, темир моддаси мавжуд бўлмаган нонни ейиш билан баробар.

Яна кўпчилик ёш болага чой бериб хатоликка йўл қўяди. Уч ёшгача болаларга чой ичириш тиббиёт нуқтаи назаридан ман этилган. Болакайнинг чойига ёки сутига шакар қўшиб бериш ҳам нотўғри. Болаларни ёшлигидан тўғри овқатланиш тартибига эътибор бериш лозим. Агар унинг организмида темир етишмовчилиги юз берса, бу кейинчалик ақлий ривожланишдан орқада қолиш хавфини ҳам туғдиради.

Саломатлик учун курашиш йўлида чой ичиш анъаналарини ўзгартиришимизга тўғри келади. Овқатланаётганда ёки овқатдан сўнг 30 минутгача чой ичманг. Чой ўрнида бошқа ичимликлар, масалан, қайнаган ёки маъданли сув ва шарбатлар ичиш маслаҳат берилади. Бу маьлумотлар чой соғлигимиз кушандаси, дегани эмас.

Мўъжизавий кўк чой. Кўк чойнинг организмдаги аҳамияти катта. У кўплаб касалликлар учун даво бўлади. Чойга шифобахш ичимлик сифатида қараб, меъёрга ва вақтига кўра ичсак, саломатлигимиз учун фойдадан ҳоли эмас. Овқатлангандан 30 дақиқа кейин ичилган чой безарар ва фойдалидир.  Келинг, ҳозирги дақиқадан эътиборан ҳар кунги чойимизга нисбатан янгича муносабатни шакллантирайлик.

Инсон организми учун кўк чойнинг аҳамияти жуда катта. Кўк чойнинг афзаллигини кўп олимлар, хусусан, япон олимлари исботлаган. Қора чойга нисбатан таркиби микроэлементларга, витаминларга ва бошқа фойдали моддаларга бой ҳисобланади. Кўк чой муайян табиий технология асосида тайёрланиб унинг таркибида кофеин, танин моддалари кам. У модда алмашинувини, жигар, буйрак ва бошқа муҳим органларнинг иш фаолиятини яхшилайди, атеросклероз касаллигининг олдини олади ва даволайди, қонни тозалайди, қон томирларини кенгайтиради, қон босимини, холестеринни пасайтиради, хотирани кучайтиради, энг яхши чанқовбосди ичимликлардан бири ҳисобланади.

Кўк чойнинг шифобахш хусусиятлари ҳакида кўп гапирилган. Унинг минг дардга даво экани ҳам айни ҳакиқат. Овқатни осон парчалайди, ҳазм бўлишини тезлаштиради, асабни тинчлантириши билан бир қаторда, кайфиятни чеҳрани очади. Хотирани яхшилайди, фикрлашни равонлаштиради. Унинг яна бир фойдали хусусияти - қонни суюлтиради, томирларни кенгайтириб, қон юришини яхшилайди ва энг муҳими, қондаги хилтларни тозалайди.

Мутахассислар уни саломатлик ва ҳаётий фаоллик бағишловчи мўъжизавий ичимлик деб ҳисоблайдилар. Хушбўй кўк чойнинг ватани Хитой бўлиб, ундан бир неча минг йиллар давомида кўплаб касалликларни даволовчи дармон сифатида фойдаланишган. Кўк чой таркибидаги дармондорилар ва минерал моддалар туфайли (Р, С, В1, В3,К каротин, никотин кислота, кальций, магний, темир) кучли антиоксидант ҳисобланади, У кайфиятни кўтаради, кислород, сув ва туз алмашиниш жараёнини яхшилайди, калилляр-қон томирларини мустаҳкамлайди, қондаги холестерин микдорини камайтиради, организмдагм токсин-чиқиндиларни чиқаради.

Мунтазам кўк чой ичадиган одамлар эрта қаримайди, деган нақл мавжуд. Табиийки, ушбу ичимликнинг бу каби мўъжизавий хусусиятлари косметалогияда ҳам кенг қўлланилади. Кўк чой экстракти ажинлар пайдо бўлишининг олдини олади, терини намлантириб. томир деворларини мустаҳкамлайди. У, албатта. юз ва тери кремлари, ювиниш геллари, целлюлитга қарши воситалар ва пилинглар таркибига киритилади. Кўк чойнинг нафис ифори эса парфюмерияда қўлланилади.

 

 

 

Чой дамлашни ва қандай истеъмол қилишни биласизми? Сифатли (юмшоқ) сувни қайнатиб, қайноқ сув билан чойнак чайқалади. Қайнаган сувнинг 5 минут давомида парланиши тугаши кутилади. Бу вақт давомида қайноқ сув температураси 800-900га тушади. 250 мл. қайноқ сувга 1 чой қошиқ қуруқ чой ҳисобидан иситилган чойнакка қайноқ сув ва қуруқ чой солиб 5 минут дамлаб қўйилади. Чойнак қалин мато билан беркитилади. Белгилаган вақт ўтгач чой бир неча марта қайтарилади ёки чой қошиқ билан аралаштирилади.

Суннатилла ТОЛИПОВ,

олий тоифали шифокор

 

Табобат
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Усмон Мусҳафларининг сони, уларнинг ёзилиш усули ва хат тури

05.05.2025   1539   17 min.
Усмон Мусҳафларининг сони, уларнинг ёзилиш усули ва хат тури

 

Уламолар Усмон (розияллоҳу анҳу) турли юртларга юборган Мусҳафларнинг сони тўғрисида ҳар хил ривоятлар айтганлар. Масалан, Ҳамза бин Ҳабиб аз-Заййёт: «Улар тўртта эди», дейдилар. Абу Ҳотим ас-Сижистоний эса еттита бўлган дейдилар. Энг тўғри ривоят олтитадир: Маккий, Шомий, Басрий, Куфий, Мадина аҳли учун умумий бўлган маданий ва халифанинг ўзлари учун хос бўлган маданий Мусҳафлардур. Охиргисини ҳазрати Усмон(розияллоҳу анҳу) ўзлари учун олиб қолганлар. Ул зот бу мусҳафларнинг бирортасини ҳам ўз қўллари билан ёзмаганлар, балки уларни ёзишга буюрганлар, холос.


Тарих уламолари наздида қурайшлардан биринчи бўлиб хат ёзишни ўрганган ва ўргатган киши Ҳарб бин Умайядир. Ўша пайтдаги хат тури анборий-ҳимёрий деб аталарди. У Ҳижозда тарқагандан сўнг, Ҳижозий деб атала бошлади. Ислом дини келган пайтда араблар орасида мана шу хат тури қўлланилар эди ва шу ёзув билан ваҳийни, Абу Бакр саҳифаларини, Усмон Мусҳафларини ёздилар. Усмон Мусҳафлари ҳар хил ёрдамчи шакл ва нуқталардан ҳоли ёзилган. Унга жузълар, ҳизблар ва бошқа кўрсатгичларнинг аломатлари қўйилмаган. То Куфа ёзуви пайдо бўлгунча Мусҳаф ва бошқа ҳужжатлар ана шу хатда ёзилар эди. Кейинчалик бир гуруҳ хаттотлар Куфа ёзуви билан нусхалар кўчира бошладилар. Бу ёзув араб хатининг тажвидини ва унинг яхшиланишини кўзда тутар эди. Бора-бора Куфа аҳли ёзуви ўзининг шакли жиҳатидан ҳижозий хатдан қулай эканлиги маълум бўлди ва куфий хат деб аталди. Ана шу вақтдан эътиборан Қуръон ва бошқа ёзув асарлари қуфий хатида битила бошлади.


Ўша замонда битиклар териларга куфий хат билан ёзилар эди. Бундан бошқа турда хат битишни араблар билмас эдилар. Исломдан кейин энг қадимий ёзув бўлган битикларни ҳам териларга ёздилар. Улар матоларга, хусусан, бўздан тўқилган Миср матосига, шунингдек тахта, суяк, тош ва сополларга ёзар эдилар.


Аббосийлар даврига келиб, қоғоз деб аталадиган янги ашё пайдо бўлди. У юзига мум суртилган варақлардан иборат бўлиб кўринишидан терига ўхшаб кетар эди. Қоғоз ясашни араблар хитойликлардан олганликлари ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки хитойлар милоддан олдин ҳам қоғоз ясаш соҳасида моҳир бўлганлар. Араблар Самарқандни фатҳ қилганларида бу синоатни ўша ердан ўргандилар, лекин, у Аббосийлар даврининг биринчи асридагина кенг тарқалди. Бу пайтга келиб терилар камайиб, ёзишма ва битиклар учун етишмай қолган эди.(«Қоҳирадаги Ҳусайн масжидларидаги Пайғамбардан қолган осорлар» китоби.126-бет («Мухалл Эфотур-Расул»)


Араблар ажамлар билан аралашиб, қуда-анда бўлиб, улардан янги авлод пайдо бўлганда, бу авлоднинг талаффузида ҳар хил оҳанглар вужудга келди. Бу ҳолат араб тилининг бузилиши ва Қуръон қироатига футур етиши хавфини туғдирди. Шунинг учун ёзувда қисқа унлиларни ифодаловчи ҳаракат белгиларини (ҳаракатларни) ишлаб чиқиш қатъий заруриятга айланди. Натижада, 67-ҳижрий йилда Ироқ волийси Зиёд ибн Абиҳи Абул-Асвад Дувалийга наҳв(синтаксис) дарслигини ишлаб чиқишни буюрди. Бунинг учун Абул-Асвад эъроб (сўзларнинг жумладаги ҳолатини ифодалаш) ҳаракатларини билдирувчи нуқталардан фойдаланди. У қуйидагича йўл тутди. Бир котибни олиб келиб, унга: «Агар бирор ҳарфдан кейин «а» қисқа унлисини талаффуз қилсам, ўша ҳарфнинг тепасига нуқта қўясан(фатҳа), агар «у» қисқа унлисини айтсам, ўртасига (замма), агар «и» қисқа унлисини қўшсам, ҳарфнинг тагига нуқта(касра) қўясан», − деди. Бунда нуқталар матн ёзуви сиёҳидан бошқача рангдаги сиёҳлар билан ёзилар эди. Бу араб ёзувининг такомиллаштиришдаги биринчи ислоҳ эди. Иккинчи ислоҳ умавий халифалардан Валид бин Абдул Малик бин Марвон (86-96 ҳ.) даврида, араб тили она тиллари бўлмаган ажам қорийлари кўпайиб, нотўғри талаффуз туфайли одамларнинг қироатни тушунмай қолиш ҳоллари зиёдалашганда амалга оширилди. Улар «жим», «ҳо» ва «хо»; «ё», «то» ва «со»; «сод» ва «зод»; «то» ва «зо»; «син» ва «шин» каби шакли ўхшаш ҳарфларни бир-биридан ажратишда қийналар эдилар.


Ибн Халликон «Ат-Тасҳиф» (Нотўғри талаффуз) китобида Абу Аҳмад ал-Аскарийдан шундай ҳикоя қиладилар: Одамлар қирқ йилдан зиёд, то Абду-Малик бин Марвон замонигача Усмон Мусҳафларини ўқишда давом этдилар. Ироқда нотўғри таллафуз қилиш кўпайиб кетгандан кейин, Ҳажжож ўз котибларини чақириб, уларга шакли ўхшаш ҳарфларни бир-биридан ажратиш учун белгилар ишлаб чиқишни буюрди.


«Айтишларича, Наср бин Осим бу вазифани ўз зиммасига олди ва нуқталар қўйишни одат қилди»( Мароккода чиқадиган «Ал-Лисонул-арабий»( «Араб тили») мажалласи, 43-бет, 6-сон 1388й.ҳ.


У нуқталарни битта ёки иккита қилиб, ҳарфнинг устига ё тагига қўйди. Нуқталар ҳарф билан бир хил сиёҳда ёзилар эди, чунки улар ҳарфнинг бир бўлаги, деб саналади. Бундан келиб чиқадики, араблар нуқта ва ҳаракат белгиларини ҳижрий биринчи асрнинг иккинчи ярмидан, яъни умавийлар замонида ишлата бошладилар. Абул-Асвад Дувалий ҳаракат белгиларини ва Наср бин Осим нуқталарни ихтиро қилмагунча, улар араб ёзувида мавжуд эмасдилар. Жоҳилиятдаги ёки ҳижрий асрнинг биринчи ярмидаги асарларда ҳарфлар нуқта ва ҳаракат белгилари, шунингдек, товушни қисқа ва узун чўзиш (мадд) аломатларидан ҳоли эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мактублари (уларни ёзишда котиблар ўзларининг ёзув санъати ва тажвид бобидаги бор маҳоратларини ишга солар эдилар, чунки, улар Пайғамбар (алайҳиссалом)) дан подшоҳларга, амиру умароларга юборилган бўлиб, ўз вазифасини тўла адо этиши учун хати аниқ ва ҳарфларнинг шакли тўлиқ бўлиши керак эди) ҳам нуқта ва белгиларсиз эди. Усмон Мусҳафларида ҳам улар йўқ.(«Мухаллафотур-Расул» 124-бет)


Уч ҳаракат белгилари (иъжом)ни эса Аббосийлар даврининг бошларида яшаган араб тили фанининг устозларидан бири Халил Аҳмад Фароҳидий (вафоти 170 ҳ ва 786 м.й.) йўлга қўйди.


Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ёзишларича, Усмон Мусҳафлари кейинчалик тилшунос (наҳвий) лар томонидан ишлаб чиқилган имло қоидаларидан фарқ қиладиган, ўзига хос шаклда ёзилган. Бу фарқ олти жойда намоён бўлади: ҳазф (ёзувда бирор нарсани тушириб қолдириш), зиёда (қўшимча), ҳамза (араб тилида ўзига хос товушни ифодаловчи белги), ибдол (бир ҳарфни ёки сўзни иккинчиси билан алмаштириш), васл (бирини иккинчисига қўшиб ўқиш), фасл (бирини иккинчисидан бўлиб ўқиш) белгилари ва икки хил ўқилиши мумкин бўлган жойлар. Ислоҳ натижасида бир хил қоидага мувофиқ ёзув пайдо бўлди. Натижада Қуръоннинг хати муқояса қилинмайдиган, ўзгартирилмайдиган, ихтилоф қилинмайдиган ва унга қатъий амал этиладиган ёзувга айланди. Бу қоидаларни билиш Қуръонга тааллуқли илмларнинг биридир.


Усмон Мусҳафлари ҳақида хабарлар

 

Юқорида Усмон Мусҳафлари олтита эди, дедик. Улардан бири Басрага, иккинчиси Куфага, учинчиси Шомга, тўртинчиси Маккаи мукаррамага, бешинчиси Мадина аҳлига юборилди ва олтинчиси ҳазрати Усмоннинг ўзларида қолган эди. Мана шу олтинчи Мусҳафнинг устида ҳазрати Усмон шаҳид бўлдилар ва муборак қонлари қуйидаги оят устига тўкилди, деган ривоят машҳурдир:


Яъни «Уларнинг ёмонлигидан сизга (эй Муҳаммад), Аллоҳнинг ўзи етарлидир. У эшитгувчи ва билгувчидир», («Бақара» - 137).


Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу)) тиловатдан бир хил таълим беришни назарда тутиб, ўша мусҳафларнинг ҳар бирига биттадан олим қўшиб, турли ўлкаларга юборган эдилар. Масалан, Зайд бин Собитга Мадина аҳлига, Абдуллоҳ бин Соибга эса Макка аҳлига қироатни ўргатишни амр этгандилар. Мана шу йўл билан бир хил қироат ҳамма томонга ёйилди ва Усмон Мусҳафларидан нусхалар олинди. Усмон Мусҳафлари бош китоб ва мурожаат қилинадиган асл манбаъ сифатида мўътабар ва муқаддас саналар, шунинг учун ҳам улар қўриқланадиган жойларда, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан сақланар эди. Бора-бора улар қимматбаҳо ёдгорлик сифатида халифа ва подшоҳларнинг хазиналарига кўчирилиб, одамлар кўзидан узоқлашди. Агар кимнинг қўлига ундан бирор нусха тушиб қолса, ҳеч кимга кўрсатмасликка ҳаракат қилар эди. Давлат тўнтаришлари, турли ихтилоф ва талон-тарожлар оқибатида бу Мусҳафларнинг баъзилари бошқа мамлакатларга олиб кетилди. Баъзилари ҳар хил шахсларнинг қўлига тушди, тақдири эса номаълум бўлиб қолди.


Муҳаммад Тоҳир бин Абдул-Қодир Курдий ўзининг «Тарихул-Қуръон» номли китобида шундай ёзади: «Биз Ҳижоз ва Миср кутубхоналарида кўп изланишлар олиб бордик, лекин уларнинг мавжудлиги ҳақида бизларни қониқтирадиган ҳужжатлар топмадик, фақатгина Қоҳирада чиқадиган «Ад-дуня ва куллу шайъ» («Дунё ва ҳар бир нарса») мажалласининг 1937 йил 24 август сонида босилган «Олмония олти ой ичида Ҳижоз подшоси ҳукумати билан тузилган битимга мувофиқ, халифа Усмон Мусҳафининг асл нусхасини қайтариб беради», деган хабарга йўлиқдик, холос. Бу хабарга кўра, мазкур Мусҳаф Мадинадан турк қуролли кучлари томонидан олиб кетилган бўлиб, кейинчалик собиқ император Гилйом II га- топширилганлиги исбот бўлган».(«Тарихул-Қуръон» 119-бет.)


Мадина Мусҳафи

 

Усмон Мусҳафларининг уламо ва қорийлар томонидан энг кўп зикр қилинадигани Мадина Мусҳафидир. Унинг тўғрисида имоми Нофиъ кўп нақл қилганлар.


Ибн Жубайр ўзининг саёҳати пировардида шундай ёзади (унинг Мадинага қилган зиёрати 580-ҳижрийда бўлган): «Масжиди Набавийда сақланаётган мусҳаф, устида ҳазрати Усмон шаҳид бўлган Мусҳаф эмас, балки ҳар томонга юборилган Мусҳафларнинг биридур».


Мавлоно Шибли Нуъмоний айтадилар: «Мадина Мусҳафини 735 ҳ. йилда Мадинаи мунавварада кўрганлар, унинг орқасида шундай ёзув бор эди: «Бу Мусҳаф бир гуруҳ саҳобалар, шу жумладан, Зайд бин Собит, Абдуллоҳ бин Зубайр ва Саид бин Ос қарорлари билан ёзилди». Китобнинг бошқа томонида ҳазрати Усмон Мусҳафни ёзиш учун йиққан бошқа саҳобаларнинг номлари бор эди. Мана шу санада Макка Мусҳафи ҳам мавжуд эди».


Самҳудийнинг «Хулосатул-вафо» китобларида, «654-ҳижрийда Масжиди Набавийда содир бўлган биринчи ёнғин пайтида ёниб кетган нарсалар ичида китоб ва мусҳафлар ҳам бор эди. Баъзи бир нарсалар ва Усмон Мусҳафидан бошқа ҳеч нарса омон қолмади»,— дейилади. Шунга биноан Усмон Мусҳафи шу санада Мадинада мавжуд эди, кейинчалик қаёққа кетгани маълум эмас. Баъзи бир замондошларимиз: «У то турклар Мадинадан 1334 йилда чиқиб кетгунларича мавжуд эди. Эҳтимол, Остона (Константинопол)га олиб кетилган бўлса керак»,− дейдилар.(«Тарихул-Қуръон» китоби)


Бош Мусҳаф

 

Ҳазрати Усмоннинг ўзларига хос бўлган Мусҳафга келадиган бўлсак, у тўғрида Шотибий Моликдан шундай ривоят қиладилар: «Мазкур Мусҳаф ғойб бўлган, у тўғрида машойихлардан ҳеч бир хабар ололмадик».


Ибн Қутайба: «Усмон (розияллоҳу анҳу) тиловат қилиб туриб, тепасида шаҳид бўлган Мусҳаф, кейинчалик ўғиллари Холидда эди, ундан сўнг унинг авлодларига қолди, улар эса бирин-кетин оламдан ўтиб кетдилар. Шомнинг баъзи машойихлари, Мусҳаф Тус заминида, дейдилар», − деб хабар беради.


Умар Ризо ҳазратлари «Қуръон нима?» номли китобларида шундай ёзадилар: «Бир ривоятда, Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг хос Мусҳафлари умавийлар қўлида эди, дейилган. Умавийлар Андалусга ҳижрат қилганларида уни ўзлари билан олиб кетган эдилар. Андалусда мусулмонлар давлати ағдарилгандан кейин Мусҳаф Фос (Мағриб)га олиб келинган».


Ибн Батутанинг айтишича, VIII ҳижрий асрда у Фосда мавжуд эди ва унда қон доғлари бўлган.


Самҳудий Мадина Мусҳафининг Усмон Мусҳафи эмаслиги тўғрисидаги ривоятнинг шарҳида шундай деган: «Мутақаддим (аввалги авлод)ларнинг ҳеч бири у тўғрида зикр қилганини кўрмадим, уларнинг ривоятлари ўша пайтда Мусҳафнинг масжидда бўлмаганини тақозо қилади. Ҳатто мутааххир (кейинги авлод)лардан биринчи бўлиб тарихни ёзган Ибн Нажжор асарларида ҳам у тўғрида зикр қилинганини кўрмадик».


Барзанжий ҳазратларининг «Нузҳатун-нозирин» китобидаги «Мадина тарихи» бобида шундай дейилади: Ҳозирги кунда Мадинада мавжуд бўлган Мусҳафни саййидино Усмонга нисбат қилинганини, Ал-Матарий ва ундан кейингиларнинг Масжиди Набавийнинг ўртасида бўлган қуббанинг биринчи ёнғиндан омон қолганлиги тўғрисидаги ривоятдан бошқа ривоятларда учратмадим».


Шом Мусҳафи

 

Ибн Касир ўзининг «Фазоилул-Қуръон» китобида (49-бет) «Бугунги кунда Усмон Мусҳафларининг энг машҳури Шомдаги Дамашқ жомеъининг шарқ томонидаги хонада сақланаётган Мусҳафдур. У қадимда Табарийя (Тивериада) шаҳрида эди, сўнгра тақрибан 518-йилда Дамашққа олиб келинган. Мен уни равшан сиёҳ ва чиройли ҳусни хат билан терига ёзилган катта, улуғ китоб эканлигини кўрдим. Бу туя териси бўлса керак, валлоҳу аълам», − деб ёзади.


Мавлоно Шибли Нуъмоний ўзининг «Таҳзибул-ахлоқ» китобида шундай дейди: «Абул-Қосим Сабтий Шом Мусҳафини 657-йилда умавийлар жомеъининг хонасида кўрган. Шунингдек, Ибни Абдулмалик уни 725-йилда кўрган эди».


Баъзи тадқиқотчилар бу (шомий) Мусҳаф бир қанча муддат Петербургда Русия подшоҳлари қўлида бўлиб, сўнгра Англияга олиб кетилган, кейинги тақдири нима бўлганини ҳеч ким билмайди, деган фикрга мойиллик билдирадилар. Кимки қўлёзма мусҳафлар ва улар ҳақида бирор манбаъга эга бўлган кутубхоналар тўғрисида чуқурроқ маълумот олмоқчи бўлсалар, Шуфан китобининг 10-жилдига мурожаат қилсин.(Профессор Субҳи Солиҳ. «Мубоҳасот фи улумил-Қуръон» (Қуръон илмлари тўғрисида баҳслар), 103-бет.)
 

Басра Мусҳафи

 

Ибн Батутанинг саёҳати тўғрисидаги китобда Басра шаҳри ҳақида шундай сатрлар бор: «Басра шаҳрида Али ибн Абу Толиб масжиди бор. Бир пайтлар у шаҳар ўртасида бўлиб, ҳозирда марказдан икки мил (1 мил-750 метр) узоқликдадир. Унда жумъа намозлари ўқилади ва икки жумъа орасида ёпиқ бўлади. Мазкур масжидда Усмон (розияллоҳу анҳу) тиловат чоғида қатл этилганларида қонлари томган Мусҳаф сақланади».


Шаҳобуддин Маржоний-Қозоний ҳазратлари, қироатлар хусусида тасниф қилганларнинг биринчиси Абу Убайд Қосим бин Саллом Бағдодийдур, иккинчиси Аҳмад бин Жубайр Куфий, дейдилар. Қироатлар хусусида ҳар бир юртдан биттадан имомни санаб бештага етказганлар. Булар аниқланган Мусҳафлар сонига мувофиқдур, чунки бошқа икки Мусҳаф тўғрисида ҳеч қандай хабар эшитилмаган.(«Вафийя»нинг муқаддимаси, 2-бет.)


Қоҳирадаги Усмон Мусҳафи

 

Қоҳирадаги «Саййидуно Ҳусайн» масжидида иккита қадимий мусҳаф бор. Улардан бири саййидуно Усмон (розияллоҳу анҳу) ва иккинчиси саййидуно Али (розияллоҳу анҳу)га тегишли деб ҳисобланади. Барзанжий айтадилар: «Қоҳирадаги Мусҳафда худди ҳозирги кунда Мадинаи мунавварада мавжуд бўлган Мусҳафдаги каби «фасаякфикаҳумуллоҳ» оятининг устида қон излари бор. Маккадаги Мусҳафда ҳам шундай. Бундан келиб чиқадики, кимдир атайлаб, мазкур оят устига, Бош Мусҳафга ўхшатиш мақсадида, қон изларини туширган. Ваҳоланки, ҳазрати Усмон қонларининг изи фақат битта Мусҳафда бўлган. Эҳтимол, булар Ибн Жубайр ривоятида айтилган, ҳазрати Усмон ҳар хил юртларга жўнатган Мусҳафларнинг баъзилари бўлса керак».


Шунингдек, Берлин музейида ҳам бир қадимий мусҳаф бор, яна бири Туркияда мавжуд. Мағриб подшоҳлари юришларда ҳазрати Усмон Мусҳафларини қўшиндаги биринчи туяга юклаб қўяр эдилар.(«Нафхут-тияб», 1-жилд, 263 -бет.)


Баъзи шарқшунос олимлар бир қанча тарихий ривоятларни тўплаганларки, уларни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Бу ривоятлар қадимги уламоларнинг Мусҳафларни ёки уларнинг сураларини мусулмон мамлакатларда кўрганликларини таъкидлайди. Мазкур шарқшунос олимларнинг бошида профессор Казимировни тилга олиш мумкин. Ушбу ривоятлардан биз Усмон Мусҳафларидан бири IV ҳижрий асрнинг бошларида мавжуд эканлигини билиб оламиз. («Мубоҳасот» 101-бет).

 

Шайх Исмоил Махдумнинг 
«Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи»номли китобидан

Ибратли ҳикоялар