Макка ва Мадина шаҳарларида жорий йилги ҳаж мавсуми жиддий, нохуш ҳодисаларсиз якунига етди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мино водийсида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
Зиёратчиларнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун нафақат Ички ишлар вазирлиги, балки фуқаро мудофааси ва куч тузилмаси ходимлари ҳам жалб этилди. Мавсум давомида офтоб уриши ва қаттиқ чарчаш туфайли тиббий ёрдам сўраб 10 мингта мурожаат бўлди.
Жорий йилда Саудия Арабистонига ҳаж зиёрати учун 2 миллиондан ортиқ киши келди. Улардан 90 фоизи бошқа мамлакатлардан келган, дея хабар бермоқда “Россия 24”га таяниб Azon интернет нашри.
ЎМИ Матбуот хизмати
Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.
ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.
Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.
Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."
Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.
Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати