Макка ва Мадина шаҳарларида жорий йилги ҳаж мавсуми жиддий, нохуш ҳодисаларсиз якунига етди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мино водийсида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
Зиёратчиларнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун нафақат Ички ишлар вазирлиги, балки фуқаро мудофааси ва куч тузилмаси ходимлари ҳам жалб этилди. Мавсум давомида офтоб уриши ва қаттиқ чарчаш туфайли тиббий ёрдам сўраб 10 мингта мурожаат бўлди.
Жорий йилда Саудия Арабистонига ҳаж зиёрати учун 2 миллиондан ортиқ киши келди. Улардан 90 фоизи бошқа мамлакатлардан келган, дея хабар бермоқда “Россия 24”га таяниб Azon интернет нашри.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига қувонч улашишга қаратилган саховат тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов тадбирда иштирок этиб, болажонларга самимий тилаклар билдирди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти филиали кўмагида 35 нафар боланинг ҳар бирига велосипед ва турли совғалар берилди. Шунингдек, тадбирда саховатпеша ҳомийлар томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, болажонлар учун кўнгилочар ва байрамона дастур ташкил этилди.
Бундай хайрли ташаббуслар юртимизда инсон қадри, оила ва болалар манфаатларига юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Саховат тадбири болажонларга унутилмас қувонч бағишлаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати