Бисмиллаҳдан бошладим, сизлар учун бир ҳикмат,
Фақирларга башорат, оқил учун бир ибрат.
Ийд Қурбон келганда, Росулуллоҳ чоғланди,
Сўймоқ учун икки қўйнинг, оёқлари боғланди.
Оқибатин билмасдан, аҳли нодон сўзлари,
Керакмиди шу ишлар? Фақир бўлса Ўзлари,
Ҳаловат йўқ тоатда, бизлар дунё ғамида,
Ҳавотирда Мустафо, айтинг кимнинг ғамида.
Кўзни очинг мўминлар, ҳикматдур ҳар ишлари,
Ўзларин ўйламаслар, умматдур ташвишлари.
Фақирларга ҳушхабар, ҳавас қилар бойлар ҳам,
Йиғлаб ҳавас қилгайдур, юзлаб қўй сўйганлар ҳам.
Асли баён шундадир, Муборак қўллар билан,
Сўйдилар икки қўйни, ихлос муҳаббат билан.
Сўнгра дуо қилдилар: Хожамсанку ягона,
Битта қўйни ўзимдан, қабул айла Роббана.
Яна дуо қилдилар, Ҳақга нола қилдилар,
Уммат учун чекиб ғам, қалбни вола қилдилар.
Дуо қилар тўкиб ёш, эшитган қилмас бардош,
Кимлар учун қайғурди, англагин эй! Бағритош.
Қиёмат тонг отгунча, эҳсоним бўлса мақбул,
Барча фақир номидан, бағишладим эт қабул.
Дуо кетди Росулдан, Охир замон бўлгунча,
Ноумид бўлманг фақирлар, имкон сўранг ўлгунча.
Мен ҳам фақир ва мискин, лекин қалбим юмшамас,
Тоатларим кўз кўзга, ибодатга ўхшамас.
Я Роббана насиб қил, Ҳабибинг эҳсонидан,
Сўраб ҳаё қиларман, дуойим нуқсонидан.
Раҳматингни чеки йўқ, менда зарра гумон йўқ,
Хос умматин қилмоқга, Сендан бошқа умид йўқ.
Жиззах шаҳар "Имом Бухорий"
жоме масжиди, имом ноиби
Ҳалилов Умиджон Абдулҳаким хожи ўғли.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ