Бисмиллаҳдан бошладим, сизлар учун бир ҳикмат,
Фақирларга башорат, оқил учун бир ибрат.
Ийд Қурбон келганда, Росулуллоҳ чоғланди,
Сўймоқ учун икки қўйнинг, оёқлари боғланди.
Оқибатин билмасдан, аҳли нодон сўзлари,
Керакмиди шу ишлар? Фақир бўлса Ўзлари,
Ҳаловат йўқ тоатда, бизлар дунё ғамида,
Ҳавотирда Мустафо, айтинг кимнинг ғамида.
Кўзни очинг мўминлар, ҳикматдур ҳар ишлари,
Ўзларин ўйламаслар, умматдур ташвишлари.
Фақирларга ҳушхабар, ҳавас қилар бойлар ҳам,
Йиғлаб ҳавас қилгайдур, юзлаб қўй сўйганлар ҳам.
Асли баён шундадир, Муборак қўллар билан,
Сўйдилар икки қўйни, ихлос муҳаббат билан.
Сўнгра дуо қилдилар: Хожамсанку ягона,
Битта қўйни ўзимдан, қабул айла Роббана.
Яна дуо қилдилар, Ҳақга нола қилдилар,
Уммат учун чекиб ғам, қалбни вола қилдилар.
Дуо қилар тўкиб ёш, эшитган қилмас бардош,
Кимлар учун қайғурди, англагин эй! Бағритош.
Қиёмат тонг отгунча, эҳсоним бўлса мақбул,
Барча фақир номидан, бағишладим эт қабул.
Дуо кетди Росулдан, Охир замон бўлгунча,
Ноумид бўлманг фақирлар, имкон сўранг ўлгунча.
Мен ҳам фақир ва мискин, лекин қалбим юмшамас,
Тоатларим кўз кўзга, ибодатга ўхшамас.
Я Роббана насиб қил, Ҳабибинг эҳсонидан,
Сўраб ҳаё қиларман, дуойим нуқсонидан.
Раҳматингни чеки йўқ, менда зарра гумон йўқ,
Хос умматин қилмоқга, Сендан бошқа умид йўқ.
Жиззах шаҳар "Имом Бухорий"
жоме масжиди, имом ноиби
Ҳалилов Умиджон Абдулҳаким хожи ўғли.
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби